Онахон қувончли кунида тақдирланди

"Янгиравот-2" маҳалласининг Уклон қишлоғида яшовчи Мавлуда Рустамова ҳаётида бўлиб ўтган турли қийинчиликларни сабр билан енгиб ўтди. Онахон турмуш ўртоғи билан фарзандларини беками-кўст тарбиялаб келаётган бир пайтда ҳаётида оғир жудолик содир бўлди. Мавлуда ая эндигина 31 ёшда, 5 нафар фарзандларининг ўспирин чоғида турмуш ўртоғи Толмас Эргашевдан ажралиб қолади. Бу оғир синов онахонга ҳар томонлама кучли зарба бўлди. Фарзандларини вояга етказиб тарбиялаш учун ҳам ота, ҳам она бўлиш масъулияти елкасига эрта тушди. Онахон эса ҳаёт сўқмоқларига мардонавор бардош бериб, енгиб ўтди. 
Мавлуда Рустамова 15 январь куни 61 ёшга тўлди. Унинг заҳматли меҳнати, босиб ўтган қийинчиликлари туғилган кунида муносиб тақдирланди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан туман Маданият бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, "Оқдарё овози" газетаси вакиллари томонидан Мавлуда Рустамова хонадонига ташриф уюштирилди. Таваллуд топган куни муносабати билан онахонга совға-саломлар туҳфа этилди.
- 20 йилдан ортиқ қишлоқ врачлик пунктида ҳамширалик қилдим. Ҳаётимда содир бўлган қийинчиликлар ва айрилиққа шу касбим орқали ўзимга юпанч топа олдим, - дейди Мавлуда Рустамова. - Ҳаёт баъзида бизга ўзининг кутилмаган синовларини юборар экан. Бахтимга фарзандларим ва шифокорлик касбим менга доимо далда бўлди. Бугун мен учун унутилмас кундир. Айниқса, туғилган кунимни фарзандларим ва яқинларим билан нишонлаётган шодон кунимда туман ҳокимлиги вакилларининг хонадонимга ташрифи эса мен учун кутилмаган совға бўлди. Бунинг учун эса халқ вакилларидан бир умр миннатдорман.
Мавлуда ая сингари матонат ва жасоратни ўзида мужассам этган кишилар элда азиз бўлади ҳамда уларнинг меҳнати ва заҳмати ҳамиша келажак авлод учун катта ибрат мактабидир.
    Суннатулло ИБРАГИМОВ.
Мавзуга оид: