Ғазаллар
ҒАЗАЛЛАР
Не хуш бўлғайки, бир кун уйқулуқ бахтимни уйғотсам,
Кечалар тори мўйидек белиға чирмашиб ётсам.
Гаҳи гулдек юзини ул шакар сўзлукни исласам,
Гаҳи шаккар киби ул юзи гулнинг лаълидин тотсам.
Қани Ширин била Лайлики сендин ноз ўрганса,
Қани Фарҳоду Мажнунким, аларға ишқ ўргатсам.
Ёруқ кундуз, қоронғу кечада анжум киби бўлгай,
Чекиб гар оҳ дудини кўнгул ўтини тутратсам.
Кўзум равшанлиғида бўлғай, Бобур, басе камлиқ,
Агар қоши била юзун ҳилолу кунга ўхшатсам.
* * *
Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна,
Тийра бўлди рўзғорим ул қаро қошдин яна.
Мен худ ул тифли паривашға кўнгул бердим, вале,
Хонумоним ногаҳон бузулмағай бошдин яна.
Юз ёмонлиқ кўруб ондин телба бўлдунг, эй кўнгул,
Яхшилиғни кўз тутарсен ул паривашдин яна,
Тош урар атфол мани, уйида фориғ ул пари,
Телбалардек қичқирурмен ҳар замон тошдин яна.
Оёғим етганча Бобурдек кетар эрдим, нетай,
Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна.
* * *
Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим.
Жонимдин ўзга жонни дилафкор кўрмадим,
Кўнглум киби кўнгулни гирифтор топмадим.
Усрук кўзига токи кўнгул бўлди мубтало,
Ҳаргиз бу телбани яна ҳушёр топмадим.
Ночор фурқати била хўй этмишам, нетай,
Чун васлиға ўзумни сазовор топмадим.
Боре борай эшигига бу навбат, эй кўнгул,
Нечаки бориб эшигига бор топмадим.
Бобур, ўзунгни ўргатакўр ёрсизки, мен
Истаб жаҳонни мунча қилиб ёр топмадим.
РУБОИЙЛАР
Қайғунгни чека-чека қарибдур Бобур,
Раҳм айлаки, ўзидин борибдур Бобур.
Норанж юборди сангаким, билмагайсен,
Яъники, бу навъ сарғорибдур Бобур.
* * *
Ёд этмас эмиш кишини меҳнатга киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни ғурбатга киши.
Кўнглум бу ғарибликта шод ўлмади ҳеч,
ғурбатга севунмас эмиш, албатта, киши.

З.М.Бобур ҳақида
- 11 фев, 21:24

Навоий ғазаллари
- 05 фев, 13:41