МАКТАБЛАРДА "СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ" САДОЛАРИ ЯНГРАДИ

Мамлакатимиздаги барча умумтаълим даргоҳларида 25 май куни "Cўнгги қўнғироқ"лар янграб, қадрдон мактаб ва меҳрибон устозлар билан хайрлашув тадбирлари ўтказилди. Ушбу қувончли ва ғоят ҳаяжонли дамларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Умумий ўрта таълим мактаблари ёшларига йўллаган байрам табриги нафақат мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларига, балки уларнинг ота-оналари, барчаю барчага олам-олам қувонч бахшида этди:
- Қадрли фарзандларим!
Аввало, мана шу қувончли айёмда етуклик шаҳодатномасини қўлга олиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётганингиз билан барчангизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. 
Сизлар орзиқиб кутган 25 май санасида мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд мактабларда "Сўнгги қўнғироқ"лар янграб, қарийб 392 минг нафар ёшларимиз қадрдон мактаблари, меҳрибон устозлари билан хайрлашмоқда. Айниқса, 12 мингдан ортиқ битирувчиларимиз ўқишни олтин, 2 мингдан зиёди кумуш медаль билан якунлаётгани байрам шукуҳини янада оширмоқда.
Албатта, буларнинг барчаси нафақат сиз, азиз фарзандларимиз, балки биз - ота-оналар, устоз-мураббийлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеалардир.
Сизларни замонавий таълим олиб, касб-ҳунар ўрганиб, жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашингиз учун янгиланган Конституциямизда белгиланган беқиёс имкониятлар кутмоқда.
Ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини Ватанимизга муносиб фарзанд бўлишдек мақсадларга сарфлашга бел боғлаган сиз каби ёшлар - янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир.
"Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги барча умумтаълим мактабларида ҳам кўтаринки кайфият ва байрамона руҳда ўтказилди. 
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари тизимидаги Оқдарё туман ихтисослаштирилган мактабида ҳам "Сўнгги қўнғироқ" тадбири кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Унда туман ҳокими Шерзод Қудратов иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, тадбирда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шокир Султонов иштирок этиб, битирувчиларга келгуси ўқишларида омад ва зафарлар тилади.
Тадбирда ўқув йилида юқори натижаларга эришган фаол устозлар ва ўқувчилар, ота-оналарга туман ҳокими томонидан сертификат ва ташаккурномалар топширилди. 
25 май - "Сўнгги қўнғироқ" тадбири тумандаги 32-умумтаълим мактабида ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Ушбу тадбир билимга чанқоқ, беғубор орзулар қанотидаги ёшлар ва меҳридарё устозлар, фарзандлари камолини  кўриб қувонаётган ота-оналар ва набираларига оқ йўл тилаб, дуо қилаётган отахон-у онахонларимиз учун чин маънодаги байрамдир.
32-мактабда ўтказилган "Сўнгги қўнғироқ" тадбирида туман ҳокими Шерзод Қудратов ҳамда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими  бошқармаси бошлиғи Шокир Султоновлар иштирок этиб, йиғилганларни ушбу унутилмас кун билан табриклашди ҳамда фаол ўқитувчи ва ўқувчиларга мақтов ёрлиғи ҳамда ташаккурномаларни топширдилар.
4-умумтаълим мактабида вазирлик тавсияси асосида 1-4, 9-11-синф ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари иштирок этган "Сўнгги қўнғироқ" тадбири давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг битирувчи ёшларга табриги ўқиб эшиттирилди. Йил давомида аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар тақдирланиб, рағбатлантирилди. 
Тадбир давомида мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, шунингдек, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига "Энг фаол ота", "Жонкуяр она", "Масъулиятли ота-она", "Аълочи ўқувчи отаси", "Билимли қиз онаси" каби номинациялари бўйича ташаккурномалар топширилди.
56-мактабда ҳам "Сўнгги қўнғироқ" тадбири "Илмни қадрланг, илмга интилинг" шиори остида кенг нишонланди. Тадбирни мактаб директори К.Каримов кириш сўзи билан очди ҳамда Президентимизнинг мактаб битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттириб, мактаб битирувчиларига ҳаёт сўқмоқларида қоқилмасликни, ўз олдига қўйган мақсадларига эришишда катта куч-ғайрат тилади. 
Тадбирда мактаб ўқувчиларини табриклаш учун мактабнинг фахрий ўқитувчилари ҳамда ота-оналар сўзга чиқишиб табриклашди. Ўқувчилар томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.
30- умумтаълим мактабида бўлиб ўтган "Сўнгги қўнғироқ" тадбирида туман ҳокимлигидан вакиллар ҳамда нафақадаги фахрий меҳмонлар иштирок этишди. Тадбирда мактаб директори         А.Асроров Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг умумтаълим мактаблари битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ва мустақил ҳаётга илк қадам қўяётган ёшларга оқ йўл тилади. 
Мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари ўзларининг бадиий чиқишлари билан тадбирга байрамона руҳ бағишлаб, илму фанни ўргатган устозларига қалб сўзларини изҳор қилишди. Битирувчилар орасида намунали хулқи ва аъло баҳоларга ўқиб, туман вилоят миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ва танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаган ўқувчилар, ўқитувчилар туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, вилоят,туман ҳокимликлари томонидан тақдирланишди.
Барча жойда бўлгани сингари 15-мактабда ҳам мактаб   битирувчилари билан хайрлашув тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда 4-9-синф ўқувчилари 11-синфни битираётган ака-опаларини мустақил ҳаётга қадам қўяётганлиги билан табриклаб, келгусидаги ўқиш-ишларига омадлар тилашди.
Ўқувчилар мактаб маъмурияти томонидан йил давомида фаоллиги, намунали ҳулқи, ўқишдаги ютуқлари инобатга олинган ҳолда тақдирландилар. Фахрий устозлар ҳам тантанали тарзда тақдирланишди.
Бир сўз билан айтганда, туманимиз мактаблари узра жаранглаган сўнгги қўнғироқ садолари келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларимизни янги мақсадлар ва юксак орзулар сари дадил қадам ташлашга ундади.
Мустақил ҳаётдаги қадамларингиз қутлуғ ва баракали бўлсин, азиз ёшлар!
Ўз мухбиримиз.