Инсон ва қонун ДЎКОН ЎҒРИСИ ҚЎЛГА ТУШДИ

Судланувчи Давурова Сабоҳат ўзганинг мол-мулкини яширин равишда

 талон-торож қилиш мақсадида, 2025 йил 20 апрель куни соат 15:00 да Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчасидаги

 Савдо бозори ҳудудида жойлашган фуқаро Мақсудова Матлубага қарашли

 бўлган дўконга ғайриқонуний равишда кирадиУ дўконда ҳеч ким 

йўқлиги, дўконнинг ичида турган столнинг тортмасини эшиги очиқлигидан фойдаланиб, ичида бўлган жами 6.000.000 сўмни олиб, ён чўнтагига солади ва дўкондан чиқиб кетиб, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилади.   

Судда сўроқ қилинган судланувчи Давурова Сабоҳат айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагича баёнот берди. Сабоҳат 2025 йил 20 апрель куни шифокорга ҳамда Оқдарё туманида яшовчи табибга кўриниб келиш мақсадида танишлари Бону, Нодира ва Хуршидалар билан бирга йўловчи автомашинада Қашқадарё вилоятидан   Самарқандга қараб йўлга чиқади. Улар Оқдарё туманига 15:00 ларда кириб келади ва ўзларига керак бўлган табибнинг манзилини қидира бошлашади. Аммо табибнинг қаерда яшашлигини тополмаганидан сўнг улар Лойиш шаҳарчасида жойлашган бозорга кириб дўконларни биргаликда  айлана бошлайди. 

Савдо дўконларини кузатиб юриб улар  болалар учун кийим-кечаклар дўкони олдига боришади. Сотувчи аёл киши ташқарида турган эди. Шу вақт Сабоҳат ва Нодира дўкон ичкарисида бўлган кийимларни кўра бошлашади. Ташқари томонда эса Бону билан Хуршида дўкончи аёл билан бирга кийимларни кўрар эди. Шунда Сабоҳат дўконнинг ўнг бурчак томонида ёғочдан ясалган тортма ва стол борлигини кўриб қолади. Мазкур тортманинг эшиги очиқ ҳолатда бўлиб, унинг ичида 50.000 купюрада пуллар турганлиги унинг диққатини тортади. Нодира кийимларни томоша қилиб чалғиб турганлиги ҳамда дўкончининг ташқарида эканлигидан фойдаланиб, Сабоҳат тезда мазкур пулларни олиб, ўнг чўнтагига солади. Шундан сўнг у  ҳеч   нима бўлмагандек ташқарига чиқади. Унинг ортидан Нодира ҳам чиқади. Нодира унинг пулларни олганлигини кўрмаган эди. Улар шу тариқа дўконларни айланиб ўзига керак бўлган нарсаларни харид қилиб бозордан ташқарига чиқишади ва йўловчи автомашина билан Қашқадарё вилоятига қайтиб кетишади.  Сабоҳат яшаш манзилига келиб дўкондан  олган пулларини санаб кўрганида жами 6.000.000 сўм пуллар бор  эканлигини билади, у пулларни туриб турсин деган мақсадда яшаш уйига қўйиб қўяди. 

2025 йил 27 апрель куни Сабоҳатга тегишли бўлган телефонга профилактика инспектори телефон қилади ва  Лойиш шаҳарчасининг савдо дўконларида жойлашган кузатув камераларини кўрсатади. Бу ерда нима қилиб юрганлигини ва нима олиб келганлигини сўраганида Сабоҳат бирдан унга пул ўғирлаб олганлигини ва пулларни ишлатмасдан сақлаб қўйганлигини айтади. Шундан сўнг профилактика инспектори ўғирланган пулларни унга олиб бориб беришлигини айтганида, у тоби йўқлигини баҳона қилади.

2025 йил 15 май куни Қарши шаҳрида жойлашган ИИБ биносига уни ходимлар чақиради ва ўғирлаб олинган пуллар далилий ашё тариқасида холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинади. Бугунги кунда судланувчи Сабоҳат Давурова жабрланувчига етказилган моддий зарарларни тўлиқ қоплаб берганлиги ҳамда қилган ишидан пушаймон эканлиги сабабли унга нисбатан қонуний енгиллик қилишни сўраб кўрсатма берди.

Суд ҳукмига кўра судланувчи Давурова Сабоҳат   Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 2-қисмининг "г" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан 1 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

                    

А.МУРОДОВ,

вилоят прокуратураси 15-бўлим прокурори-криминалисти, биринчи даражали ҳуқуқшунос.