Санъатда парвозинг баланд бўлсин! ЖАВОҲИРБЕКНИНГ ОРЗУЛАРИ УШАЛДИ

Жавоҳирбек Набиев туманимиздаги 27-умумий ўрта таълим мактабини тугатиб, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати     институтининг биринчи босқичида таҳсил олмоқда. Ҳозирда ушбу олийгоҳнинг анъанавий чолғу ижрочилиги бўйича таҳсил олади. Жавоҳирбек болалигидан мусиқа асбобларини чалишга қизиқди. Бу ҳақда отаси Мурод Мажидов шундай дейди: 

- Ўғлим 4-5 ёшида мусиқа тинглашни, созандаларнинг мусиқий асбобларини чалишни, бирор мусиқий буюмни олиб қўшиқ ҳиргойи қиларди. Ўша кезларда ўғлимни мусиқа мактабларига бериш ўй-хаёлларимни эгаллар, топган-тутганимни эса ўғлим камолоти учун сарфлашга тайёр эдим. Шу сабабли фарзандимни Лойишдаги 14-сонли мусиқа мактабига бердим. Жавоҳирбек у ерда дастлабки мусиқага оид сирларни ўзлаштирди. Ҳам илмий, ҳам амалий кўникмаларга эга бўлганлиги қўл келди ва ўтган йили талабалар сафига қабул қилинди. Ўғлимнинг камолга етиб бораётганлиги мен учун сўз билан таърифланмайдиган бахтдир. 

Мурод ака ўғли ҳақида бир олам қувончлар билан сўзлаб берди. Чунки ўзим ҳам кўп бор гувоҳ бўлганман. "Янги авлод", "Камалак юлдузлари" фестивалларига фарзанди билан биргаликда борарди. Мана энди Жавоҳирбек улғайиб миллий ва замонавий мусиқа асбобларини ҳам маҳорат билан ижро этмоқда. Энг қувонарли томони яқинда таниқли хонанда Ҳилола Ҳамидованинг эътиборига тушиб, "Наво" телеканалида эфирга биргаликда чиқишди. 

Катта бир санъат йўлида дастлабки қадамларини ташлаётган Жавоҳирбек Набиевнинг ўқиш ва ижодий ишларида улкан ютуқлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Суннатулло ИБРАГИМОВ.

Мавзуга оид: