Оқдарёликлар тиббий хизматдан розими? бу саволга туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шавкат Жабборов жавоб беради

- Мен 1976 йилнинг 18 март куни Ургут туманида туғилганман, маълумотим олий, Самарқанд тиббиёт институтини 2001 йилда тугатганман. Меҳнат фаолиятимни 2001 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтида клиник ординатор сифатида бошлаганман. 2020 йилда "Йил шифокори" номинациясида ғолиб чиққанман.
Савол: Сиз бошқа туманларда ҳам раҳбар бўлиб ишлагансиз. Оқдарёнинг сиз ишлаган туманлардан фарқи нимада деб ўйлайсиз?
Жавоб: Тўғри, мен Пахтачи туманида 5 йил, Тайлоқ туманида 2 йил бош врач сифатида фаолият кўрсатганман. Вилоят тиббиёт бошқармасининг ишончи билан, Оқдарё тумани тиббиёт бўлимига раҳбар бўлиб тайинландим. Мақсадим бу туманни тиббиёт соҳасидаги фаолиятини яхшилайман, юқори ўринларга олиб чиқаман, чиқараман деб олдимга мақсад қўйганман. Оқдарёликлар оқ-кўнгил халқ эканлигини дастлабки кунларданоқ англаб етдим. Фақат туманда тиббиёт биноларининг ҳолати бошқа туманларга нисбатан орқада қолган. Бу масала бўйича туман ҳокимлиги, вилоят ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигигача хат билан чиқиб ёрдам сўраганман. Айни пайтда мурожаатларим ижобий ҳал бўлиш арафасида турибди. Масалан; янги рўзғорлик бўлсангиз уни бутлаш учун қанча ҳаракат, қанча жиҳоз керак бўлади, шунинг учун биз ҳам тиббиёт соҳасини ривожлантиришимиз, иш шароитларини яхшилаш, аҳоли розилигига эришиш учун қаттиқ ҳаракат қилишимиз зарур. Албатта бундай ишларни туман ва вилоят ҳокимликлари ор-қали, уларнинг ёрдамлари билан амалга оширамиз.
Савол: Аксарият тумандошларимиз илгари туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфида бўлган "Тез ёрдам" бўлимининг вилоятга бўйсиндирилишини нотўғри деган фикрда. Сабаби тез ёрдам машиналари мурожаат қилинганидан сўнг ҳам 40-50 минут ичида кечикиб келаяпти. Бу ҳақда сизнинг шахсий фикрингизни билмоқчи эдик.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 июндаги "Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун" очиқ мулоқотида берилган топшириқлар яъни "Аҳолига тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш" ПҚ-283 сонли қарорига асосан тез тиббий ёрдам хизмати ягона тизимга ўтказилди. Ушбу қарор муносабати билан туман тез ёрдам бригадалари Республика тез ёрдам тасарруфига ўтказилган, ҳозирги кунда 103 қисқа рақамига қунғироқ қилинса тўғридан тўғри Республикага, кейин вилоят ва туманларга чақириқ узатилади, шу сабабли кечикиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мени шахсий фикримга келадиган бўлсак, аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматидан рози қилиш, кечикишларни олдини олиш мақсадида аввалги тизим яъни тез тиббий ёрдам хизмати туманларни ўзига қайтарилса яхши бўларди.
Савол: Айрим фуқароларимиздан тиббиёт бирлашмаси ҳақида сўраганимизда, улар пуллик хизмат кўпайиб бораётганлигидан шикоят қилишади. Тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлган қайси бўлимларда пуллик хизмат мавжуд? Пуллик хизмат мавжуд бўлмаган бўлимлар ҳам борми? Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги "Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-311-сонли қарори асосида реимбурсация дастури Республикамизнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилмоқда. Шу муносабат билан Оила шифокори ва аҳоли орасида бирламчи тизим фаолиятини ривожлантириш, маънавий мавқеини ошириш, аҳолининг сарсонгарчилигини олдини олиш, беҳуда маблағ сарфланишини олдини олиш мақсадида бирламчи тизим муассасаларида кундузги стационарлар ташкил этилган, оғир реанимацион ёрдамга муҳтож бўлмаган аҳоли кундузи ётиб даволаниши, даво муолажаларини ўз муассасасидан олиши лозимлиги белгиланган. Агар ўз оила шифокори ёки тиббий бригада ҳамшираларига беъэтиборлик қилиб, бошқа муассаса, вилоят ёки туман марказига йўлланмасиз мурожаат қилганларида пуллик хизмат кўрсатилади. Туман тиббиёт бирлашмасида Терапия, Неврология, Жарроҳлик, Травматология, Гинекология бўлимларида қисман, жами 30 ўрин пуллик сервис хизмат кўрсатиш учун ташкил этилган ҳамда барча шароитлар яратилган, фуқароларимиз хоҳлаган вақтида пуллик хизмат хоналаридан фойдаланишлари мумкин, пуллик хизматдан тушган маблағлар тиббиётнинг моддий техник базасини мустаҳкамлашда ёрдам беради.
Савол: Айни вақтда тиббиёт ходимлари халқимизга ўз вақтида намунали хизмат кўрсатаяпти деб айта оласизми? Шахсан сиз қайси бўлимларнинг фаолиятидан қониқасиз ёки қайси бўлимлар фаолиятидан қониқмайсиз? Фикрингизни очиқчасига баён қилсангиз?
Жавоб: Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасида аҳолига 12 та бирламчи тизим муассасалари, 9 та стационар бўлимлар ва 7 та ёрдамчи бўлимлар хизмат кўрсатади. Ушбу бўлимлардан самарали хизмат кўрсатиш учун эски бинолардаги бўлимларни янги бинога кўчириб ўтказиш, янги бинода ҳам шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун жойлаштирилган бўлимлар Сан-Пин талабларига мос келмайди, натижада иш сифати самарадорлиги паст даражада бўлади. Масалан, бўлимларда ётиб даволанаётган беморлар орасида пул, йўлкира сарфлаб физиотерапия муолажалари олишга тўғри келмоқда, сабаби узоқ масофада жойлашган.
Савол: Барча соҳада тажрибали иқтидорли кадрлар муваффақият келтириши бор гап. Кўпинча тиббиёт соҳасида ўқиган, аниқроғи тиббиёт коллежларини битирган ёшларни ишга жойлаштириш долзарб вазифалардан бири. Бу борада тиббиёт бирлашмасида аҳвол қандай? Ишга жойлаштиришда таниш-билишчилик ва ошна-оғайингарчиликка йўл қўйилмаяптими?
Жавоб: Тиббиёт соҳаси тўхташни билмайдиган соҳа бўлганлиги боис, ҳамиша янгиликлар кўплаб киритилмоқда. Даволаш жараёнлари, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари шулар жумласидан. Ҳозирги кунда юқумсиз касалликлар кўпайганлиги сабабли, аҳоли орасида тиббий маданиятни ошириш, жисмоний фаоллик, семизликни олдини олиш, юқумсиз касалликлар профилактикаси каби тадбирларни доимий олиб бориш, бу соҳада маҳалла, мактаб ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида тарғиботни кучайтириш зарур. 2024 йил 30 апрелдаги янги меҳнат кодексида иш берувчи томонидан баъзи ваколатлар олиб ташланганлиги боис, кўплаб нафақадаги тиббиёт ходимлари иш фаолиятини давом эттирмоқда. Бу ўз навбатида тиббиётдаги иш самарадорлигига ва янги битириб келаётган ёш кадрларни иш билан таъминлашда тўсиқ бўлмоқда, биламизки нафақа ўз-ўзидан берилмайди. Манфаатлар тўқнашуви ва ошна-оғайничилик бўйича ишга олиш ҳолатларига йўл қўйилгани йўқ. Чунки ҳозирги кунда тиббиёт тизими рақамлаштиришга ўтганлиги сабабли, бўш вакант ўринлар hrm.argos.uz сайтида жойлаштирилади, инсон омилисиз ишга жойлашиш имконияти яратилган.
Савол: Бугунги кунда тиббиёт ривожланиб бораяпти. Хориждан янгидан-янги тиббий асбоб-ускуналар олиб келинаётган хусусий клиникалар ва корхоналар мавжуд. Сиз раҳбар бўлиб келгандан кейин тиббиёт бирлашмасига қандай янги тиббий жиҳозлар олиб келинди?
Жавоб: 2024 йил июнь ойидан буён тозаликни сақлаш ва аввалдан бирлашмага узоқ масофада бўлганлиги муаммо бўлаётган зарарсизлантириш бўлими яқин масофага кўчириб олиб келинди. Ташаббусли бюджет ло-йиҳасининг 2-мавсумида ғолибликни қўлга киритиб, автоклав аппарати 4 дона, рақамли рентген аппарати 1 дона, лапороскопик стойка 1 дона, ЭКГ аппаратлари, музлатгичлар 10 дона, кир ювиш машинаси 4 дона, бўлимлар кондиционерлар билан таъминланди. Бошдархон, Қирдархон филиали, Болта филиаллари капитал таъмирдан чиқарилди, 30 ўринли пуллик хизмат кўрсатиш хоналари ташкил этилди.
Савол: "Оқдарё овози" газетасини ўқиб борасизми? Газетамиз ҳақида сизнинг шахсий фикрингиз қандай? Хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, фикрингизни баён этсангиз?
Жавоб: Ҳа албатта, ҳар бир сонини ўқиб бораман, чунки туманимизда ҳафта давомида амалга оширилган ишлар, янгиликлар ёритиб борилади. Чунки газета саҳифаларида тарихий мавзуларда мунтазам мақолалар, Адабиёт саҳифалари, шеърлар ва ҳикоялар, одоб-ахлоқ мавзусидаги кишини ўйлантирадиган мақолалар мунтазам бериб борилади. Газета муштарийлари айниқса, биз тиббиёт ходимлари бундан ниҳоятда миннатдормиз. Шу боисдан ҳам жамоамиз газетани ҳар бир чиқишини интизорлик билан кутишади. Халқимизда тиббий кўникмани юксалтириш учун газетани ҳар бир сонида шифокорлар маслаҳатининг бериб борилаётганлиги аҳоли ўртасида турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилаяпти. Шунинг учун ҳам таҳририят ходимларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Мухбир: Шавкат Шомирзаевич самимий жавобларингиз учун халқимиз номидан ўз ташаккуримизни билдирамиз ва келгусидаги барча ишларингизга омад тилаймиз.
Суҳбатни Йўлчи МУҲАММАДИЕВ олиб борди.
Мавзуга оид:

Суд ва ҳаёт
- 31 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05