Таълим тизимида янгича ёндашувни жорий этаётган жамоа

Бугунги кунда Президентимиз томонидан келажагимиз ворислари бўлган ёшларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор берилиб, уларнинг ўқиб, таълим олишлари учун  барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Бу борада мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида ташкил этилган ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб интернатлари фаолият кўрсатаётганлиги алоҳида эътиборга лойиқдир.
Туманимизда 2002 йилдан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган туман ихтисослаштирилган мактаби аниқ ва табиий фанлар ҳамда инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган бўлиб, айни пайтда 46 нафар педагог 448 нафар ўқувчига таълим-тарбия бериб келмоқда. Мактабда ўқувчиларнинг таълим ва тарбия олишлари учун барча шарт-шароитларга эга бўлган 35 та фан хонаси мавжуд. Жумладан, замонавий талаблар асосида жиҳозланган 2 та компьютер хонаси, 2 та роботатехника хонаси, кимё, биология фанлари лаборатория хоналари, кутубхона, спорт зал, фаоллар зали мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар хизматида.
Ўқув йили давомида мактаб ўқувчилари туман ва вилоят, республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этишиб, кўпгина ютуқларни қўлга киритишди. Фан олимпиадасининг ҳудудий босқичида 9 нафар, вилоят босқичида 3 нафар, республика босқичида 1 нафар, халқаро босқичда 7 нафар ўқувчи иштирок этишиб, юқори натижаларни қўлга киритишди. Фан олимпиадасининг вилоят ва республика босқичларида физика фани бўйича 1-ўринни эгаллаган 9-синф ўқувчиси Гулсевар Холмўминованинг номини бу борада алоҳида тилга олиб ўтса арзийди. Шунингдек, чет тилларни билиш даражаси бўйича 32 нафар ўқувчи миллий ва 1 нафар ўқувчи халқаро сертификатни қўлга киритишди. Бу ютуқлар замирида ўз фанининг фидойилари бўлган физика фани ўқитувчиси Тўлқин Туймаев, математика фани ўқитувчиси Сардор Бердиқулов, тарих фани ўқитувчиси Темур Тувалов сингари фидойи ўқитувчиларимизнинг меҳнатлари катта эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
- Дарҳақиқат, ўқитувчи ўз фанини чуқур эгаллаган бўлса, ўз касбини жон-дилдан севсагина ўз шогирдларига чуқур билим бериб, уларнинг фанга бўлган қизиқишини, меҳр-муҳаббатини уйғота олади, - дейди ихтисослаштирилган мактаб директори Нусратжон Сулаймонов.- Мактабимизда эса ўз касбининг фидойилари бўлган ўқитувчилар кўплаб топилади. Ана шундай фидойи ўқитувчиларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ўтган ўқув йилида битирувчи ўқувчиларимизнинг ОТМга кириши 85 фоизни ташкил этди. Жорий йилда эса 16 нафар битирувчиларимизнинг 6 нафари миллий сертификатга эга бўлишиб, 5 нафар ўқувчимиз муддатидан илгари талаба бўлишди.
Дарҳақиқат, таълим сифатини яхшилаш - давлатимиз сиёсатининг, олиб борилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан биридир. Педагоглар эса жамиятда энг муҳим ўрин тутган касб эгалари ҳисобланади. Зеро, мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор самараси сифатида таълим тизимини янгича сифат босқичига кўтариш, замонавий ёндашув ва замонавий услубларни жорий этишни бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бундай тизимли ишлар ва янгиланишларни ўз фаолиятларига татбиқ этиб, туманимиз таълимининг ривожланиши йўлида самарали меҳнат қилаётган педагоглар жамоасининг галдаги ишларига ривож тилаб қоламиз.
Дилбар ХОЛМУРОДОВА.