ЮРТ СОҒИНЧИ

Маъмур мактабда  аъло баҳоларга ўқимаса-да, ишбилармон, ўтни-ўтга, пулни-пулга урадиган олғир йигитлардан эди. Мактабни тугатгандан сўнг ўқишга кирди. Бошқа тенгдошларини ҳам ўқишга киришида "катта" хизмат кўрсатди. Бунинг учун у ўз улушини чиқариб олар, ками-кўстига ишлатарди. 
Маъмурнинг яшаш шароити аслида ёмон эмас эди. Шаҳарда, пойтахтда ота-онасининг данғиллама уйлари ҳам бор. Лекин, у янада бойиб кетиш, тезроқ катта даромадга эга бўлишни истарди. Ҳар йили "Грин карт" ўйнарди. "Грин карт" ютган қизлар хақида эшитса, онасини дарҳол совчиликка юборарди. 
Қўшни қишлоқдаги Гулрухга "грин карт" чиқди. Авваллари қизнинг уйини, оиласини кўриб иккиланиб, қайтиб кетадиган сов-чилар, энди "гулга ёпишган асаларидек" тиним билмай сўраб келишарди. Олам-олам  ваъдалар бериб, қизни келин қилишга ҳаракат қилашарди. Маъмур ҳам онаси билан ўша қизникига совчиликка боришди ва Гулрухни дарров кўндира олишди. Тез орада тўй ҳам бўлиб ўтди. Грин карт ҳужжатларини тугатишгач, ёш келин-куёв хурсанд бўлиб, ота-онасидан оқ фотиҳа сўрашди. Маъмурнинг отаси оғир дард билан олишар, касалманд одам эди: "Кетма жон болам, сен кетсанг мени тобутимни ким кўтаради. Сен ёлғиз суянчиғимсан",- деб зорланди ўғлига. 
- Ота мен сизга ишлаб кўп пул жўнатаман, онам сизни даволатади, сиз албатта соғайиб кетасиз, ҳали кўп яшайсиз,- деб отасини овутди.
Ота дардли кўзлари билан ўғлини кузатиб қолаверди.
Маъмур ва Гулрух Америка Қўшма Штатларига учиб кетишди. Уларни ўша юртдаги таниш ўзбеклар кутиб олишди ва ишга жойлашишларига ёрдамлашдилар. Гулрух бир кампирга энага бўлиб, Маъмур эса қурилишга ишчи бўлиб жойлашди. Тезда енгил автомабил сотиб олишди. Маъмур ўша машинада такси қила бошлади. Ўзларидан орттириб, уйига ҳам жўнатиб туришди. Орада бирин-кетин фарзандлари дунёга келди. Гулрух болаларига қараб уйда ўтириб қолди. Маъмур эса ишлаган пулларини йиғиб борар, мақсади катта "Фура" олиб, янада кўпроқ даромад топиш эди.
Шундай кунларнинг бирида йигитнинг уйидан нохуш хабар келди. Онаси телефон қилиб отаси чин дунёга рихлат қилганини айтди. Маъмурнинг кўз ўнгида отасининг сўнгги марта хайрлашаётган мунгли қиёфаси гавдаланди. Фарёд солиб йиғлаб юборди. Онасининг келганинг билан нима ҳам қилиб берардинг, келиб ўтирма деган гапи билан Маъмур юртига қайтмади. Отасини сўнгги манзилга кузатолмади...
Ўғли жўнатган пуллар билан Маъмурнинг онаси қўша-қўша уйлар олди, дам олишлар, ҳаж-умраларга борди.
Орадан кўп йиллар ўтди. Маъмур 5-10 йил ишласам албатта юртимга қайтаман, деб ўйлаган эди. Болалари ҳам вояга етиб қолишди. Уларга қолса ўша туғилиб ўсган юртида қолишни хоҳлашади. Лекин Маъмур хорижликларнинг яшаш тарзини, кўча-куйдаги турли хил нохуш манзараларни кўриб ўсаётган фарзандларининг келажагидан безовта бўла бошлади. Уларга ўзбекона тарбия керак эканлигини, ўз яқинлари ким эканлигини билишлари лозимлигини англаб етди. Ахир ўзи пул топиш, бойлик орттириш, қўша-қўша уй-жойлар, машиналар олиш учун ўз юртини, ўз яқинларини ташлаб, шу юртларга келди. Отасини сўнгги манзилга ҳам кузатолмади. Ана шундай ўй-хаёллар унга тинчлик бермай қўйди: "Ҳеч бўлмаганда онамни хизматини қилиб, дуосини олай, фарзандларим эса бувисини тарбиясини олсин",- деган қатъий фикрга келган Маъмуржоннинг кўзларида қувонч порлади, беихтиёр кўзларига ёш қалқиди. Бу она-юрт соғинчи, она-Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуси эди.
Амина Хуррамова.
Мавзуга оид: