Шарафли касб эгалари ХИЗМАТИ ЭЛГА МАНЗУР ШИФОКОР

Ҳар гал шифокорлар ҳақида cўз кетар экан, ўзларининг ҳузур-ҳаловатидан кечиб, халқимизнинг соғлигига соғлик, умрига умр қўшиб келаётган шарафли касб эгалари ҳақида қайта-қайта ёзгим келаверади. Бу фидойи инсонларнинг номини улуғлагим келаверади. 
Бу гал ана шундай   халқ эъзозлаган олий тоифали шифокор, малакали травматолог ва моҳир жарроҳ Тимур Очилов ҳақида тўхталмоқчиман. Тимур Очилов 1951 йилнинг 20 февраль куни зиёлилар оиласида таваллуд топган. У кишининг болалиги турли синов ва қийинчиликлар билан ўтган. Чунки 12 ёшида отасидан ажралиб, оғир жудоликларни бошидан ўтказади. Шундай бўлсада, у онаси тарбиясида камолга етади, ўз олдига бир олам мақсадларни қўйиб, ана шу орзуларига поғонама-поғона ҳаракат қилади.
Т.Очилов 1971 йилда Самарқанд тиббиёт техникумини қизил диплом билан тугатиб, билимдонлиги ва тиришқоқлиги туфайли 1972 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтига муваффақиятли равишда қабул қилинади. У ўқиш даврида ҳам ўзининг ўткир зеҳни билан тенгдошларига ҳар томонлама намуна бўлади. 
1979 йилда 28 ёшли Тимур Очилов туман тиббиёт бирлашмасида ўз иш фаолиятини бошлади. Олийгоҳда олган чуқур билими туфайли ёш шифокор тез орада туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятининг эътиборига тушади. У кишга катта ишонч билдиришиб, тиббиёт бирлашмасининг "Тез тиббий ёрдам бўлими"нинг мудири вазифасига тайинлашади. Т.Очилов меҳнат фаолияти давомидаги ўзига бўлган ишонч ва масъулиятлилиги боис марказий поликлиникада қатор масъул вазифаларда ишлайди. Хусусан, "Лор врач", ВКК бўйича бошлиқ ўринбосари, шошилинч бўлимида хирург, травматолог шифокор сифатида иш юритади. Бир неча йиллардан буён эса травматология бўлими бошлиғи лавозимида самарали меҳнат қилиб келмоқда.
- 50 йиллик касбий фаолиятимни фақатгина халқимиз саломатлигига бағишлаганим менга илоҳий куч беради,- дейди тажрибали шифокор Тимур Очилов.- Шифокорлик касби қатъиятлилик, метин ирода, катта билим ва тажриба талаб қилади. Шунинг билан бир қаторда бу меҳнатларнинг ортида халқ ишончи ётганлигини унутмаслигимиз керак. Зеро, бу ишончни йўқотишга асло ҳаққимиз йўқ. 
Мен шу ўринда бугунги кунда давлатимиз томонидан тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган  юксак эътибор ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни истар эдим. Дарҳақиқат, тиббиёт ходимининг нуфузи ва унинг мақомини ошириш, машаққатли ва масъулиятли вазифамизни қўллаб-қувватлаш ва биз шифокорлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасидаги ислоҳотлар  изчил давом эттирилмоқда. Бу ғамхўрлик ва эътибор  нафақат саломатлик посбонлари учун, балки  халқимизга бўлган юксак эътиборнинг ёрқин ифодаси деб биламан. 
Шифокорлик фаолиятидаги юксак хизматлари билан эл орасида эъзоз топган, юзлаб шогирдларнинг устози бўлган шарафли касб эгаси Тимур Очиловнинг ҳузуридан қайтар эканмиз, ўз навбатида биз ҳам у кишига узоқ-умр, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.  Эзгу мақсад йўлидаги барча ишларига омад тилаймиз!
Суннатулло ИБРАГИМОВ.