Табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчилари диққатига!

2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумини ҳар хил кўнгилсиз ҳодисаларсиз, беталафот ўтказиш мақсадида аҳолидан табиий ва суюлтирилган газдан ҳамда унга уланувчи газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя қилиш талаб этилади. Жумладан:
- газ анжомлари ўрнатилган хонадаги дудбўронларнинг тутун йўлини асло тўсиб қўйманг;
- қиш мавсуми олдидан дудбўронларни ёнғинга қарши курашиш жамияти ходимлари назоратидан ўтказинг;
- қўлбола газ ускуналаридан фойдаланманг;
- газ ускуналарини резина шланг ор-қали улаб фойдаланманг;
- газ ускуналарини узоқ вақт ёниқ ҳолда қаровсиз қолдирманг;
- вояга етмаган фарзандларингизни, шунингдек ўз хатти-ҳаракатларини назорат қила олмайдиган ва газ асбобларидан фойдаланиш қоидаларини билмайдиган шахсларнинг газдан фойдаланишига йўл қўйманг;
- хоналарни иситиш мақсадида қўлда тайёрланган ҳар хил ностандарт газ печларидан ва ясама газ сўрғичлардан фойдаланманг;
- газ плиталари устига арқончалар боғлаб кир қуритманг;
- табиий газ тармоқдан ўчирилганда барча газ ускуналаридаги жўмракларни беркитинг;
- хонадонингиздаги мавжуд синовдан ўтмаган газ баллонларидан фойдаланманг;
- носоз газ плиталаридан, суюлтирилган газ баллонини газ плитасига улаш учун махсус шланглардан икки томони хамут билан қисилган ҳолда фойдаланинг;
- газ плитаси ва газ баллони ўрнатилган хонада ухламанг ва хонани тез-тез шамоллатиб туринг ҳамда ёш болаларни газ ускунасини ёқишига йўл қўйманг;
- газ ускуналарини ёниқ ҳолда қаровсиз қолдирманг;
- газ сизиб чиқаётганлигини гугурт чақиб текшириб кўрманг;
- газ сизиб чиқаётган жойни совунли сув кўпиги ёрдамида ҳосил бўлган пуфаклар орқали аниқлаш лозим;
- хонада газ ҳиди сезилганда дар-ҳол газ ускуналаридаги жўмракларни беркитинг ҳамда дераза ва эшикни очиб хонани шамоллатинг. Тезда "104" қисқа рақамли авария-диспетчерлик хизматига қўнғироқ қилинг.
Ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида аҳоли томонидан хонадонлардаги ёз мавсумида ишламай турган иситиш жиҳозлари (иситиш печлари, сув иситиш қозонлари, АГВ, АКГВ ва бошқа жиҳозлар) ишга туширилади. Лекин аксарият ҳолларда фуқаролар томонидан ускуналарни ишлатиш йўриқномаси талаблари ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаслиги оқибатида кутилмаган кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқиши мумкин.
Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда куз-қиш иситиш мавсумида содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ. Маълумки, табиий газ - бу асосан 98 % метан (СН4) ҳамда 2% бошқа оғир углеводлардан иборат бўлган газдир. Табиий газ портловчи ва ёнувчи газдир. Ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, заҳарли бирикма бўлиб, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, ўтин чўғларининг тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ҳосил бўладиган углевод ва кислороддан иборат кимёвий модда ҳисобланади. Тутун таркибида 3%, ишланган газда 13%, портловчи газлар таркибида эса 50-60 % гача ис гази бўлади.
Ис газидан шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда, автоуловлар турар жойларида, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда ва печка билан иситиладиган уйлар, ҳаммомларда, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиш мумкин.
Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Ушбу газ гемоглабин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарига кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксияга олиб келиши ҳамда шу тариқа инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.
Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келади:
- фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
- ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
- иситиш печларининг дудбўронларини нотўғри ўрнатиш;
- газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
- ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
- ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.
Юқорида кўрсатиб ўтилган сабабларга кўра, иситиш учун фойдаланилаётган ёқилғи (газ, кўмир, ўтин ва бошқа)ларни чала ёниши натижасида ис гази ҳосил бўлади. Ис газидан заҳарланишдан огоҳ бўлинг ва ушбу сабабларнинг келиб чиқишига йўл қўйманг. Кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида, табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қилишингиз сўралади. Газ ускуналаридан бехатар фойдаланиш ва уларни нормал иш ҳолатида сақлаш хонадон эгалари зиммасига юклатилади. (Ўзбекистон Республикаси газ хўжалиги хавфсизлик қоидаларининг 1, 4, 13-бандига асосан).
«ОҚДАРЁТУМАНГАЗ»
 ТАЪМИНОТИ БЎЛИМИ.