Оқдарё ижодкорлари

Аслиддин ФАЙЗИЕВ - 1958 йилда Янгиқўрғон қишлоғида туғилган. 1982 йилда Россиянинг Белгород Давлат Педагогика университетининг рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. Кўп йиллар давомида тумандаги 24, 47-умумтаълим мактабларида рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритган.
А.Файзиев ёш авлодга таълим-тарбия бериш билан бир қаторда ўзининг шеърлари билан     оқдарёлик ижодколар ўртасида ўз ўрнига эга. Унинг шеър ва таржималари туман, вилоят газеталарида ҳамда "Оқдарё баёзи" китобида чоп этилган.
ОТАМГА
Бободеҳқон деган буюк ном сизга,
Ярашиб турарди қуйиб қўйгандек.
Далангизда сувнинг майин оқишин,
Ҳис этар эдингиз оҳанг туйгандек.
Маҳорат-ла кетмон чопганингизда,
Роҳатланардингиз ернинг меҳридан.
Далангиз авж олиб яшнаганида,
Сиз ҳам яйрардингиз меҳнат сеҳридан.
Деҳқонни улуғлаб буюк Навоий,
У бутун дунёни боқади деган.
Деҳқон меҳнатидан дастурхонларга,
Ноз-у неъмат, ризқ-рўз оқади деган.
Бозорда харидор савдолашганда,
Сўрайди: деҳқонмисиз, ёки савдогар?
Деҳқон экансиз-ку, саҳоват қилинг,
Арзонроқ сотинг-да, бизга биродар.
Паррандаю, дарранда, қурту-қумурсқа,
Деҳқон меҳнатидан бари баҳраманд.
Аллоҳ улуғлаган бободеҳқонни,
Она ерга деҳқон ҳақиқий фарзанд.
Ёлғон сўз айтмаган отам бир умр,
Беш вақт номозини канда қилмаган.
Шул сабаб отам тер тўккан даланинг,
Ҳосили мўл бўлиб гуллаб-яшнаган.
Рамазон ойининг қоқ ўртасида,
Муборак жума кун жон берди отам.
Бир умрлик ҳалол меҳнатлари учун,
Аллоҳ ҳузурида бўлди муҳтарам.
2021 йил
ОНАМГА
Гўдак ёшда эдим ногоҳ йиқилиб,
Қўлим лат еб ётиб қолдим бедармон.
Онажоним чопиб келди чарх уриб,
Кўтариб югурди табибга томон.
Қайтаётиб деди: болам, эҳтиёт, 
Бўлгин, олдингда-ку бутун бир ҳаёт.
Мактабда ўқирдим ҳаққим талашиб,
Синфдошим билан қолдим муштлашиб.
Онам чақирилди муҳокамага,
Сабаб бўлдим бироз кир ҳангомага.
Қайтаётиб онам деди: сен наҳот,
Тушунмадинг олдинда бутун бир ҳаёт.
Балоғат ёшига бордим мен етиб,
Россияга ўқишга кетдим туз тортиб.
¤тди толибликнинг ширин йиллари,
Олтин давримнинг ул чалкаш йўллари.
Ҳар таътилга келсам онам дерди бот:
¤ғлим, эҳтиёт бўл, олдингда ҳаёт.
Ёшим қирқдан ошди фарзандларимга,
Таъкидлайман қадам босинг эҳтиёт.
Ҳали олдингизда бутун бир умр,
Ҳали олдиндадир катта бир ҳаёт.
Онам ҳамон мени қилар эҳтиёт,
¤ғлим, олдинда дер бир нурли ҳаёт.
 2000 йил
ШАХСИЙ НАМУНА
Мактаб! Сафлан! Ростлан! Эшит маъруза!
Чекиш кони зарар ўпкангни ўяр.
Юрагингни доғлаб, ичагинг ўраб,
Жигарингни туршакдай қуритиб қўяр.
Баъзи ўқувчилар чека бошлабди,
Бу қандай расволик! Сўряпман сиздан.
Агарда ўзингизда ақл бўлмаса,
Ҳаёт сабоқларин ўрганинг биздан.
Ушласам чекканни расво қиламан,
Исмин "Қалампир"га ёзиб иламан.
Унутманг ҳозирги айтган қарорни, 
Маърузам тугади, саволлар борми?
Минг кишилик мактаб турар эди жим,
Юрак ютиб бир ўқувчи беради савол:
Муаллим биз учун жонни тикасиз,
Айтинг-чи, нега сиз носвой чекасиз?
Гуррос қаҳ-қаҳани синф раҳбарлар,
Тўхтатиб қололди, изоҳ на даркор?
Қиссадан ҳисса шу огоҳ бўл, устоз,
Шахсий намунасиз айтганинг бекор!
2010 йил
МАНТИҚ ВА МУҲАББАТ
Ёшлигимда туйғулар орзиқтирганда қалбим,
Гўзаллар нигоҳидан бўса изларди лабим.
Қанчалик сирли эди гуллар жилоланиши,
Илоҳий куйдек эди тунда булбул сайраши.
Эрк, шон-шуҳрат, муҳаббат қалбда урганда
                                               туғён,
Орзуларимга шиддат бўлганида ҳукмрон.
Мени синай бошлади жоҳил, сирли бир
                                               дониш,
Унинг совуқ ташрифи қалб баҳорим
                                          қилди қиш.
У севгини тан олмас, эрк у учун афсона,
Инкор қилиб чарчамас, дейди мантиқ 
                                              ягона.
Менинг сирли оламим қилмоқчи-ку у 
                                              вайрон,
Дер, бутун оламингда фақат мантиқ 
                                              ҳукмрон.
Абадий жанг қилишар мантиқ билан 
                                              муҳаббат,
Менга ҳиссиз мантиқдан муҳаббат афзал
                                               албат.
2014 йил