ҚИШЛОҚЛАРИМИЗ ЧИРОЙ ОЧМОҚДА

Янгиликлар ҳамиша янги ҳаёт дебочаси бўлади, - деганларидек, айни кунларда туманимиздаги "Пичоқчи" маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган  қатор ўзгаришлар жадал амалга оширилмоқда. Жумладан, Тўртайғир, Пичоқчи ва Юқори Карки қишлоқлари кўчаларига асфальт ётқизилмоқда. Шу йил Пичоқчи қишлоғида жойлашган маҳалла биноси  қайта таъмирдан чиқарилди, маҳалла аҳолиси учун спорт мажмуаси ишга туширилди. 
Бундан ташқари, маҳалла раиси Р.Ҳусанов раҳбарлигида аёллар ва ёшлар дафтарига киритилган кам таъминланган фуқаролар учун моддий  ёрдамлар кўрсатилди. Шу жумладан, ёшлар дафтарига киритилган 52 нафар   ёшларга  ёрдам пуллари чиқарилди, 16 нафар тадбиркор ёшлар ўз соҳалари бўйича асбоб-ускуна билан таъминланди,  8 нафар ёшларга 15 сотихдан ер ажратилди,  5 нафар талаба ёшларнинг  тўлов шартнома пули тўлаб берилди, 5 нафар ишсиз ёшлар доимий иш билан таъминланди, 4 нафар ёшлар касбий маҳоратини ошириш мақсадида ўқув курсларига йўналтирилди ва 1 нафар йигит маҳалла ҳисобидан  ҳарбий хизматга юборилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Аҳоли саломатлигини янада яхшилаш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида қишлоқ врачлик пунктининг кўчма биноси Ўрта Карки қишлоғида ўрнатилди.
Маҳалладаги йилнинг энг қувонарли янгиликларидан яна бири Пичоқчи қишлоғида жойлашган  30-умумтаълим мактаб биноси қайта таъмирдан чиқарилганлигидир. Жами ер майдони 320 сотихни ташкил этувчи ушбу мактаб маҳалладаги 600 нафар болаларни ўз бағрига олган. Бугунги кунда қурилиш ишлари тўлиқ тугалланиб,  фойдаланишга топширилган. Мактаб директори   А.Асроров раҳбарлигидаги жонкуяр ўқитувчилар жамоаси ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия бериб келишмоқда.  
Умуман олганда, биз юқорида санаб ўтган   ўзгаришлар ҳаммаси эмас. Бу каби ижобий янгиликлар бардавом бўлишини, қишлоқларимиз бундан-да чирой очиб, халқимизнинг турмуш тарзи янада гуллаб-яшнашини кутиб қоламиз.
Зарнигор ЭШМИРЗАЕВА,
  30-умумий ўрта таълим  мактабининг  
ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.