ТУНДА ТАРАЛГАН ТАРОНА

Ёзнинг иссиқ кунларида соя-салқинда дам олишга нима етсин. Июнь ойининг кейинги кунларида эса ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, нафақат кексаларнинг, балки ёш болаларнинг соғлигини ҳам назорат қилиш, иссиқдан сақланиш зарур бўлиб қолди. Айниқса, кекса ва бемор кишилар, турли хил касаллиги бор инсонлар учун тинчлик, осойишталик, тоза ҳаво муҳим аҳамиятга эга.
 Шундай пайтларда кечаси деразани очиб ётиш ёки далада очиқ ҳавода нафас олиб ором олиш кишига ҳузур бағишлайди. Майин мусиқа оҳанги таралиб турса янада яхши. Минг афсуски, ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди. Айниқса, туннинг осойишталигини, кишилар оромини бузадиган ҳолатлар бўлганида дам олиш ўрнига баттар асабийлашасан, бир дардингга яна бир дард қўшилгандек, ўзингни  ёмон ҳис қиласан, киши.
Туман марказидаги Истироҳот боғи бугунги кунда халқимизнинг энг яхши дам олиш масканларидан бирига айланганлиги рост. Куну тун болаларнинг, кекса-ю ёшларнинг бу гўшадан қадами узилмайди. Бу ерда ташкил этилган турли хил аттракционлар, ўйингоҳлар болаларни ўзларига жалб этса, сўлим гўша ва бошқа дам олиш масканлари катталар учун доимо хизматда. Шундай экан, Истироҳот боғида мириқиб дам олишга нима етсин, дейсиз.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Истироҳот боғида дам олиш кунлари туман Маданият уйи санъаткорлари томонидан кечки концерт программаси намойиш этилаётганлиги ҳам халқимизнинг мазмунли маданий ҳордик чиқаришига хизмат қилмоқда. Бундан албатта, халқимиз миннатдор бўлишмоқда. 
Минг афсуски, инсон ҳаётида ҳамма нарсанинг ҳам ўз ўлчови, меъёри ва вақти бор эканлигини ҳамма ҳам билавермас экан. Негаки, инсон ўз ҳаётининг ҳамма вақтини ҳам доимо хушвақт, дам олиш ёки ўйин-кулгу билан ўтказа олмайди. Шундай экан, ҳар киши вақтида ишлагиси, вақтида дам олгиси келади. Ишдан ҳориб-чарчаб дам олиш мақсадида тоза ҳаво олиш учун деразаларни очар экансиз, тунги маҳалда қулоқни қоматга келтирувчи турли хил куй-қўшиқларни сабр-тоқат билан тинглашга мажбур бўласиз, баъзан. Сабр-тоқатнинг ҳам чегараси бор-ку ахир, бу мусиқа оҳангларини ҳар куни туннинг ярмига қадар эшитишнинг ўзи бўладими? Унинг устига овози шу қадар баланд қўйилади-ки,  бутун оламни эгаллаб олгандек гўё. Айниқса, қаттиқ чарчаганда ёки касал бўлганда ўзингни қаерга уришни билмайсан, киши. Мусиқани шунчалик баланд овозда етти маҳаллага етказишдан кимга фойда экан? Ахир, дам олгиси келган одам шусиз ҳам бу масканга келаверади-ку. Ўта баланд мусиқа, шовқин-сурон ҳар қандай киши учун ҳам зарарли эканлигини унутмаслик лозим.
Бу билан биз Истироҳот боғида мусиқа оҳанглари янграмасин, деган фикрдан йироқмиз, албатта. Майли, мусиқа ҳам ҳар куни, ҳар соатда янграйверсин, лекин бутун етти маҳаллани бузадиган, турли хил бачкана куй-қўшиқлар эмас, халқимизнинг ҳам дам олиши, ҳам маданий ҳордиқ чиқариши учун мос бўлган миллий тароналар, оҳанграбо куй-қўшиқлар майин оҳангда таралса, нур устига аъло нур бўлар эди. Бундан албатта халқимиз ҳам миннатдор бўлган бўлар, дам олиш маскани халқимизнинг севимли гўшасига айланган бўлар эди. 
Сиз бунга нима дейсиз, Истироҳат боғининг мутасадди раҳбарлари? Сизнинг бу ҳақдаги жавобингизни кутиб қоламиз.
ШУКРОНА.