ЁШ ЙИГИТ НЕГА ЖИНОЯТ КЎЧАСИГА КИРДИ?

Судланувчи Л.И. Оқдарё туманидаги "Мустақиллик" МФЙга қарашли "Лабиариқ" кўчаси рақамсиз уйда яшайди. У ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилишни ўз олдига мақсад қилиб олади. 2021 йил 25 июль кунидан 26 июль кунига ўтар кечаси соат 01:30 лар чамасида Лойиш шаҳарчаси "А.Темур" кўчасида жойлашган фуқаро Т.О.га тегишли бўлган автомашина эҳтиёт қисмлари сотиш дўконига, дўкон эшигини қўлида бўлган темир қозиқ ёрдамида бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда киради. Ушбу дўкон ичида бўлган жами 12.760.000 сўмлик мол-мулклари ҳамда ушбу дўконда бўлган 24.120.000 сўм пулларни яширин равишда ўғирлаб олиб кетиб, ҳодиса жойидан яширинади.  

2021 йил 31 октябрь кунидан 1 ноябрь кунига ўтар кечаси соат 02:00 лар чамасида Л.И. ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, Лойиш шаҳарчаси "А.Темур" кўчасида жойлашган фуқаро А.С.га тегишли бўлган телефон аппаратлари ва анжомлари (аксессуарлари) сотиш дўконига, дўкон эшигини қўлида бўлган темир қозиқ ёрдамида бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда киради. Ушбу дўкондан жами баҳоси 16.650.000 сўмлик мол-мулкларини ҳамда дўкон ичида бўлган 3.500.000 сўм пулларини яширин равишда ўғирлаб олиб, ҳодиса жойидан яширинган.

2021 йил 14 ноябрь кунидан 15 ноябрь кунига ўтар кечаси соат 02:00 лар чамасида Л.И. такроран Лойиш шаҳарчаси "А.Темур" кўчасида жойлашган фуқаро Р.Ш.га тегишли бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш дўконига, дўкон эшигини қўлида бўлган темир қозиқ ёрдамида бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, ушбу дўкон ичида бўлган жами 1.600.000 сўмлик турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини яширин равишда ўғирлаб кетиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Бундан ташқари, судланувчи И.Л. такроран ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида 2021 йил 17 ноябрь кунидан 18 ноябрь кунига ўтар кечаси соат 02:30 лар чамасида Лойиш шаҳарчаси "А.Темур" кўчасида жойлашган фуқаро М.Д.га тегишли бўлган автомашиналар эҳтиёт қисм-ларини сотиш дўконига, дўкон эшигини қўлида бўлган темир қозиқ ёрдамида бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, ушбу савдо дўкони кассасида турган 600.000 сўм пулларни жами баҳоси 9.838.000 сўмлик турли хил автомашина эҳтиёт қисмларини яширин равишда ўғирлаб олиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Шунингдек, судланувчи И.Л. ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, 2021 йил 27 декабрь кунидан 28 декабрь кунига ўтар кечаси соат 02:30 лар чамасида Лойиш шаҳарчаси "А.Темур" кўчасида жойлашган фуқаро Н.Э.га тегишли бўлган автомашиналар эҳтиёт қисм-ларини сотиш дўконига, дўкон эшигини қўлида бўлган темир қозиқ ёрдамида бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, ушбу дўкон ичидаги шкафда турган, Ўзбекистон Республикаси миллий валютасига нисбатан 36.754.000 сўмга тенг бўлган жами 3.400 АҚШ долларини ва 4.700.000 сўм пулларини яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Шуниндек, у 2022 йил 11 март кунидан 12 март кунига ўтар кечаси соат 03:00 лар чамасида Лойиш шаҳарчаси А.Темур кўчасида жойлашган фуқаро Н.У.га тегишли бўлган телефон аппаратларини сотиш ва таъмирлаш дўконига, дўкон эшигини қўлида бўлган темир қозиқ ёрдамида бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, дўкон ичида турган баҳоси 2.950.000 сўмлик 10 дона ишлатилган турли русумдаги телефон аппаратларини, 1 дона "Самсунг" русумли планшет аппаратини ҳамда 4.050.000 сўм пулларини яширин равишда ўғирлаб олиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Судланувчи Л.И. эндигина йигирма ёшдан ошди. Унинг тенгдошлари айни пайтда олий ўқув юртларини тугатиб, бирор бир касбнинг эгаси бўлишган бўлса, айримлар ўзлари севган ҳунарни эгаллашиб, шу касб-ҳунарлари орқали ўзи, оиласи, қолаверса жамиятимиз равнақи учун ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда. У эса тенгдошлари сингари бирор касб ёки ҳунар эгаллаш, оиласи, халқи, она юртига нафи тегиши ўрнига, ўзгаларнинг молига эга чиқиб, осонгина мўмай даромад орттиришни ўзига мақсад қилиб олди. Такрор-такрор жиноий ишга қўл урди. Оқибатда эса қилган жиноий иши учун ёшгина умри хазон бўлиб, ҳаётининг энг навқирон дамларини панжара ортида ўтказишга мажбур бўлмоқда. Унинг бу жиноят кўчасига кириб кетишига ким айбдор? Оиласими, ота-онасими, яқин қариндошларими, мактабими, маҳалласими...? Албатта, оиладаги, мактаб ва маҳалладаги назоратсизлик, эътиборсизлик ва масъулиятсизлик оқибатида бу каби жиноятлар юзага келишига сабаб бўлади.

Судланувчи Л.И. Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисмининг "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 И.ДОНИЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.