Йўл безорилари жазоланди

Судланувчи Абдуллаев Фурқат (исми-шарифи ўзгартирилган) 2022 йил 4 июль куни маҳалладош дўсти Фирдавснинг никоҳ тўйи бўлганлиги сабабли Оқдарё туманига келади. Шу куни соат 12:00 лар чамасида таниши судланувчи С.Зокиров билан биргаликда унинг бошқарувида бўлган "Нексия-3" русумли автомашинасида Иштихон туманига қайтиб кетмоқчи бўлади. Улар йўлда кетаётган вақтида Оқдарё тумани, "Ойтамғали" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи "Самарқанд-Бухоро" М-37 автомобиль йўлининг 45-километрида уларга олдиндан нотаниш бўлган, кортеж йўлнинг қатнов қисмида эркин ҳаракатланишни чеклаганлиги сабабли қувиб ўтмоқчи бўлган "Дамас" русумли автомашина ҳайдовчиси билан ўзаро келишмовчилик юзага келади. Бир йўналишда кетаётган икки ҳайдовчи имо-ишоралар орқали бир-бирини камситиб, ҳақоратлай бошлашади. Йўлнинг қайрилиш жойида чап томонга қайрилиб олмоқчи бўлган "Дамас" автомашинасини ёнига "Нексия-3" русумли автомашинаси ҳам тўхтайди. Абдуллаев Фурқат магистраль йўлининг икки томонлама ҳаракатни ажратиб турувчи бетон тўсиқлар олдида ҳар иккала қатнов бўлакларида ҳаракатланувчи автомашиналарга хавф туғдиради. Йўл-ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига қасддан риоя қилмасдан, таниши С.Зокиров билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, "Дамас" автомашинасини ҳайдовчиси Расулов Аброр ҳамда йўловчилар Диёр, Каримларни ҳам ҳеч бир сабабсиз уриб-дўппослаб, уларга "енгил соғлиқнинг бузилишига сабаб бўлган тан жароҳати" етказиб, безорилик содир қилишади. Суд ҳукмига кўра икки йўл безорилари қилмишига яраша жазоланишди.

Судланувчи Абдуллаев Фурқатга Ўзбекистон Республикаси ЖК 277-моддаси 2-қисмининг "а,б" бандлари билан 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Судланувчи С. Зокировга эса Ўзбекистон Республикаси ЖК 277-моддаси 2-қисмининг "а,б" бандлари билан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Б.Нарбаев,

  туман прокурори ўринбосари, адлия кичик маслаҳатчиси.