ЎЗБЕКИСТОНДА СОВЕТ ҲОКИМИЯТИНИНГ ДИНИЙ УЛАМОЛАРГА НИСБАТАН ЮРИТГАН ЧЕКЛАШ СИЁСАТИ

Бироқ большевистик сиёсий доиралар ўзгача динни, ўзгача эътиқодни халқ онгига сингдиришга ҳаракат қилди. Бу дин - партиянинг дини, яъни марксизм ғояси эди. Бу ғояни оммалаштириш учун барча имкониятлар, воситалар ишга солинди. Жамиятга  асосий мафкура сифатида марксизмнинг киритилиши натижасида бошқа дунёқарашлар батамом инкор этилди. Марксизм ғоясини қабул қилмаган ҳар бир киши, у ким бўлишидан  қаътий назар, "халқ душмани" деб эълон қилинди.
Совет тарихида масжид ҳамда мадрасаларга нисбатан оммавий тазйиқ ва таъқиб икки марта бўлган. Бири 1934-1939 йилларда, иккинчиси эса 1954-1955 йилларда. 1929-1939 йиллар орасида фақат биргина Ўзбекистон ҳудудининг ўзида 14000 масжид ёптирилиб, буздирилган. Шайхлар, имомлар ва бошқа диний арбоблар жазоланган: қамоққа олинган, сургун қилинган ва ўлдирилган.
Жумладан, Қорақалпоғистон республикаси, Беруний тумани ҳудудидаги  пайғамбаримиз Муҳаммад С.А.В.нинг дўсти Султон Вайс бобога атаб IX асрда қурилган мақбара ва масжиднинг тилладан ясалган жиҳозлари, ҳар хил буюмлари 30-йилларда талон-тарож қилинди. Мадраса эса бузиб ташланди. 1935 йилга оид маълумотларга қараганда  Бухоро шаҳридаги Девонбеги мадрасасида Бухоро ёдгорликларини сақлаш комиссиясининг иш юритиш хонаси, экскурсия базаси жойлаштирилган. Кўкалдош мадрасаси ва Девонбеги хонақосида Бухоро шаҳар музейи бўлими жойлашди. Масжиди Калондан ғалла омбори сифатида фойдаланганлар, Қўшмадрасада пахта сақланган. Худди ўша 1935 йилги маълумотларда таъкидланишича, Мир Араб мадрасаси, Баҳовуддин Нақш-банд мозори ҳамда масжиди ва бошқа-лар диний марказлар сифатида қоралаб келинган. 1938 йилда Бешкентда туман партия ва ижроия қўмиталарининг қўшма ҳайъатининг йиғилиши бўлди. Унда Маманазаров, Жмак, Отабоев, Жовлиев, Асланова, Дорошенко, Шахобидиновлар қатнашган. Қўшма  ҳаъйат "Касби қишлоқ советидаги қўхна масжид ҳақидаги масалани кўриб чиқади. Қабул қилинган қарорда:"… Қишлоқдаги майдонда фойдаланмай хароб бўлиб кетган масжид Сталин номли жамоа хўжалиги аъзоларининг розилиги билан масжиднинг керакли ғиштлари олиниб, бошқа керакли жойга харжлансин ва шунинг тасдиғи жавоби ЎзССР Марказий Ижроқўмининг ҳайъатидан сўралсин", дейилган эди. Ана шу тариқа қадимий тарихий обидалар, масжид ва  мадрасаларни бузиш, ғиштларини "керакли" жойларга ишлатиш, жамоа хўжаликларининг "розилиги" билан бутун Ўзбекистон ҳудудида анъанавий тус олган эди.
Маълумки, Ўзбекистонда муқаддас ҳисобланмиш зиёратгоҳлар, диний арбоблар, "авлиё" мақомини олган зотларнинг қабрларини зиёрат этиш асрлар давомида халқ оммаси ичида урфга кирган, аҳоли ичида "азиз-авлиё" деб ном олган шаҳарларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром баланд даражада эди. Республикамизда ўша йилларда 74 та рўйхатдан ўтган шундай "муқаддас" қадамжолар бўлиб улар доимий тарзда партия органлари диққат назарида турган. Маҳаллий советлар қошидаги комиссиялар бу вазиятни доимий назоратда ушлаб туриб, муттасил равишда дин, диний расм-русумлар, авлиёлар қабрларини зиёрат қилишнинг зарарли тамонлари хусусида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борганлар.
20-30 йиллар атеистик ҳаракатнинг кучайиши билан таърифланади. Партия органлари айниқса ёшлар орасида динга қарши кенг миқёсда ташвиқот-тар-ғибот ишлари олиб бордилар. Атеизм-га доир махсус газета ва журналлар (1928 йилда "Худосизлар" номли журнал) ҳар хил оммавий адабиётлар   нашр қилинди, кинофильмлар олинди, динга қарши мавзудаги ҳар хил спектакллар қўйилди. "Худосизлар уюшмаси" тузилди, унинг жойлардаги кўпдан-кўп ташкилотлари зўр бериб  атеистик иш олиб  борди. Бу сиёсат фуқароларнинг дин эркинлиги ҳуқуқига қилинган ошкора тажовуз бўлиб, у шу йилларда фақат руҳонийлар орасидагина эмас, халқ орасида ҳам норозилик туғдириб, одамларни эсанкиратиб қўйди. Бу даврда мусулмон руҳонийларнинг роли камситилиб, йўққа чиқариб қўйилди. Лекин шундай шафқатсизликка қарамай, маҳаллий аҳолининг анъанавий турмушида ислом дини асосан сақланиб қолди. Бироқ у шароит ва қонун-қоидаларига мувофиқ тарзда тартибга солиб борилди.
