ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИ ТУМАН ҲУДУДИДАГИ БАРЧА ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРГА ТЕГИШЛИ БЎЛГАН ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ 2023 ЙИЛДА МАЖБУРИЙ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сонли "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низоми ижросини таъминлаш мақсадида "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунининг 6-моддасига асосан
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
2. Мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича "Комиссия"нинг таркиби 1-иловага, мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолияти билан шуғулланувчи енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари - бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганига олти йилдан кўп бўлмаган юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари (мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари), шунингдек, ишлаб чиқарилганига ўн бир йилдан ўн тўрт йилгача (ўн тўртинчи йили ҳам) бўлган жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги транспорт воситалари (мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилганига олти йилдан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари, ишлаб чиқарилган вақти аниқ бўлмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари), шунингдек, ишлаб чиқарилганига ўн беш йил ва ундан ортиқ бўлган жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги транспорт воситалари (мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - бир йилда бир марта;
г) тиркамалар техник кўрикка транспорт воситаси - шатакчи учун белгиланган муддатларда;
- ишлаб чиқарилганига ўн йилгача (ўнинчи йили ҳам) бўлган жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги транспорт воситалари (мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) техник кўрикдан ихтиёрий равишда ўткази-лади.
4. Низомнинг 5-банди "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи маротаба 1 мартдан 30 июнгача;
иккинчи маротаба 1 сентябрдан 31 октябр-гача;
жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январдан 31 декабргача ўтказилсин.
5. Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш туман комиссияси раҳбарига:
транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;
транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сонли қарорига асосан "Транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналарининг мувофиқлиги"ни баҳолаш учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органи томонидан ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъий назар, вазирликлар ва идораларнинг, бошқа ташкилотларнинг, шунингдек, "аккредитация маркази" хусусий техник хизмат кўрсатиш стансияси шартнома асосида ҳал этилиши мумкин. Жисмоний шахсларга тегишли бўлган М1 тоифадаги транспорт воситалари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сонли қарорига асосан техник регламентлар ёки стандартлар талабларига, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига мувофиқлиги тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар томонидан баҳоланиши мумкин.
6. Тумандаги барча транспорт воситалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда техник кўрикдан ўтказилиши, уларнинг техник жиҳатдан созлигини ва ўз вақтида режа жадвал асосида кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сонли "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг 3-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ички ва соқчилик қўшинлари, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши инобатга олинсин.
8. Транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилганлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сон қарори билан тасдиқланган "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомига мувофиқ йиғим ундирилсин.
9. Оқдарё тумани ҳокимининг 2021 йил 20 декабрдаги 94-7-92-Қ/21-сонли қарори 2023 йил 1 январдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосари Б.Аролов зиммасига юклатилсин.
11. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирсин.
Туман ҳокими:          Ш. ҚУДРАТОВ.
2022 йил 19 декабрь.