Таклиф ва танқид
Тилга ихтиёрсиз - элга эътиборсиз
"ОРЗОН МАРКЕТ"МИ ЁКИ
АРЗОН...
Мамлакатимиз бўйлаб айни кунларда ўзбек тилининг янги алифбоси лойиҳаси халқимиз томонидан ҳар томонлама кенг ва атрофлича муҳокама қилинмоқда. Дарҳақиқат, жонажон она тилимизнинг софлигини сақлаб қолиш, дунё миқёсидаги нуфузини янада ошириш юртимизда яшаб турган ҳар бир фуқаронинг бугунги кундаги саъй-ҳаракатига, жамиятимиз ривожланиши йўлидаги фаоллигига боғлиқ эканлигини асло унутмаслигимиз керак.
Айниқса, бу борада тадбиркорлик билан шуғулланувчи шахслар томонидан давлат тили қонун ва қоидаларини тўлиқ билмаслик, унинг бузилишига йўл қўйиш ҳолатлари ҳамон учраб турганлиги жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Туманимиздаги аксарият дўконларнинг пешлавҳалари ҳамда реклама ва эълонларидаги ёзувларда хато-камчиликларга йўл қўйилаётганлиги кечириб бўлмас ҳолатдир. Негаки, бу бир томондан саводсизликни англатса, иккинчи томондан она тилимизга, халқимизга бўлган ҳурматсизликни ҳам билдиради.
Ушбу суратга бир назар ташланг. Пешлавҳада 2 та имло ("mahsulotlari"да h ўрнига х ҳарфи қўлланилган, "ARZON" ўрнига "ORZON" деб ёзилган) хатога йўл қўйилган бўлса, "OPTOM UN" деган ёзувда давлат тили қоидаларига амал қилинганлигини қандай баҳолаш мумкин?
Шу ўринда ўзбек тилининг асосчиси, маърифатпарвар шоир Алишер Навоий бобомизнинг бундан беш аср илгари айтилган, лекин бугунги кунда ҳам юксак қадр-қимматини асло йўқотмаган ушбу пурмаъно нақлни келтириб ўтишимиз жоиздир: "Тилга ихтиёрсиз - элга эътиборсиз". Энг асосийси, туманимизнинг кўрки ва юзи ҳисобланган марказий кўчалардаги бу каби хато ва камчиликларга йўл қўйилиши Давлат тили ҳақидаги қонунга риоя қилмасликдан бошқа нарса эмас. Шундай экан, Давлат тилининг бузилишига, унга нисбатан ҳурматсизлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Бу соҳага масъул бўлган мутасаддилардан эса тадбиркорлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш борасидаги амалий жавобларини кутиб қоламиз.

Дўст ачитиб айтади...
- 02 апр, 11:21

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22

ОНА ТИЛИНИ ҲУРМАТ ҚИЛГАН АВЛОДНИНГ ЭРТАСИ БУЮК БЎЛАДИ
- 29 окт, 12:23