Томорқа_хазина_манбаи КАФТДЕК ТОМОРҚАДА ЯШНАГАН БОҒ-РОҒ

Яқинда Лойиш шаҳарчасининг “Зарафшон” кўчаси текис-равон бўлиб таъмирланди. Бу эса албатта йўловчилар учун жуда катта қулайлик бўлди. Марказдаги бу серқатнов йўлнинг таъмирланиш жараёнида жамоат ишларида бош бўлган меҳнат фахрийси Абдуғафур бобо Олимовнинг ташкилотчилигини эътироф билан таъкидлаш керак. Чунки кўчаларни кенгайтиришда бевосита йўл ёқасида жойлашган аҳоли хонадон вакилларига тўғри тушунтириш ишларини олиб бориш, йўлсозлар ишига ҳалал бермаслик, аксинча уларга шароит яратишда кўмаклашиш ва шунга ўхшаш ташкилотчилик ишлари борасида бу фахрий отахоннинг хизмати кўзга кўринарли бўлди. 

Абдуғафур Олимов туман ҳокимлигида ва қатор ташкилотларда раҳбарлик вазифаларини ҳам сидқидилдан бажарганлиги ҳақида кўп бор устозларимдан эшитганман, қолаверса ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Ҳозирда Мустақиллик маҳалласининг энг фаол оқсоқолларидан бирига айланган. Бундан ташқари Абдуғафур бобо мўжазгина томорқасини ҳам яшнатиб, айни пайтда ҳовлисидаги мевали дарахтлари пишиб етилмоқда. Айниқса Шафтоли меваси мўл-кул бўлди. Шинамгина иссиқхонада эса лимон дарахтлари ҳам парвариш этилмоқда.

- Кафтдек томорқамдаги боғдорчиликдан ҳар йили баракали ҳосил оламан, - дейди уста боғбон Абдуғафур бобо. – Май ойидан бошлаб кетма-кетликда пишиб етиладиган меваларимиз қишга қадар давом этади. Айниқса узум мевасига алоҳида меҳр-эътибор билан қарайман. Хуллас, бозорда топилмаган айрим меваларни бизни томорқада учратишингиз мумкин.

Оқдарёнинг фаол оқсоқоли, уста боғбон Абдуғафур бобо Олимовга эзгу ва хайрли ишларида Яратгандан куч-қувват ҳамда баракали меҳнат тилаб қоламиз!

Изоҳ: меҳнат фахрийсининг ҳаракатчанлиги, ишбилармонлигига ҳавасим келганлигидан ижтимоий тармоққа бу постни жойладим.


Мавзуга оид: