Ижодий учрашув таассуротларга бой бўлди

Жорий йилнинг 26 июнь куни туман марказидаги "Истироҳат боғи"да  "Оқдарё овози" газетаси қошида ташкил этилган "НAВНИҲОЛ" ижодий клуби аъзолари ва тумандошимиз - ўзининг серқирра ижоди ва асарлари билан республикамиз адабиёт аҳлига яхши таниш бўлган устоз Орзиқул Эргашев билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. "Навниҳол" ижодий клуби ижодкорлари томонидан узоқ кутилган ушбу ҳаяжонли ижодий учрашув туманимизнинг сўлим гўшаси Истироҳат боғида бутун мамлакатимиз бўйлаб Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни нишонланаётган кунларда ташкил этилганлиги билан диққатга сазовор бўлди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, туманимиз шоираси Ойгул Маматова ушбу учрашувга йиғилган тумандаги умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган барча ижодий ва маданий масалалар бўйича тарғиботчиларни, адабиётга, шеъриятга ошно тутинган ўқувчи ёшларни, ижодкор қаламкашларни "Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни" байрами билан табриклаб, учрашувни очиб берди. Учрашув иштирокчилари ҳисобланган туманимиз ижодкорлари ўзларининг қаламига мансуб бўлган шеърларларидан намуналар ўқишиб, қўшиқларидан хиргойи қилишиб, тадбирнинг шукуҳига шукуҳ қўшишди.
Тадбир давомида устоз Орзиқул Эргашев ўзининг ҳаёти ва ижод йўли давомида босиб ўтилган хотиралари, ширин дақиқалар бўлиб муҳрланган қизиқ воқеалар ҳақи-да сўзлаб берди. Ушбу ҳикояларни зўр қизиқиш ва ҳаяжон билан тинглаб, даврани тўлдириб турган барча ижодкорлар ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат этишиб, устоздан ажойиб ва тарбиявий жавобларни олдилар. Бу эса оқдарёлик ижодкорларимиз учун, айниқса, адабиёт соҳасига кириб келаётган ёш шогирдларимиз учун келгусидаги ижодий ишларига парвоз бўлади, деган умиддамиз.  
Озода ҚУРБОНМУРОДОВА.