ШИФОКОР - ДАРДЛАРГА ШИФО БЕРУВЧИ ИНСОН

Шифокорлик инсон тақдири билан боғлиқ ўта масъулиятли ва шарафли касб ҳисобланади. Дарҳақиқат, шифокор - кўнгилларга малҳам, дардларга шифо берувчи инсон. Шифокор ҳамиша эл орасида - одамлар билан бирга. Шифокор қай вазиятда бўлмасин, инсонларга - беморларга кўмак беради. Шунинг учун ҳам халқимиз шифокорларни ҳамиша эъзозлайди, шифокорлар доимо элнинг ҳурмат-эътиборида. Инсон ҳаётига дахлдор бўлган ўта масъулиятли касбни зиммасига олган, бу йўлда фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган тиббиёт ходимлари эса вилоятимизда, туманимизда ҳам кўплаб топилади. 
Ёз ойларида ўғлим Олмосбек билан Зомин шаҳрига кетаётиб бахтсиз ҳодиса туфайли автоҳалокатга учрадик. Мен шу заҳоти ҳушдан кетганман. "Тез ёрдам" машинаси билан бизни республика ихтисослаштирилган травматология-ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалига олиб келишиб, керакли чора-тадбирларни қилишган. Кўзимни очганимда эса билдимки, аҳволим жуда аянчли ҳолатда эди. Шифокорлар тиббий кўрикдан ўтказишиб, қовурғаларим синганлигини, бошим чайқалганлигини, чап юз ва кўзим чуқур жароҳатланганлигини айтишди. Ўғлимнинг ҳам оёқлари синган, аҳволи жуда оғир эди. Тиббиёт марказининг бўлим мудири Жўрабекжон Бегматов, шифокор Эркин Ҳотамов, Шоҳрух Раимович, Зубайда Шароповна, лаборант врач Шаҳло Холиқова, Эътибор Умаровалар бизнинг дардимизга даво топишган бўлса, кичик тиббий ходимлардан Ойсанам ва Зариналар сидқидилдан хизмат қилишиб, ҳаттоки овқатимизни ҳам едириб қўйишди. Уларнинг кўрсатган тиббий муолажалари дардимизга малҳам бўлган бўлса, ширин муомалалари кайфиятимизни кўтариб, тезда соғайишимизга сабаб бўлди. Ана шундай ўз касбининг фидойилари бўлган қалби дарё шифокорларга чексиз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз. 
2021 йилнинг 9 июнидан бошлаб эса биз анча соғайиб қолган бўлсакда, муолажаларимизни давом эттириш учун ўғлим Олмосбек билан туман тиббиёт бирлашмаси "Травматология" бўлимига ўтказилдик. Бизни бу ерда ўз касбининг ҳақиқий усталари бўлган Темир Очилов ва Жамшид Очиловлар хушмуомалалик билан кутиб олдилар. Ўғлимнинг аҳволи анча жиддийлиги сабабли қарийб 50 кун давомида оёқларига тош осилганича ётди. Доимий равишда кўрсатилган тиббий муолажалалар, ширинсўз шифокорларнинг хушмуомаласи туфайли ҳар иккаламизнинг соғлигимиз тикланди, ҳаётда қайтадан туғилгандек ҳис этдик ўзимизни.
"Травматология" бўлимининг шифокорлари Темир Очилов ва Жамшид Очилов, кўз шифокори Элдор Ҳасанов, боғлов ҳамшираси Нигора Очилова, тозалик ҳамширалари Ҳамида Донаева ва Наргиза Ҳотамовалар ва бошқа хизматчилар бизларнинг соғлигимизни тиклаб, умримизга умр қўшиб, ҳаётимизга қайта ҳаёт бахшида этишди. Касбий бурчини чуқур англаган, эл-юрт тақдирига дахлдорлигини ҳис қилган, элнинг мана шундай эътирофига сазовор бўлиб келаётган, шарафли касб эгаларига қарата: "Бу оламда яхшиям бор, дарддан қалқон шифокорлар, Ҳар одамга чин мададкор, асл инсон шифокорлар!.." дея энг улуғ ва шарафли касб эгалари бўлган шифокорларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирар эканмиз, бизнинг ва бутун халқимизнинг саломатлиги йўлида сиз азизларга ҳам ҳамиша соғлик-саломатлик тилаб қоламиз.
Гулзода АБДУЛЛЕВА,
                                   Мустақиллик маҳалласи.  
Мавзуга оид: