"Оқдарё овози" бонг уради АҲОЛИ НЕГА НОРОЗИ БЎЛМОҚДА?!

Табиат ер юзидаги жамики тирик мавжудот учун муқаддас гўша ҳисобланади. Негаки, табиат уларни тўйдиради, кийдиради, иссиқ ва совуқдан асрайди. Ўз навбатида тирик мавжудот ҳам табиатга меҳр қўяди. Бу меҳр табиатни асраш, ундан оқилона фойдаланиш туйғуси билан уйғунлаша олсагина, ҳақиқий ҳисобланади. 

Минг афсуски, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитга зарар етказмаслик, келажак авлодга экологик муаммолардан холи бўлган шарт-шароит яратиб бериш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини, она-табиатни асраб-авайлашга ҳар биримиз   масъул эканлигимизни ҳамон тўлақонлигича ҳис қила олганимиз йўқ. 

Туманимизнинг маркази бўлган Лойиш шаҳарчасидаги кўп қаватли уйларнинг қурилганлиги ва аҳоли учун барча шарт-шароитларнинг яратилганлиги ушбу уйларда яшаётган оилалар учун қувончли бўлди, албатта. Негаки, айниқса, ёш оилалар учун газ, свет, иссиқ сув, ювиниш ва бошқа қўшимча хоналар учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлса, қандай яхши. Ахир, ҳар бир инсон қулай шароитда яшашга ҳақлидир.

Лекин, ушбу кўп қаватли уйлар қурилиб фойдаланишга топширилгандан буён Лойиш шаҳарчаси Мустақиллик маҳалласи аҳолисининг тинчи бузилди. Нега, дейсизми? Аслида, туманнинг қоқ марказида яшаётган аҳолининг бу норозилигини туман ҳокимлиги, ушбу бинони қурган қурилиш ташкилоти, маҳалла мутасаддилари жуда яхши билишади. Негаки, экологик муҳитнинг бузилишига сабаб бўлаётган ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида аҳолининг бормаган ва мурожаат қилмаган ташкилоти қолмади. Аммо бу муаммо ҳанузгача бартараф этилмаяпти. Бу эса халқнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ҳаммаси туман маркази Лойиш шаҳарчасида қурилган кўп қаватли уй-жойларнинг фойдаланишга топширилганидан сўнг бошланди. Негаки, қурилиш ташкилоти уй-жойларни битказиб, эгасига топширди ва ушбу уйлардан чиқадиган чиқинди сувларни очиқчасига Мустақиллик маҳалласи Қангли қишлоғидан ўтувчи Янгиобод ариғига оқиза бошлади. Оқибатда чиқинди сувнинг бадбўй ҳидидан Мустақиллик маҳалласига қарашли Меҳнат, Ойбек, Улуғбек кўчаларида истиқомат қилаётган аҳоли қаттиқ азият чекишмоқда. Ахир, қачонгача бу муаммони ҳал қилишга масъул бўлган ташкилотлар ўз ишларига масъулиятсизлик қилишади?

- Чиқинди сувнинг бадбўй ҳидига чидаб бўлмайди, - дейди Ойбек кўчасида истиқомат қилувчи пенсионер онахон Гулзода Абдул-  лаева. - Кўп йиллар давомида туман тиббиёт бирлашмасида ҳамшира бўлиб ишлаган иш тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, табиатнинг ифлосланиши экологиянинг бузилишига, айниқса, турли хил касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу боисдан маҳалладошларимиз ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида кўп маротаба тегишли ташкилотларга мурожаат қилишмоқда. Лекин натижаси бўлмаяпти.

- Уйимиз ушбу ариққа яқин жойлашгани учун ёзда ҳам, кузда ҳам ҳовлимизга чиқиб тоза ҳаводан нафас ололмай қолдик, - дейди Улуғбек кўчасида истиқомат қилувчи ўқитувчи А.Убайдуллаева.- Маҳалла аҳлимиз ушбу экологик ҳолатдан ниҳоятда азият чекишмоқда. Наҳотки, тегишли ташкилот мутасаддилари бунга бефарқ қарашса?   

Меҳнат кўчасидан ўтувчи Янгиобод ариғининг ёнгинасида "Меҳринисо" деб номланган нодавлат уй боғчаси фаолият кўрсатар экан. Боғча масъулларининг таъкидлашича, кўп қаватли уйлардан келаётган оқава сув боғча ёнидаги кўприк остига қўйилган қувур орқали ариққа тушар экан. Шу атрофда яшовчи фуқаролар билан суҳбатлашганимизда улар ҳам оқава сувнинг бадбўй ҳидидан зўрға нафас олишаётганини, қолаверса, ариқнинг ёнгинасида фаолият кўрсатаётган болалар боғчаси учун ҳам ниҳоятда зарарли оқибатларга олиб келишини таъкидлашди.

Дарҳақиқат, Мустақиллик маҳалласи аҳолисининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган Янгиобод ариғи бугунги кунда ташландиқ ва аянчли аҳволга келиб қолганлиги кечириб бўлмас ҳолатдир. Бир вақтлар тўлиб-тошиб оқадиган, болалар ёзда мириқиб чўмиладиган ариқ   атрофларига аҳоли томонидан турли хил чиқиндилар ташлаб кетилган, ён атрофлари эса тиконзорга айланган. Бир сўз билан айтилганда, ушбу зонанинг табиати тегишли ташкилотларнинг, қолаверса одамларнинг кўмагига муҳтож. Ахир, ўзибўларчилик, сансалорлик қачонгача давом этади?

Сиз бунга нима дейсиз, туманимиз масъуллари?

 Гулсара ТИНИБЕКОВА,

           "Оқдарё овози" газетасининг махсус мухбири. 

Мавзуга оид: