Орамиздаги одамлар ЭЛИМ ДЕБ, ЮРТИМ ДЕБ ЁНИБ ЯШАЙДИГАН ҚИШЛОҚ ОҚСОҚОЛИ

Яхши инсонлар ҳақида қанча яхши сўзларни эҳтиром айласак, шунча оз деб биламан. Чунки, бундай 
халқпарвар инсонлар фақат элининг манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйиб, бу йўлда ўз ҳаловатидан 
кечадилар. Ана шундай яхшилик ва эзгуликни ўзига касб қилиб олган фидойи инсон ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. 
Туманимизнинг Темирак маҳалласига қарашли Найман-Бурганли қишлоғининг оқсоқоли Бердирасул бобо Ёқубов юқоридаги таърифларга хос ва мос бўлган 
фидокор қишлоқ оқсоқоли саналади. Ўзим ҳам жуда яхши эслайман, чамаси 7-8 йиллар аввал шу қишлоқнинг марказий йўлини биринчилардан бўлиб асфальт қилинишида бу инсоннинг
саъй-ҳаракати жуда катта бўлган. Кейинчалик эса ҳудуднинг ҳар бир ички кўчалари ҳам асфальт қилинди. 
У кишининг ташкилотчилигида қишлоққа янги трансформатор олиб келинди. 
- Қишлоғим обод бўлиб, кўркам бўлса бундан кўксим тоғдек баланд бўлади, - дейди Бердирасул бобо Ёқубов. - Айни пайтда қишлоғимиз фаоллари, ёшлари билан ҳамжиҳатликда аҳолимизнинг бўш вақтларини мазмунли
ўтказиш учун спорт ўйингоҳини барпо этиш бўйича ишларимиз ниҳоясига етказилди. Бундан ташқари 
"Қўтирбулоқ" зиёратгоҳини обод қилиш устида ҳам ҳаракатларимизни давом эттирмоқдамиз. 
Қишлоғимиз кун сайин обод гўшалардан бирига айланиб бормоқда. Аввало бундай обод масканда хайр-барака бўлиб, эртага фарзандларимиз ҳам фаровон турмуш кечириши ҳеч шубҳасиздир.
Ҳақиқатдан ҳам, ободлик кўнгилдан бошланади. Маҳалланг тинч, юртинг тинч деган нақлни доно халқимиз
бежизга айтишмаган. Шундай экан, обод ва осойишта ҳаёт кечиришда барчамиз даҳлдорлик туйғусини юракдан
ҳис этиб, унга амал қилиб борсак, ўйлайманки, яшаш жойларимиз кўркамлашиб бораверади. Бундай хайрли
ишларнинг бошида турган Бердирасул бобо сингари юрт фидойиларимизни Яратганнинг ўзи қўлласин ва асрасин!
Суннатулло ИБРАГИМОВ.
Мавзуга оид: