1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни БОЛАЖОНЛАР БАЙРАМИ КЎТАРИНКИ РУҲДА ЎТКАЗИЛДИ


Дунёда болажонлар кулгиси-ю шўх-шодон қийқириғидан-да беғубор нарса бўлмаса керак. Осмон мисол мусаффо, тим қора кўзларини сизга қадаганча, бийрон тилда тинмай савол бераётган, мурғак қалби билан оламдаги жамики ажойиботларни ўргатишга, мушоҳада қилишга уринаётган болакайнинг нурли чеҳрасига боққан ҳар қандай инсон ҳаёт ташвишларини унутади. Зотан, фарзандининг саодати ва бахтиёр дамларини мудом кўриб яшаш ҳар бир инсон умрининг асосий мазмунидир.
Бутун дунё бўйлаб, ҳар йилнинг 1 июнь куни "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни" сифатида нишонланади. Келажак тарих билан бунёд этилади дейилганидек, ушбу куннинг ҳам ўз тарихи бор. Бу кунни айнан 1 июнь  санасида нишонлаш таклифи 1925 йил Женевада илгари сурилган ва 1950 йилдан эса 1 июнь Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида бутун дунёда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланиб келинади. Болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир.
Инсон умрининг кўрки ва мазмуни фарзанддир. Жажжи ва қалби беғубор болажонларни ардоқлаш, соғлом ўстириш, турли хуружлардан асраш, уларга таълим-тарбия бериш катталарнинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Ўзбек халқи азал-азалдан болажон. Юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг гувоҳи бўласиз. Фарзандлар кўзидаги қувончни кўриб, қалбингиз фахр ва ғурурга тўлади.   Истиқлол йилларида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, хусусан, бола ҳуқуқларига оид бир қатор халқаро битимларга қўшилди. Жумладан, "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги Конвенция, "Болаларни омон асраш, ҳимоя қилиш ва камол топтиришни таъминлаш тўғрисида"ги умумжаҳон Декларациясининг ратификация қилинганлиги Ўзбекистонда болалар манфаатларини таъминлаш устувор аҳамиятга эга эканлигининг ёрқин далилидир. Конституциямизнинг 64-моддасига мувофиқ "Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради". Ўзбекистон Республикасининг "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб қўйилган. 
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, бола бу дунё, бола бу ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. 
Умримизнинг мазмуни, асосий мақсади ва келажагимиз бу - болалардир. Уларни асраб-авайлаш, комил инсон бўлиб вояга етишида иштирок этиш нафақат ота-оналарнинг, балки бутун жамиятнинг бурчидир. Шу боисдан болаларни асраш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида бутун жаҳонда турли хил чора-тадбирлар кўрилади, конвенциялар, меморандумлар, декларациялар, келишувлар имзоланади.
1-июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан туман Истироҳат боғида байрам тадбирлари кенг миқёсда нишонланди. Эрта тонгдан бошланган байрам тантаналарида тумандаги барча мактабгача таълим ташкилотлари иштирок этишиб, ҳар бир муассасалардаги тарбияланувчилар томонидан саҳналаштирилган мусиқий чиқишлар тўпланганларга завқ-шавқ бағишлади. Болажонлар байрамини туман ҳокими Н.Сулаймонов, тумандаги мутасадди ташкилот раҳбарлари  ҳам қувонч билан кузатишди. 
Бир сўз билан айтганда, болажонлар байрами уюшқоқлик билан ўтказилди. Тадбир тантаналари нафақат жажжи ўғил-қизларимизнинг қалбига олам-олам қувонч бахшида этди, балки, уларнинг ота-оналари ҳам фарзандларининг шўх-шодон кулгуларидан, юзларидаги табассумидан мамнун бўлишиб, айниқса, Истироҳат боғида яратилган шарт-шароитлар учун миннатдорчилик билдиришди.
Ўз мухбиримиз.
Мавзуга оид: