Инсон хотираси азиз ОҚДАРЁНИНГ ФИДОЙИ ФАРЗАНДИ ЭДИ

Ўтган шанба куни "Устоз" сиҳатгоҳида "Нуроний" жамғармаси туман бўлими ташаббуси билан Оқдарёнинг фидойи фарзанди, халқ таълми аълочиси Жамол Исроилов хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди.
Бу инсон ҳақида тадбирда жуда ажойиб сўзлар алоҳида таъкидланди. Ўзининг умри давомида одамларга фақат яхшилик қилишни бурчи деб ҳисоблаганлиги учун ҳамиша инсонларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиши учун ҳаракат қилди. Оддий ўқитувчиликдан мактаб директори вазифасигача бўлган йўлни шараф билан босиб ўтди.  Янгиқўрғондаги 52-мактабни нафақат вилоятда, балки Республикадаги энг илғор билим масканларининг бирига айлантирган  десак муболаға бўлмайди. Шу ўринда     Жамол Исроилов босиб ўтган ҳаёт йўлига бир назар ташлайлик.
У 1953 йилнинг 21 декабрида Янгиқўрғон қишлоғида таваллуд топди. Шу ердаги 2-ўрта мактабда таълим олди. Мактабни олтин медал билан битиргач Самарқанд давлат университетининг физика-математика факультетига ҳужжатларини топширди. Мактабда аъло ўқиганлиги ўз самарасини берди. Кириш имтиҳонини аъло баҳоларга топшириб талабаликка қабул қилинди. Талабалик йилларида ҳам ўзининг аъло ўқиши ва ташкилотчилиги билан тенгдошларига намуна бўлди. Олийгоҳни тугатгач, ўзи ўқиган мактабга қайтиб оддий ўқитувчи сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. Бу инсондаги ташкилотчилик, ўз касбига бўлган садоқат туфайли жамоа ўртасида катта ҳурмат қозонди. Шундан сўнг, директор ўринбосари ва мактаб директори вазифаларида ишлаган кезларида ўзининг қатъийлиги, билимдонлиги аста-секин туман ва вилоят раҳбарларининг эътиборига тушди. Айниқса мактаб директори вазифасида ишлаган кезларида ташкилотчилиги, қобилияти яққол кўзга ташланди. Янгиқўрғонда ихтисослаштирилган 52-мактабни ташкил этиб, нафақат туманимизнинг балки вилоятимизнинг энг қобилиятли ўқувчиларини жамлади. Ҳар бир дарсни мазмунли ўқитиш билан бирга ўқувчиларни одобли, ахлоқли ва меҳнатсевар бўлиши учун эътиборни қаратди. Тумандаги энг тажрибали ва иқтидорли ўқитувчиларни бу мактабга жалб этди. Албатта бу ҳаракатлар ўзининг самарасини кўрсатди. Олий ўқув   юртларига кириш бўйича мактаб вилоятда, ҳатто Республикада ҳам энг юқори кўрсаткичларнинг бирига муносиб деб топилди. Албатта бунда мактаб директори ишбилармон ва тиниб-тинчимас раҳбар Жамол Исроиловнинг хизмати беқиёс бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.
1999 йилнинг 5 декабрида Ўзбекистон Олий Мажлиси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтди. Тумандошларимиз якдиллик билан Жамол Исроиловни номзодини Олий Мажлис депутатлигига ва вилоят Кенгаши депутатлигига кўрсатдилар. Кескин курашлар остида ўтган бу сайловда мактаб директори Жамол Исроилов ғалаба қозониб Олий Мажлис депутатлигига, ҳам вилоят Кенгаши депутатлигига сайланди. Депутат бу халқнинг мухтор вакили эканлигини яхши билган бу инсон ўзига билдирилган юксак ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қилди. Ҳафтанинг шанба кунлари "Оқдарё овози" газетаси таҳририяти биносида фуқаролар қабулини ташкил этди. Ҳар бир мурожаатни диққат билан ўрганди ва ҳал этишга киришди. Ўша даврда айрим маҳаллаларимизга табиий газ ўтказиш борасида қийинчиликлар пайдо бўлганлигини кўпчилик яхши билади. Бу борада ҳам Жамол Исроилов депутат сифатида халққа ёрдам қилиш учун астойдил бел боғлади. Бевосита "Турон" фермаси орқали туманимизнинг чекка қишлоқларига газ қувурларини ўтказишга яқиндан ёрдам берди. Бундан   ташқари туманимиз кўчаларини таъмирлаш, ободонлаштириш масаласида ҳам анчагина хайрли ишларни амалга оширганлигини айтиб ўтиш ўринлидир. Жамол Исроилов Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг Агрономия факультетини тугатганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Шунингдек, у иқтисод фанлари номзоди, доцент сифатида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида талабаларга сабоқ берди.  Иқтисодимизнинг муҳим жиҳатлари ҳақида талабаларга маъруза ўқиди. 
Унинг орзулари бир олам эди. Шафқатсиз ўлим Оқдарёнинг фидойи фарзанди, халқпарвар инсон Жамол Исроиловни 2020 йилнинг айни ёз пайтида орамиздан эрта олиб кетди. Бироқ унинг ишларини фарзандлари изчиллик билан амалга оширишмоқда. Улар ҳам отаси бошлаган хайрли ишларни давом эттиришмоқда. 
Ўтган шанба куни "Устоз" сиҳатгоҳида "Устоз хотираси доимо қалбимизда" деб номланган хотира кечаси устоз мураббий Жамол Исроиловнинг босиб ўтган ҳаёт йўлига бағишланди. Тадбирда сўзга чиққан вилоят "Нуронийлар" Кенгашининг раиси Шуҳрат Негматов, кўп йиллар туман халқ таълими бўлими мудири вазифасида фаолият кўрсатган, халқ таълими фахрийси Шоҳида Негматова, Нарпай туман "Пахтакор овози" газетасининг бош муҳаррири Тошпўлат Тошмуродов, иқтисод фанлари доктори, профессор Мамаюнус Пардаев, иқтисод фанлари номзоди, доцент У. Худойбердиев, меҳнат фахрийси Баҳриддин Санақулов, туман ҳокимининг ўринбосари Сардор Луқмонов, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси Ойгул Маматова ва Жамол Исроиловни турли вилоятлардан ташриф буюрган курсдошлари сўзга чиқдилар. 
Бир сўз билан айтганда "Нуроний" жамғармаси Оқдарё туман бўлими ташаббуси билан ўтказилган хотира кечаси йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Ўз мухбиримиз.