ҚАЛБИМИЗДА ҲАМИША БАРҲАЁТ

Умрлар бўладики,
Тиригида ўликдир.
Ўлимлар бўладики,
Ўлган одам тирикдир.
                                    М. Шайхзода.
Ҳа, Жамол Исроиловнинг бугунги кунда фарзандлари, набиралари, умр йўлдоши бор, минг-минглаб ўқувчилари ва шогирдлари бор. Жамол ёшлигидан жуда тиришқоқ, ҳаракатчан бўлган. Отаси Иброҳим ака оддий деҳқон эди, онаси 2-мактабда математика фани ўқитувчиси бўлиб ишлар эди. Шу боис Жамол ҳали мактаб ёшига етмаса ҳам онасини орқасидан мактабга келиб юрарди. Ота-онаси фарзандларининг барчасини илмли, билимли инсонлар қилиб тарбиялашди.
Жамол мактабни битиргач, бир йил 7-мактабда етакчилик вазифасида ишлади. Кейинги йили Самарқанд Давлат университетига ўқишга кирди. У олийгоҳда намунали ўқиди, имтиёзли диплом билан битириб, ўзи ўқиган 2-мактабга ўқитувчи бўлиб келди. Шу даврларда унинг опаси Тиловат Исроилова билан бирга ишлаганман. У ҳам жуда билимли география фани ўқитувчиси эди. Мен бу оила билан жуда яқин эдим, оилавий борди-келди қилардим.
Мен 8-мактабда, Жамол 2-мактабда директорлик лавозимида ишлардик. Иккаламиз бир-биримизни "Устоз" деб атардик. Чунки мен Жамол ишлаётган 2-мактабни битирганман. Шу сабаб Жамолни "устоз" дер эдим. Жамол мактабда ишлаган даврда 2-мактаб юксакларга кўтарилди. Вилоят халқ таълими бошқармасининг бошлиғи Сулаймон Қаршиев Жамол Исроиловни жуда ҳурмат қиларди. Туғма қобилият, билимдонлик Жамолни тезда элга танитди.
Туман халқ таълими бўлими кенгашларида у долзарб таклифларни кўтарар, доимо олдинга интилар, ҳаракатдан сира тўхтамас эди. Жамол Исроилов тинимсиз ҳаракати ва чуқур билими туфайли иқтисод фанлари номзоди деган унвонга сазовор бўлди. Ташаббускор инсон 1994-2000 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиб, намунали фаолият кўрсатганлигини халқимиз яхши эслайди. Шундан кейинги йилларда ташаббускор инсон 52-мактаб-интернатини ташкил этиб, то умрининг охиригача ушбу билим даргоҳини ўзи бошқарди. Бу фидойи инсоннинг яна бир фазилатларидан бири кўплаб муҳтож оилаларга ёрдам қўлини чўзар эди.
Жамол Исроилов нафақат тадбиркор ўқитувчигина эмас, олим, қурувчи ҳам эди. Тумандаги турли иншоотлар ва мактабларнинг замонавий типда қурилишини ташкил этган ташаббускор инсон эди. У кишининг саъй-ҳаракати билан кўпгина мактабларни газлаштирилишини ҳам амалга оширган. Ж.Исроиловнинг энг яхши хислатларидан бири эрталаб соат 5 дан 7 гача қурилишларни назорат қилиб чиқиб, яна шу пайтнинг ўзида мактабга ҳам етиб боришга улгурарди.
Мен Жамол билан тез-тез учрашиб турардим. Ҳар сафар мени мактаб дарвозаси ёнида кутиб оларди. Иккаламиз таълим ҳақида, Янгиқўрғоннинг тарихи ҳақида суҳбатлашардик. Суҳбатларимиз асносида дўстим Жамолга қараб: "Дўстим, шунча ишлар қиляпсиз, бир китоб ёзмайсизми?",- десам: "Китобга арзигулик иш қилганим йўқ-ку",- деб кулиб қўяр эди.
Лекин, фикримдан қайтмай, бир куни қўлимга битта умумий дафтар ва 2 та ручка олиб, Жамол ҳақида китоб ёзиш учун 15   пунктдан иборат режа ёздим ва унинг ҳузурига бордим. Дафтарни бердим-да, Жамолжон, камчилигини ўзингиз тузатасиз, шу саволларга жавоб ёзсангиз китоб тайёр-да, дея ручкани узатсам: "Иккита ручка камлик қилади",- деб самимий кулиб қўйганди. У билан одатдагидек, анча гурунглашгач, тарқалдик.
Шу бўлдию, Жамолни кўриш менга қайта насиб этмади. Ҳа, яхши инсонларни номини қалбингдан сира ўчиргинг келмайди: "Сиз ўлмагансиз, Жамол. Сизни доимо эслайман, унутмайман, сизни соғинаман. Сизнинг номингиз Оқдарё тарихида мангу қолади, азиз устоз дўстим"!                                                               Саттор НУРИДДИНОВ 
                                                                   Халқ таълими фахрийси