Совет ҳокимияти йилларида диндор руҳоний вакиллари ҳам кучли таъқиб остига олинди. Айниқса 1925-1929 йилларда амалга оширилган ер-сув ислоҳоти даврида, сўнгра эса 1930-1933 йилларда амалга оширилган коллективлаштириш йилларидаги "қулоқлар"ни синф сифатида тугатиш компанияси даврида дин хизматчиларининг мол-мулки хатга олиниб, ерлари тортиб олинди. Ўзлари эса махсус меҳнат лагерларига, қулоқ посёлкаларига сургун қилинди. Масжид ва черковлар оммавий равишда ёпиб қўйилди.
Руҳонийлар совет тузуми олиб борган синфий сиёсат натижасида сайлов ҳуқуқларидан ҳам маҳрум этилдилар. 1927 йил март ойида Ўзбекистон Советларининг II қурултойи Республика Конс-титуциясини қабул қилди. Бу Конституция қатъиян синфий тусда бўлиб, большевикча  экстремизм мафкураси билан суғорилган эди. Конституцияга мувофиқ "меҳнаткаш бўлмаган" қатламлардан чиққан ижтимоий табақалар, диндорлар ва бошқалар сайлов ҳуқуқларидан маҳрум этилганди ("маҳрумлар"). Бу билан аҳолининг анчагина қисми коммунистик режим томонидан давлат қурилишида ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этишдан четлаштирилган эди. Совет ҳокимиятининг диндорларга нисбатан қўллаган бундай адолатсиз сиёсати ўз-ўзидан республикани барча туманларида олиб борилди.
1928-1929 йилги Ўзбекистон ССР бўйича сайлов компанияси даврида Ўзбекистон бўйича берган  маълумотга кўра қишлоқ жойлардан сайлов ҳуқу-қидан маҳрум қилинганлар орасида 141 минг 421 нафар киши мавжуд бўлиб, ундан 1025 нафари яъни жами "маҳрумлар"нинг 29,6 фоизини руҳонийлар ташкил этган.
Сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиш қишлоқ советлари ҳузуридаги махсус комиссиялар орқали амалга оширилган. Уларнинг таркиблари қишлоқ совети раислари, батрачком вакиллари, прокуратура ва ГПУ органлари вакилларидан тузилган. Бу комиссиялар томонидан ҳуқуқдан маҳрум қилинувчилар рўйхатлари тузилиб, улар қишлоқ фаоллари йиғинларида муҳокама этилиб тасдиқланган баённомалар туман, округ комиссиялари томонидан тасдиқланган.
Динни, руҳонийлар ва диндорларни сиёсий ва жисмонан таъқиб қилиш халқ-нинг маънавий маданиятига ниҳоят даражада катта завол етказди. Ижтимоий ҳаётда, маъмурий-буйруқбозлик тартиботи ўрнатилиши билан дин илмий нуқтаи назардан инкор этила бошланди. Дин билан атеизмнинг дунёқараш жиҳатидан бир-бирига қарама-қаршилиги сиёсий қарама-қаршилик билан алмаштирилди. "Социализмда динга ўрин йўқ, унга дин бегона", деган фанатик қараш, қоида устун бўлиб қолди. Шундай қилиб динга нисбатан салбий муносабат  динга қарши зўрлик кўрсатишга айланиб кетди. Мусулмон масжидлар ҳам, рус черковлари ҳам, уларга ихлос қўйган барча диндорлар ҳам бу даврда ўз тарихларида кечирмаган оғир таъқиб ва тазйиқларни бошдан кечирдилар. Масжид ва мадрасаларнинг деярли ҳаммаси фақат диний эмас, маданият, илм, тарбия, санъат марказлари бўлишига қарамай беркитиб қўйилди.
Бироқ шахсга сиғиниш йилларида ва ундан кейинги йилларда атеизмни зўрлаб тиқиштириш ва исломга қарши зўрлик ўтказиш диннинг йўқ бўлишига олиб келмади. Диндорлар масжид ва руҳонийлардан маҳрум этилган бўлсалар ҳам тоат-ибодатларини яширинча давом эттиравердилар. Масжид, мадрасаларнинг ёпилиши, руҳонийларнинг қатағон қилиниши аҳоли орасида умуминсоний аҳлоқий қадриятларни, миллий манъавиятни тарғиб қилиш, қарор топтириш ишига катта зиён етказди. Ёш авлод ислом дини қолдирган улкан маънавий меросдан маҳрум бўлди. Бу эса Ўзбекистоннинг шу даврдаги ижтимоий-маънавий ҳаётига шубҳасиз салбий таъсир кўрсатди. XX асрнинг 80-йиллар охирига келиб республикага мамлакатимизнинг мустақилликка эриши ва  янги рахбарият келиши натижасида маънавий ҳаётдаги салбий кўринишларга барҳам берилиб, ўзбек халқининг асрий орзуси бўлмиш мустақиллик сари шах- дам қадам қўйила бошланди. Диний ва миллий қадриятларимиз мустақиллик туфайли қайта тикланди. 
Нодир Мирзаев, 
тарихчи.