Инсон хотираси азиз ҚАЛБАН КАМТАРИН, АҚЛАН ЕТУК ИНСОН ЭДИ

Биз ўқиган даврларда, аниқроғи ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қишлоқларда бошланғич мактаблар мавжуд эди, холос. Қишлоғимиздаги ҳозирги 4-сонли мактабнинг 4-синфини тугатиб 1965 йилда Янгиқўрғондаги 2-мактабнинг 5-синфида ўқий бошладик. Шундан буён Жамол Исроилов билан қадрдон дўст эдик. Тан олиб айтишим керакки, у синфимиздаги энг аълочи ўқувчилардан бири бўлиб, ташкилотчи ҳам эди. Ўтказилаётган барча тадбирларга бош-қош бўлар, етакчилик қобилияти ҳам кучли эканлигини ўқитувчиларимиз ҳам тан олишарди. Синфимиздаги ўзлаштира олмаётган ўқувчиларга ҳам ёрдам беришни ўзининг бурчи деб биларди. Бирор дўстимиз дарсга келмай қолса бизни етаклаб унинг ҳолидан хабар оларди. Қисқасини айтганда, мактабни битиргунимизга қадар Жамол барча дўстларга бош-қош эди. 
У билан ёшимиз тенг бўлганлиги учун бир-биримизга "сен" дея мурожаат қилардик. Баъзан ҳазилимиз жиддий бўлса ҳам кўнглимизга олмасдик. Ҳозирга қадар эсимда. Раҳматли отаси эллик ёшга етмасдан вафот этганда оиладаги барча катта-кичик юмушлар тўнғич ўғил бўлган Жамолнинг зиммасига тушганди. Оила катта эди. Ўн бир нафар фарзандни боқиш, уларни тарбиялаш барча-барчаси дўстимизнинг зиммасига тушганди. Ҳам олийгоҳда ўқиб, ҳам рўзғордаги ишларга кўмаклашиши билан бирга укаларига, сингилларига ака бўлса-да оталик қилди. Уларни олий маълумотли бўлишлари учун астойдил тер тўкканлигининг гувоҳиман. Энг муҳими, у нафақат укаларига, сингилларига балки жиянларига ҳам, умуман айтганда, барча оғайинларига ғамхўрлик қиларди. 
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлигига сайлангандан сўнг дўстимизнинг иши, ташвиши янада кўпайди. Чунки халқимизда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш учун депутатнинг куну-тун меҳнат қилишига тўғри келди. Ўша йиллари арзимаган тушунмовчиликлар туфайли иқтисодий жиноятчиликда айбланган фуқаролар ҳам ойлаб, йиллаб суд бўлмасдан қамоқда ўтиришарди. Ўша пайтларда иқтисодий жиноятчиликда айбланган шахсларнинг жазосини либераллаштириш мумкин эканлигини депутат бир неча бор Олий Мажлис сессиясига олиб чиқди. Натижада бу борада ижобий натижага эришилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. 
Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, Жамол Исроилов кам таъминланган, моддий ёрдамга муҳтож бўлган оилаларга доимо кўмак беришни ўзининг бурчи деб биларди. Қанчадан қанча оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материаллари томонидан ёрдам берган бўлса-да, бирор марта бу ҳақда бировга айтишни истамасди. Мақтанчоқликни хушламасди. У "Менинг ёрдам берганимни айтишларинг шарт эмас, буни Яратганнинг ўзи билса бўлди", деб қўярди.
Бугун атрофга назар ташласангиз, тадбиркорлар кун сайин кўпайиб бормоқда. Уларнинг молиявий аҳволи ҳам яхшиланиб, содда қилиб айтганда, юртимизда бойлар сони ортмоқда. Бу яхши, албатта. Лекин мен баъзан моддий жиҳатдан бой бўлган одам билан маънавий жиҳатдан ҳам бой бўлган кишиларни қиёслайман. Маънавияти юксак инсонлар ҳашаматни, дабдабани, олифта уловларни кўпам хушламайдилар. Жамол дўстим ана шундай кишилардан эди.
У тўй-маросимларни иложи борича камтарона ўтказиш тарафдори эди. Ёдимда, кўп йиллар муқаддам ўзининг ўғиллари билан бирга укаларининг фарзандларини ҳам қўшиб 9 нафар боланинг суннат тўйини ўтказган эди. Бу ака-укаларнинг ҳамжиҳатлигидан далолат, қолаверса, ҳар бири алоҳида чиқимдор бўлмайди. Жамол айтардики, "атрофдаги одамлар Исроиловларга қараб фикр юритади, агар биз дабдабага берилсак, қурби етган-етмаган ҳам шунга интилади. Тўй қилаётган оиланинг молиявий аҳволи ҳаминқадар бўлиши мумкин. Шунинг учун ўзини ҳурмат қилган одам камтарлик билан эл-улусга ўрнак бўлиши керак". Ўша тўйдан кейин Янгиқўрғон ва унинг атрофидаги аҳоли ҳам қўшалоқ тўйлар ўтказа бошлади.
Яна бир мисол, Жамол дўстим уй қурганда ҳам ўта ҳашаматли бино барпо қилмади. Бир қаватли, ҳар жиҳатдан қулай, камтарона ҳовли-жой қурди. "40 хонали уйинг бўлса ҳам 1 хонасида ётасанда", деган эди у. Ваҳоланки, у ҳам айрим бойларга ўхшаб 2-3 қаватли ҳашаматли бино қуришга қурби етарди.
Жамол дўстим енгил машина масаласида ҳам олифта автомобилларни хушламас эди. "У машина борган жойга бу кичикроқ машина ҳам боради-да", деб қўярди. Баъзилар озроқ пули кўпайса, хорижнинг қимматбаҳо машиналарига ишқи тушиб қолади. Лекин Жамол дастлаб "Жигули", "Нексия", умрининг охирги йилларида эса "Кобальт" машинасини минарди. Бу одатларини унинг юксак маънавиятидан, камтарлигидан далолат, деб биламан.
Унинг одамларга бўлган эҳтироми хусусида тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Жамолнинг тўйларга бориш одати жуда қизиқ эди. У тўй мавсуми пайтлари бир кунда 8-10 та тўйга кириб чиқарди. "Сенга зарурми, шунча оворагарчилик", десам у "жўра, ҳурмат қилиб тўйга айтибдими, бу хонадоннинг мансабли-мансабсиз, бой ёки камбағал, олис-яқин қишлоқ деб ўтирмасдан иззатини қилиш керак", дерди. Гоҳида мен ҳам унга ҳамроҳ бўлардим. Олис-олис қишлоқларгача тўйларга борардик. Тўйхонага кириб ўтирган заҳотимиз 5 дақиқа ўтар-ўтмас "тур, кетдик", деб қоларди. Бироз ҳазил билан айтадиган бўлсам, тўйма-тўй юриб, кечқурун хориб-чарчаб, оч қорин билан уйга кириб келган кунларим жуда кўп бўлган. 
Тақдир тақозоси билан ўғлим Ботир Жамолнинг қизи Умида билан турмуш қурди. Энди яқин дўстлар қадрдон қудага ҳам айландик. У кўпинча ўтирган пайтларимизда келгусидаги режалари, Оқдарёни обод қилиш, саноатлаштириш ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашарди. Асло тиним билмасди. Унинг чарчамасдан доимо оддий одамлар билан самимий муносабатда бўлаётганлигини кўриб тан берардик. Мен кўпинча унга "сенга қойилман, ҳар бир ота-она сендай фарзанди бўлишни орзу қилади", дердим. 
Ҳақиқатдан ҳам, Жамол Исроилов ҳаётда ҳар бир ота-она орзу қиладиган фарзанд бўлиб яшади. Ватанига, элига садоқат билан хизмат қилди. Бундай инсонларнинг хизматини халқимиз ҳеч қачон унутмайди. 
Ҳамидулло ҚАРШИЕВ,
туман "Нуронийлар"
 Кенгашининг раиси.
Мавзуга оид: