Шарафли касб эгалари ЎЗ КАСБИНИНГ ФИДОЙИСИ

Ҳаммамизга маълумки, инсон тарбияси ва унинг камолотга етишишида ўқитувчиларнинг роли каттадир. Шу боисдан, ҳозирги даврда ҳам давлатимиз томонидан ўқитувчи ва мураббийларнинг инсон камолотидаги ўрнига катта эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, ўқитувчи ва устозларимизнинг ёш авлодга таълим ва тарбия бериш борасидаги машаққатли, аммо шарафли меҳнатлари ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Келажак авлодларимиз бўлган ёшларга таълим-тарбия беришдек, масъулиятли вазифани бажариш учун ўз умрини бахшида этган шарафли касб эгалари туманимизда ҳам кўплаб топилади.
Бугунги кунда тумандаги 43-умумий ўрта таълим мактабида 40 нафар педагог ёш авлодга таълим-тарбия бермоқда. Уларнинг 3 нафари олий тоифали, 5 нафари эса биринчи тоифали ўқитувчилар бўлиб, мактаб жамоаси таълим ва тарбия сифатини оширишга астойдил ҳаракат қилишмоқда. Туманда ўтказилган фан олимпиадасида 9-"B" синф ўқувчиси Чарос Абдураҳмонова она тили ва адабиёт фани бўйича 3-ўринни, Ораста Саъдуллаева география фани бўйича 3-ўринни, 7-"В" синф ўқувчиси Фарзона Озодова Ал-Хоразмий олимпиадасида фахрли 2-ўринни эгаллашди. Ушбу ютуқлар замирида фан ўқитувчиларининг самарали меҳнатлари бор    эканлигини алоҳида таъкидлаш керак.
Қарийб 38 йилдан буён ёш авлодга таълим-тарбия бериб келаётган Клара Шодмонова ҳам ана шундай фидойи устозларимиздан бири, десак муболаға қилмаган бўламиз. У ёшлигиданоқ педагоглик касбини эгаллашни орзу қилди ва 1987 йилда Самарқанд Давлат педагогика инс-титутининг бошланғич таълим мутахассислиги бўйича ўқишга кириб, 1992 йилда олийгоҳни тамомлади. 1986 йилдан бошлаб эса айни пайтда фаолият юритаётган қадрдон билим даргоҳи 43-умумий ўрта таълим мактабида ёшларга бош-ланғич таълимдан сабоқ бера бошлади.
Ўз касбини жон-дилидан севган К.Шодмонова тез орада ўқувчилари, ота-оналар ва жамоа ўртасида ҳурмат-эътибор қозонди. 2005-2013 йиллар мобайнида мактаб директорининг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатди. У бу лавозимда ишлар экан, мактаб жамоасининг мавқеини кўтариш, устоз ва шогирдлар ўртасидаги илм кўп-ригини янада мустаҳкамлашга астойдил ҳаракат қилди. Шунингдек, мактабда таълим сифатини, самарадорлигини ошириш мақсадида мактаб ўқитувчиларига ҳам педагогик, ҳам методик талаблар даражасида тегишли йўл-йўриқ ва маслаҳатларини бериб борди. 
Астойдил қилинган меҳнат ўз самарасини кўрсатмай қолмади. Туман миқёсида ўтказилган тадбирларда, фан олимпиадаси ва бошқа беллашувларда фаол иштирок этган шогирдларининг ютуқлари, қолаверса, "Йилнинг энг яхши ўқитувчиси" кўрик-танловидаги иштироки учун фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган Клара Шодмонова Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси унвони билан мукофотланди.
Айни пайтда кўп йиллик педагогик стажига эга бўлган К.Шодмонова 43-мактабда амалиётчи психолог вазифасида ишлаб келмоқда. У амалиётчи психолог сифатида ҳам ўз вазифасини сидқидилдан адо этишга астойдил ҳаракат қилаётир. Мактабда ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида турли хил тадбирлар ва тренинг машғулотлари ўтказмоқда.
"Фарзандларимиз келажагига бефарқ бўлмайлик" деб номланган тадбир ана шундай тадбирлардан биридир. Жорий йилнинг 15 январидан 15 февралига қадар давом этган ушбу тадбирда мактабнинг 9, 10, 11-синф ўқувчилари фаол иштирок этишди. Мазкур синфлар ўртасида диктантлар, иншолар, деворий газеталар кўрик-танловлари ўтказилди. Бундан кўзланган мақсад эса, ўқувчи ёшларнинг келажакдаги касбларини аниқлаш ва ҳаётда ўз ўринларини топишда уларга амалий ёрдам беришдан иборатдир. 
К.Шодмонова томонидан мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари ўртасида "Биз зўравонликка қаршимиз" акцияси доирасида самимий тилаклар тренинг тадбири ўтказилди. Шунингдек, ҳафтанинг шанба кунларида мактаб раҳбарияти томонидан "Заковат" тадбирлари ўтказиб турилганлиги мактаб ўқувчиларининг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиши ҳамда уларнинг билим доирасини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
                        Шаҳзода ИСРОИЛОВА.
Суратда: мактаб жамоаси билан ўтказилган ижодий учрашув жараёни акс эттирилган.