Оқдарё ижодкорлари

   ИЗТИРОБ ТОМЧИСИ

Муҳаббатнинг савдосидан кўзимда нам,

Дийдам узра ишқ лашкари бўлдилар жам,

Тўйиб кетдим муҳаббатга қулликдан ҳам,

Бу не савдо кетолмайман йироқларга.


Чорлагучи садо кутгум йироқлардан,

Умрим бўйи бошим чиқмас сўроқлардан,

Дил талпинар шу қийноғу азобларга,

Лаззат олгум дил олгувчи фироқлардан.


Олис йўлнинг олислиги менга нима,

Қўй, ачинма кетавергин, сенга нима,

Фироқ отлиқ суворийни салт қўйдингми,

Қийналсин деб оғажоним шу қизгина.


БИР УЙДА ЯШАГАН БЕГОНАЛАР

Тор бўлиб кетади ҳаттоки осмон,

Битта ҳовуч бўлиб қоврилади жон,

Дўзахга айланар жаннатий макон,

Бир уйда яшаган бегоналарга.


Тескари айланар гўё чархи дун,

Чароғон кунлари худди қаро тун,

Заҳрини сочмоққа етарли бир зум,

Бир уйда яшаган бегоналарга.


Бир-бирин ғажишга тиш керак эмас,

Осуда ўтмайди ҳатто бир нафас,

Яшаган гўшаси олтинранг қафас,

Бир уйда яшаган бегоналарга.


Киприкдаги ёшга айланар соғинч,

Сабру бардошларга айланар соғинч,

Тутилган қуёшга айланар соғинч,

Бир уйда яшаган бегоналарга.


Оёқ остидаги хазон - муҳаббат,

Ўтмас матодайин арзон - муҳаббат,

Қадр топганида армон - муҳаббат,

Бир уйда яшаган бегоналарга.

   АРМОН

Йўқ, ҳатто беморга кечикиб бордим,

Бемаврид йўқликка айланган сафар.

С.Орипов.

Кечикдим бор йўғи беш-ўн дақиқа,

Дийдорингизга тўя олмадим.

Ота! Сўнгги сўзни айтолмадингиз,

Мен ўша жумлани эшитолмадим.


Келдингми, энажон, кела қол дея,

Аста сўрардингиз, беҳол, бемажол.

Мана шу гўшада отам бор дея,

Кириб борар эдим эркин, бемалол.


Сўнгги бор кўриш этмади насиб,

Соғинчларга тўла қароғингизни.

Маъносин англамай ғафлатда қолдим,

Нигоҳларда қотган сўроғингизни.


Йиллар ўтиб, англаб турибман мана,

Отам тириклиги, орқа тоғ экан.

Тилиб ўтган экан юрагингизни,

Менинг товонимга санчилган тикан.


Бир-бирин ортидан кетиб бордилар,

Бизга жон бахш этган жон фидоларим.

Юрагимни обдон кемириб ётар,

Қиёматга қолган алвидоларим.


ОҚ ИЛОН, ОППОҚ ИЛОН

      Оқ илон, оппоқ илон,

                 Ойдинда ётганинг қани.

                 Мен ёмондан айрилиб,

                 Яхшини топганинг қани.

 Халқ қўшиғидан.


Кўп куйинма укажон,

Куйсин ўша бевафо.

Сендан ортиқ кўрганин,

Суйсин ўша бевафо.


Йиллар ўтиб севгимни,

Отдим олов-оташга.

Юрагимдан жой олди,

Яна қайтиб оташ-ла.


Тоҳир-Зуҳродан қолган,

Шу бир ҳовуч тупроқми?

Сену менга қолгани,

ўариб кўнгил фироқми?


Куйган кўнгил қучгайдир,

Муҳаббатнинг қабрини.

Укам сенга тилайман,

Асрий тоғлар сабрини.


Ишқим кўмдим юракка,

Гуллар ўнди кўксимда.

Куйган фақат сен эмас,

Укам сира ўксинма.

   ЙЎЛДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Тушимда кўрдиммикан,

Ҳушимда кўрдиммикан,

Бир лаҳзага висолнинг,

Бағрида юрдиммикан.


Кўрганим хаёлмиди,

Сўрганим саволмиди.

Бегим, буларнинг бари,

Жонимга заволмиди.


Бегим, маҳзун чеҳрангиз,

Кетмас кўзим ўнгидан.

Омонлик тилаб қолдим,

Фақат сўзим сўнгида.


Васлингиз деб тушгандим,

Дийдорингиз қасдига,

Лек қочиб кетаяпман,

Шум қисматнинг дастидан.


Эркиной ҚАРШИЕВА.



Мавзуга оид: