Сиз бунга нима дейсиз? Йўлсозларнинг "янги кашфиёти" лойишда синовдан ўтмоқда

Туман маркази Лойиш шаҳарчаси кун сайин чирой очмоқда. Шу кунларда бу ерда кўп қаватли турар-жой бинолари қад кўтариб, аҳолини уй-жойга бўлган талабини маълум даражада қондирмоқда. Буларнинг ҳаммаси яхши, аммо:
Аммо деганимизнинг боиси шундаки ўтган йилдан бошлаб Лойишнинг Амир Темур номи билан аталувчи шоҳкўчаси кенгайтирилиб, тартибга келтирилди. Бироқ Самарқанд томондан Лойишга машинада кирадиган бўлсангиз эҳтиёт бўлишингизга тўғри келади. Чунки йўл асфальтланган бўлсада, катта йўлнинг ўртасида темир қопқоқлар (колодец) кўзга ташланади. Ачинарли томони шундаки, негадир йўлсозлар мана шу биз айтаётган темир қопқоқлар атрофини яхшилаб таъмирлаб, асфальтлашга умуман эътибор беришмаган. Эҳтимол, асфальтни тежашгандир. Натижада кунига ўтаётган ўнлаб-юзлаб автомашиналарнинг ҳайдовчилари катта хавотир билан темир қопқоқларни айланиб ўтишга мажбур бўлаяпти. Ҳайдовчиларнинг айтишларига қараганда, Камаз ва  бошқа юк ташувчи машиналар ҳам тезлик билан келаётган пайтда бу темир қопқоқларни кўрмасдан устидан ҳайдаб ўтишган ва натижада юкхонага ортилган маҳсулотларнинг бир қисми кўчага ағнаган. Бундай ҳолларни тез-тез кузатиш мумкин. Агарда бирорта енгил машина бу қопқоқларни кўрмай қолса борми, автоҳалокат бўлиши турган гап. Негадир йўлни таъмирлаган вилоят йўл қурилиши ташкилоти масаланинг шу томонига эътибор беришмаган. Ёки улар оқдарёликлар ювош халқ, уларни алдаса ҳам бўлаверади, деган фикрда бўлишдимикин. Чунки йўл қурилиши ташкилоти тўғридан-тўғри вилоятга бўйсунгандан сўнг туман ҳокимлиги ҳам нима қилсин?
Йўлнинг атрофидаги кўкаламзорлаштириш масаласига ҳам панжа орасидан қаралган. Ваҳоланки, автомашиналар билан пиёдалар йўлаги ўртасида бир неча метр жой мавжуд бўлиб, шу майдонга майсалар экилиши лозим эди. Шунинг учун махсус сув келадиган қувурлар харажат қилиб ўрнатилган. Минг афсуслар бўлсинки, ёзнинг ярми ўтиб бораётган бўлишига қарамасдан майсалар экилиши лозим бўлган майдон сувсизликдан қақраб ётибди. Бу ишни бажарган масъулларни текширадиган бирорта ташкилот борми ўзи? 
Ҳа, айтмоқчи, агар Лойишга автомашинада келмоқчи бўлган меҳмонлар бўлса, эҳтиёт бўлишларингизни маслаҳат берамиз. Чунки Лойишга кирганингиздан сўнг йўллардаги темир қопқоқларни кўрмай қолишингиз ҳам мумкин. Ҳар ҳолда биз мезбон сифатида сизларни огоҳлантирдик ва бурчимизни бажардик.
ЖЎШҚИН.
Суратларда: Лойишнинг Амир Темур шоҳкўчасидаги 
ачинарли манзаралар акс эттирилган.
Мавзуга оид: