ЖАННАТДУР ОНАЛАР ОЁҒИН ОСТИ, ОЛАМНИ МЕҲРГА ТЎЛДИРГАН АЁЛ. Меҳнат фахрийлари ҳақида ҳикоялар МЕҲРИ ДАРЁ ОНАХОН

Ҳар гал хотин-қизлар байрами арафасида раҳматли онам билан боғлиқ хотиралар ёдга келаверади. Биз фарзандлар ҳар йили байрам арафасида онамизни йўқлаб қишлоққа борардик. Ҳар биримизнинг у кишига аталган совғалари бўларди. Бизларни кўргач онам ниҳоятда қувониб кетар, топган тутганини дастурхонга олиб келиб безарди. Эрталабдан то кечга қадар ўтиргач, онажон энди бизга жавоб беринг, биз уйга қайтайлик, деганимизда, хомуш тортиб қоларди. Наҳотки вақт шунча тез ўтди, бир пастда кеч бўлиб қолдими, деган сўзларини қайта-қайта айтарди...
Бугун 90 ёшни қаршилаш арафасида турган «Турон» маҳалласининг Арпа қишлоғида яшовчи суяги меҳнатда қотган Тошбуви момо Худойназаровани кўрганимдаёқ юриш-туриши, хатти-ҳаракатларининг чаққонлигини онамга ўхшатгандим. Худди у кишини кўрганда беихтиёр кўз олдимда онам гавдаланди. Ёшлигидан меҳнатга меҳр қўйган, иккинчи жаҳон уруши даврида азоб-уқубатларни кўрган онахон билан суҳбатимиз узоқ давом этди.
- Биз кўрган оғир, машаққатли кунларни бугунги авлод ҳеч қачон кўрмасин, - дея гап бошлади онахон. - Уруш бошланганда беш ёшли қизча эдим. Лекин шундай бўлсада, ўша вақтлардаги одамларнинг қиёфалари, қайғулари ёдимда қолган. Чунки урушга яроқли бўлган эркакларнинг барчаси фронтга жўнатилгач, даладаги барча ишлар аёллар билан ёш болаларга қолган эди. Биз эрта шомдан то кечга қадар ота-оналаримиз билан далада ишлардик. Қорнимиз нонга тўймасди. Чунки ўша пайтларда колхозда етиштирилган барча маҳсулотлар фронтга жўнатиларди. Уруш ғалаба билан тугаган бўлсада, қишлоқларда аҳвол яхши эмасди. Шундай бир ҳолатда биз тенгилар ҳам далада ишлашга мажбур эдик.
1956 йилда қишлоғимиздаги меҳнатсевар, қатъиятли инсон Амриддин Қувондиқовга турмушга чиқдим. У кишининг отаси ва тўрт нафар тоғаси урушда ҳалок бўлганди. Етимлик нималигини бошидан ўтказган турмуш ўртоғим оилада менга ниҳоятда меҳрибон эди. Ўша пайтда барча дала ишлари қўлда бажарилар, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан ҳосил етиштиришда қийинчиликларга дуч келинарди. Қарийб олтмиш йил бирга турмуш қурган бўлсак, ўн нафар фарзандни тарбияладик. Болаларимнинг отаси кўп йиллар бригада бошлиғи бўлиб ишлаган пайтларда ҳам биз фарзандларимиз билан ипак қурти боқиб, 400-500 килограмлаб пилла етиштирардик. Фарзандларимиз улғайиб ўқимишли бўлишди. Уларнинг олти нафари олий маълумотга эга бўлиб, ўз соҳаларида меҳнат қилиб, халқнинг ҳурматини қозонишди.
Дарвоқе, Тошбуви момо бугунги кунда қишлоқнинг энг ардоқли инсонларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақда «Турон» маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Шуҳрат Толлиев шундай дейди:
- Қувондиқовлар оиласи нафақат қишлоғимизда, балки маҳалламиздаги энг намунали оилалардан бири ҳисобланади. Ўтказилаётган байрам кечаларида, ҳашарларда оила аъзолари доимо фаол иштирок этишади. Раҳматли Амриддин Қувондиқов бригада бошлиғи бўлиб ишлаган кезларида қишлоғимиз ободончилиги учун кўп хайрли ишларни амалга оширганлигини гувоҳи бўлганман. Бунга битта мисол келтираман. Ўша пайтларда қишлоғимизда футбол майдончаси бўлмаганлиги туфайли ёшлар Янгиқўрғон қишлоғига бориб тўп тепишарди. Амриддин аканинг ташаббуси билан катта стадионга жой ажратилди. Ҳозирги пайтда ўйингоҳ ёшларнинг ҳақиқий севимли масканига айланган. Тошбуви момомиз ҳам ўтказилаётган тўйларнинг камчиқим бўлиши ва оилаларнинг аҳил-иноқ яшашлари учун доимо ўз фикрларини, насиҳатларини айтиб турадилар.
- Бизнинг олий маълумотли бўлишимизда меҳрибон ота-онамизнинг ҳиссалари ниҳоятда катта бўлган дейди, - тўнғич ўғли Собир Амиров. - Чунки улар ёшлигимиздан бошлаб яхши ўқишимиз, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимиз учун тўғри йўл кўрсатишган. Шу туфайли биз фарзандлар ота-онамиздан бир умр миннатдормиз. Ҳозир онам тўқсон ёшни қаршилаш арафасида турибди. Ҳар байрамларда келиб онамни қутлаймиз, отам билан боғлиқ воқеаларни хотирлаймиз. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир фарзанд ота-онаси билан фахрланиши керак, деган фикрдаман.
Бундай сўзларни Тошбуви момонинг фарзандлари Азим, Насим, Одил, Умар қизлари Манзура, Анзират ва Малоҳатлардан ҳам эшитдик. Улар ҳам ўзларининг ҳаётда ўз ўрниларни топишда йўл кўрсатган ота-оналаридан ниҳоятда миннатдор эканликларини алоҳида таъкидладилар. Бугунги кунда Тошбуви момо саккиз нафар фарзанди (Ҳусан ва Ҳабибалар оламдан ўтишган Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) 34 нафар набира 45 нафар чеваралари даврасида фаровон ҳаёт кечирмоқда. Пиру бадавлат онахон давлатимизнинг кексаларга кўрсатаётган ғамхўрликларидан ниҳоятда миннатдор эканлигини завқ-шавқ билан сўзлайди, бугунги тинчликнинг, фаровонликнинг қадрига етиш кераклигини ёшларга уқтиради.
Меҳри дарё онахон билан хайрлашиб, ортга қайтар эканмиз, "Умрингиз узоқ бўлсин, юз ёшли юбилейингизда сиз билан учрашиб юриш бизга ҳам насиб этсин, азиз онахон" дея тилак билдирдик. Бу эзгу ниятимизнинг ижобат бўлишини Яратгандан сўраймиз. Оналар бор экан, ҳаёт давом этаверади, азизлар! Тириклик пайтида оналаримизни асрайлик, қадрлайлик!
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид:

Онани эъзозлаш халқимиз учун олий қадрият
- 10 мар, 11:10

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Меҳнат фахрийлари
- 11 фев, 21:07