МУРАДИЛЛА МАМАДИЁРОВ

Шафқатсиз ўлим тажрибали раҳбар, устоз мураббий ва меҳрибон ота Мурадилла Мамадиёровни орамиздан олиб кетди. 

Мурадилла Мамадиёров 1948 йилнинг 10 октябрь куни таваллуд топди. 1970 йилда Самарқанд давлат университетининг математика факультетини муваффақиятли битиргач, меҳнат фаолиятини туманимиздаги 24-ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлади. 1974-75 йилларда туман комсомол комитетининг бўлим бошлиғи, 1975-87 йилларда "Партия XXII съезди" жамоа хўжалиги раисининг ўринбосари, хўжалик партия комитетининг котиби, 1987-92 йилларда "Октябрь" қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси вазифаларида самарали фаолият кўрсатди. 1992 йилда Мурадилла Мамадиёровга катта ишонч билдирилиб, туман ҳокимининг ўринбосари вазифасига тайинлашди. Ўз ишига сидқидилдан ёндашиб, берилган топшириқларни виждонан адо этиб, эл ўртасида ҳурматга эга бўлди. Шундан кейинги йилларда туман ҳокимлигининг бўлим бошлиғи, "ўалаба" ширкат хўжалигининг раиси, туман деҳқон-фермер хўжаликлари уюшмаси вакиллиги директори сингари масъул вазифаларда фаолият кўрсатди. Қаерда ишламасин, ўзининг ташаббускорлиги, ҳалоллиги, элпарварлиги билан халқнинг ҳурматини қозонди. 

2004 йилда "Ҳожиобод-Қарқарали-М" фермер хўжалигини ташкил этди. Тажрибали деҳқон сифатида пахта ва ғалла режаларини ошириб бажариб, туманимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди. Ўнлаб шогирдлари нафақат вилоятимизда, балки республикамизнинг турли ташкилотларида меҳнат қилишмоқда. Меҳрибон ота сифатида ҳам саккиз нафар фарзандларини Ватанимизга садоқат руҳида тарбиялаб, барчасини уйли-жойли қилиб, элга хизмат қиладиган инсонлар қилиб тарбиялаганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Айни вақтда фарзандлари халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатмоқда. 

Ташаббускор раҳбар, садоқатли дўст, устоз мураббий ва меҳрибон ота Мурадилла Мамадиёровнинг порлоқ хотираси оқдарёликлар қалбида мангу яшайди.

"Оқдарё овози" газетаси таҳририяти ва 

туман "Нуронийлар" Кенгаши.