“Оқдарё овози” бонг уради ҚИШДА ОҚДАРЁДА ГАЗ БЎЛАДИМИ?

Бу саволга “Оқдарётумангаз” раҳбарлари қандай жавоб беришади?

Халқимизда “Қиш ғамини ёзда е”, деган ҳикматли нақл бежизга айтилмаган. Айниқса, бу нақл  қишнинг қировли кунларида хоналарда бемалол ўтириш учун ўтин, кўмир ғамлаш кераклигини ҳар биримизга эслатади. Хўш, туманимиз аҳолиси учун қишда газ бериладими? Албатта бу савол ҳар биримизни қийнаши табиий. Чунки ҳозирданоқ аксарият ҳудудларда газ йўқ, ёки бўлса ҳам жуда паст эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бунга Лойиш маҳалласининг Мустақиллик, Янгиқўрғон шаҳарчасининг Янгиобод маҳалласи, Амир Темур маҳалласи ва бошқа ўнлаб маҳалла ва қишлоқларни мисол қилиб келтириш мумкин.

  • Биз ҳар йили ишлатаётган газимизнинг пулини ўз вақтида тўлаб бораяпмиз. Аммо хонадонимизда газ умуман йўқ, - дейди Мустақиллик маҳалласининг Байналминал кўчасида истиқомат қилувчи 70 ёшли онахон. Бу ҳақда газ идорасининг вакилларига бир неча бор айтганмиз, лекин натижа бўлмаяпти. Эшитишимизга қараганда, Лойиш шаҳарчасининг Наврўз маҳалласида газ юқори босимда эмиш. Шундай экан, газ тақсимотини барча маҳаллага бирдай қилиб қўйса бўлмасмикан? 

Умуман олганда, туман газлаштириш идорасининг раҳбарлари қишга тайёргарлик кўришмаётганга ўхшайди. Улар айрим фуқароларимизга қиш мавсуми 15 ноябрдан бошланади, ўша пайтдан бошлаб кўпайтирамиз, деган гапларни айтишаяпти. 15 ноябрга ҳам 15 кун вақт бор. Кунлар эса борган сари совиб бораяпти. Наҳотки, туман газ раҳбарлари аҳоли томонидан тўланаётган пулларни ҳам ҳисобга олмасдан, 15 ноябрни кутиб ўтиришса?  Эҳтимол, 15 ноябрдан кейин ҳам табиий газ етказиб берилмас. Агар аҳвол ҳозиргидек давом этаверса, 15 числодан кейин ҳам газ бўлишига ишончимиз йўқ. Ундан кўра, масъул раҳбарлар ҳозирдан бошлаб фуқароларга қишда ҳам газ бўлмаслигини очиқ айтиб, уларга ўтин ва кўмир тайёрлашни тавсия этиши лозим. Чунки фақат қоп-қоп қуруқ ваъдалар билан уйни иситиб бўлмайди. Буни масъул раҳбарлар қачон англаб етишади, буни билмадик.

Хуллас, туманда қиш мавсуми давомида табиий газнинг бўлиишга кафолат берадиган бирорта мард топиладими? Бу саволнинг жавобини масъуллар узоқ чўзиб ўтирмасдан қисқа вақтда беришлари шарт.

ЖЎШҚИН.