21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ ГУЛТОЖИ

Дунёда ҳар бир xалқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтиxори, нажоти ҳисобланади. Ҳикматли сўзлар, шеъру достонлар, қўшиқлар аввало бирор бир миллатнинг она тилида дунёга келади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан, у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади.  Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги бор. Бу - унинг тили. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни - халқ, миллатни - миллат қилади.
1989 йил 21 октябрь "Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Она тилимиз миллий ўзлигимиздир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.   
Жорий йилнинг 21 октябрь куни   мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида" ги қонуни қабул қилинганининг 33 йиллиги кенг нишонланади. Улуғ мутафаккир шоиримиз ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзбек халқи маънавий   дунёси, тилининг шаклланиб ривож топишида хизматлари беқиёс бўлган. Унинг мўътабар номи, ижодий меросини доимо фахрланиб тилга оламиз. "Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз" деган пурмаъно сўзларининг мағзини англаймиз. Навоийнинг асарлари ор-қали она тилимизнинг беқиёс бойлиги, унинг буюклигини англадик. Унга бўлган меҳр-муҳаббатимиз ошди. 
Тил инсоннинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, инсонга берилган бебаҳо неъматдир. Миллатни миллатдан ажратиб турувчи асосий белгилардан бири ҳам тилдир. Ҳар бир миллатга, халққа ўз тили азиз ва ардоқли. Шўролар даврида рус тили иттифоқ тили сифатида ривожлантирилди. У жаҳон миллати даражасига кўтарилди. Айниқса, кўп минг асрлик тарихга эга бўлган туркий халқлар ўз она тиллари дунёдаги ҳеч бир халқнинг тилидан кам эмаслигини ёқлаб чиқдилар. Бу йўлдаги сунъий тўсиқларни писанд этмадилар. Мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги таклиф ва курашлар самарасиз кетмади. Давлат ҳужжатлари, даврий нашрлар, дарсликлар она тилимизда ёзила бошлади. 
Қадимий тиллардан саналган ўзбек тили ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган меҳр-оқибат тилига айланди. Ҳозирги кунда тилимиз ҳатто нуфузли мамлакатлар минбаридан ҳам баралла янгрмоқда. Президентимизнинг БМТ Бош ассамблеясининг 75-сес-сиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқи гапимизнинг исботидир. Тил миллат қиёфасининг бир бўлаги, миллатнинг руҳи, давлат тимсоли, мулки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Ҳар биримиз тилни авайлашга, авлодларга етказишга масъулмиз. 
Негаки, миллий тил ва унинг равнақи йўлида ғамхўрлик қилиш бир гуруҳ мутахассисларгагина тегишли илмий-амалий соҳа ёки мавсумий бир тадбир эмас. Аксинча, бу авлодлардан-авлодларга ўтиб, бойиб ва сайқалланиб келаётган халқ тилининг софлиги ва истиқболи ҳақида қайғуриш, она тилининг тўлақонли яшаш ҳуқуқи учун, миллат маънавияти, маърифати ва маданияти учун курашдир. 
Бу жиҳатдан Алишер Навоий ижоди ва фаолияти барча авлодларга юксак намуна. Буюк мутафаккир "Муҳокамат ул-луғатайн" асарида бу муҳим муаммо хусусида шундай ёзади: "Халқ орасидан чиққан истеъдод аҳли салоҳият ва қобилиятларини ўз тиллари турганда ўзга тил билан зоҳир қилмасалар ва ишга солмасалар эди. Агар иккала тилда ижод этиш қобилиятлари бўлса, ўз тилларида кўпроқ ёзсалар эди". Навоий ҳақиқий миллатпарвар шоир сифатида ўзбек тили ва адабиётимизнинг нечоғлик бой, ранг-баранглиги ва чексиз имкониятларини бутун ижоди ва серқирра фаолияти билан исботлаб, унинг нуфузини жаҳон миқёсига олиб чиқди.
Тил маданият кўзгуси ва руҳимиз қаноти. Шубҳасиз, инсондаги ҳамма эзгу сифатлар, гўзал фазилатлар беназир ва бетакрор она тилимиз орқали шаклланади. Тилимиз нафақат кишилар ўртасидаги муомала воситаси, балки шу халқнинг урф-одати, турмуш тарзи, тарихи, маданиятини ҳам ифода этиши билан жозибалидир. 
Маълумки, тилимиз дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан унинг мавқеини ошириш, софлигини таъминлаш мақсадида қонунчилигимизда улкан ишлар, янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, 2020 йил 10 апрель куни Муҳтарам Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонуни имзоланди. Унга мувофиқ 21 октябрь санаси юртимизда "Ўзбек тили байрами куни" деб эълон қилинди. Маълумки, она тилимиз ҳам давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, конститутцияси каби муқаддас ҳисобланади. Шундай экан, ўзбек тилимиз қонун йўли билан ҳимояда эканлигини унутмаслигимиз зарур.
1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилинди. Бу Қонун халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлди. Ушбу Қонуннинг 1-моддаси ва Бош Қомусимизнинг 4-моддасида "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили" эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши ҳам белгилаб қўйилган.
Малика АБДУРАҲМОНОВА,
СамДУ филология факультетининг 4-курс талабаси.