Тарихий хотирасиз келажак йўқ МИЁНҚОЛ ЎҒЛОНЛАРИНИ ХОТИРЛАБ

9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан барча таълим даргоҳлари сингари тумандаги 11-умумтаълим мактабида ҳам бир қатор тадбирлар, жумладан, спорт мусобақалари бўлиб ўтди. Ана шундай тадбирлардан бири мактабнинг 7-8  синфларида таҳсил олаётган тарих фанига қизиқувчи ўқувчилар томонидан тайёрланди.
"Тарихий хотирасиз келажак йўқ" - тадбирнинг асосий шиори бўлди. Ўқувчилар энг аввало туғилиб, вояга етган она қишлоқлари тарихи ҳақида тўплаган билимларини баён этдилар: "Миёнқол" маҳалласи 6 та қишлоқни ўз ичига олади. Бу қишлоқлар - Оқбўйра, ўулва, Чайкал, Жин, Қўлтон, Кўксоқол қишлоқларидан иборат. Маълумки, ҳар бир қишлоқ ўзига хос тарихга эга. Қарийб бир ой давомида ўқувчилар архив маълумотлари, илмий нашрлар ва қишлоқлардаги кўпни кўрган отахон-у онахонлардан эшитган маълумотларини ўқиб эшиттирдилар. Жумладан, Оқбўйра қишлоғи номининг келиб чиқиши ҳақидаги афсона-ю ҳақиқатларда баён этилишича, қадимдан шу ерлик аҳоли қамишдан бўйра тўқишган бўлиб, қишлоқнинг номи шундан келиб чиққан.  Яна бир қишлоқлардан Жин қишлоқ тарихи доим барчани сергакликка тортадиган номлардан, десак янглишмаймиз. Ушбу ном "Жинлар яшайдиган жой" эмас экан. Бу ҳақда ҳам "Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати"да келтирилишича, "жиндек, кичик" қишлоқча деган маънони билдирар экан.
Бу кўҳна дунё яралибдики, ер юзида ҳаёт гули - Ҳазрати инсон яралибди. Хотира бор, меҳр-муҳаббат бор. Демак, Қадр бор. Мактаб ўқувчилари бу гал Ватан озодлиги йўлида қаҳрамонларча курашиб, уруш ўчоқларида вафот этган маҳалламиз ўғлонлари ҳақида маълумотлар бердилар. (Маълумотлар 1994 йил Ибн Сино нашриёти томонидан чоп этилган Самарқанд вилояти Хотира китобидан олинди).
1.      Арзимуродов Облоберди - 1916 йил Чайкал қишлоғида туғилган, оддий аскар, 1943 йил ҳалок бўлган.
2.      Жўрақулов Хўжақул - 1913 йилда Чай-кал қишлоғида туғилган, оддий аскар, ҳалок бўлган.
3.      Жуманов Сайфулла - Чайкал қишлоғида туғилган, оддий аскар, ҳалок бўлган.
4.      Мамадалиев Жамол -  1909 йилда Чай-кал қишлоғида туғилган, оддий аскар, ҳалок бўлган.
5.      Мирзаев Нарзи - 1921 йилда Чайкал қишлоғида туғилган, оддий аскар, ҳалок бўлган.
6.      Хўжаназаров Эшназар - 1909 йилда Чайкал қишлоғида туғилган, оддий аскар, ҳалок бўлган. 
7.      Қултоев Нафас - 1912-йилда Чайқал қишлоғида туғилган, оддий аскар, 1943 йилда ҳалок бўлган.
8.      Қултоев Қурбон - 1910 йилда Чайкал қишлоғида туғилган, оддий аскар, 1944 йилда ҳалок бўлган.
9.      Жалилов Сайфи - 1921 йил Чайкал қишлоғида туғилган, оддий аскар, 1944 йилда ҳалок бўлган. Бресловск тумани, Регани қишлоғида дафн этилган.
10. Санаев Маҳмуд - Жин қишлоғида туғилган, оддий аскар, ҳалок бўлган. 
11. Тўраев Олим - Оқбўйра қишлоғида туғилган, оддий аскар, 1943 йилда ҳалок бўлган.
12. Шарофутдинов - 1915 йилда ўулва қишлоғида туғилган, оддий аскар, ҳалок бўлган.
Юқорида номлари келтирилган ҳамқишлоқларимизнинг ўлмас хотиралари қалбимизда мангу яшайди. 
Шундан сўнг тадбирнинг асосий қаҳрамони, Миёнқол фарзанди, тарихчи Комилжон Пардаевнинг "ХVI-XVIII асрларда      Миёнқол" номли асари юзасидан китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу китоб 2014 йил "Турон-Замин" нашриётида нашрдан чиққан. Муаллифнинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлайдиган бўлсак, ўз даврида Са-марқанд бахшичилик мактабида ўчмас из қолдирган Дўстёр ўғли Парда шоир авлодларидан бўлган тарихчи Комил Пардаев 1971 йил 3 ноябрда Оқдарё тумани ўулва қишлоғида туғилган. Отаси Пардаев Карим бобо колхоз фермасида ишлаган, онаси Хуррамова Турсуной Оқбўйра қишлоғидан бўлиб, жуда зийрак, доно ва гўзал аёл бўлган. Комил Пардаев ёшлигидан кучли хотира эгаси бўлган, диний ва дунёвий илмларга жуда қизиққан ва бир ўқишдаёқ ёдлаб олган. Қадимий тарихга эга Эшон-қишлоқ масжиди ҳам унинг диний билимларини шаклланишида пойдевор бўлган, ёшлигидан Қуръонни ёд олган. Ўз даврида жоме масжиди вазифасини бажарган масжидда ҳайит намозларида қорилик қилган. Қуръон тиловат қилганда овози жуда ширали, ҳаммани беихтиёр диққатини торта олган. Отаси Карим бобонинг таъкидлашича, ўғлининг чуқур илм соҳиби бўлишида отасининг - Парда шоирнинг шеърлари, ҳаёт сабоқлари ҳам сабабчи бўлган. Лекин муаллифда тарихга бўлган қизиқиш кучлилик қилган. Тумандаги 11-мактабда таҳсил олган, ўз даврида энг яхши устозларидан   Мейлиева Сайёра бошланғич синф ўқитувчиси бўлган. Устозидан шогирди ҳақида хотираларини сўраганимизда, доим олдинги парталарида ўтиришини, дарсларни жон қулоғи билан тинглашини айтди. Шунингдек, у аълочи ва талабчан ўқувчи бўлган: "Устоз мен яхши ўқувчиман-а", деб такрор-такрор сўраган, ҳуснихати ҳам жуда чиройли бўлган. Мактабни тамомлаб 1977 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Тошкент Давлат Университети тарих факультетига ўқишга кирган. Ўқиш жараёнида ўша вақтларда фаолият кўрсатган Чкалов номидаги Авиация бирлашмасида ишлаган. 1999 йил Университетни имтиёзли диплом билан битириб, Тошкент Давлат Техника университетида фалсафа кафедрасида доцент бўлиб ишлаган. Қирқдан ортиқ илмий мақолалар, ўқув услубий қўлланмалар муаллифи эди. Ўз устида тинмай ишлаб, тарих фанлари номзоди, доцент илмий даражасига эришган. Оилали, 3 нафар фарзанди бор. Катта ўғли Муҳаммади "Артел" фирмасида ишлайди, қизи Муниса отасининг изидан бориб Ўзбекистон Миллий университети фалсафа факультетида таҳсил олмоқда. Кичик ўғли Дўстёр мактабда ўқийди. Тарих фанлари номзоди, доцент Комилжон Пардаев профессорлик илмий даражасини ҳимоя қиламан деган чоғларда - 2019 йил 22 декабрда бешафқат ўлим уни орамиздан олиб кетди. Қабри Эшонқишлоқ қабристонида. Айни пайтда оиласи Тошкент шаҳар Яшнобод туманида яшайди. Пардаев Комилжон Тошкентда яшаса-да, қишлоққа бўлган меҳр-муҳаббати умрининг сўнгги кунларига қадар уни тарк этмади. Қишлоққа келган кезлари шаҳарга сира кетгиси келмас, қишлоғининг ҳавоси-ю, сувларининг ажойиблигини бот-бот такрорларди.
9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мактабимизда ташкил этилган тадбир Миёнқолнинг мана шундай забардаст ўғлонлари, суронли йилларда бизнинг бахтли келажагимиз, тинч ҳаётимиз учун ўз жонларини қурбон қилган юртдошларимиз, шоир-у, олимларимизнинг порлоқ  хотирасига бағишланди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари томонидан йиғилган тарихий кашталар, либослар, пуллар ва тангалар, уй-рўзғор буюмлари, расмлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Айниқса, Парда шоирнинг невара-чеваралари, эвараларининг ушбу тадбиримизга таклиф этилганлиги барчада қизиқиш уйғотди. Парда шоирнинг неваралари Каримова Хосият, Пардаева Роҳатойлар шоирнинг шеърларидан, миллий қўшиқ ва лапарларимиздан ижро этишди.
Шунингдек, тадбирда 8 "Б" синф ўқувчиси Раҳмонова Бахтинисо нурободлик шоир Шавкат Бобомурод қаламига мансуб "Оқдарё" қўшиғини ижро этди. Куй ва қўшиқлар рақсларга уланиб кетди. Байрамона, кўтаринки руҳда ўтган тадбирда мактаб директори З.Давронов мактабга ташриф этган меҳмонлар билан давра суҳбати ўтказди. Ушбу тадбир мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар ҳамда ташриф этган меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Феруза РАҲИМОВА,
 11-мактабнинг география фани ўқитувчиси,
 "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони соҳибаси. 
Мавзуга оид: