Токзорлардаги зараркунандаларга қарши кураш чора-тадбирлари

Қишлоқ хўжалигида узумчиликни ривожлашириш, дастурхонимизни тўкин-сочин қилиш учун биз агрономлар токзорларда бажариладиган ишларни тўғри амалга оширишимиз лозим. Токзорларда учрайдиган касалликларга қарши курашда биринчи навбатда кимевий дориларни ўз вақтида ишлатишимиз керак, янги токзор учун ерларни тўғри танлашга ва қаламчаларлар олишда эътибор беришкерак.
Токлар симбагазга олиниб, ўстирилиши антракноз касалликларига йул куймайди. Токзорларда агротехник чора-тадбирларни қўллашда токларга шикаст етказмасдан илғор замонавий техникалардан фойдаланиб ишлов бериш лозим. Токзор ерга тўкилган ҳамда қуриб қолган барг ва узум бошларидан, синган ва кесилган шох навларидан тозаланиб турилиши керак. Кузда шикастланган шох-новдалар кесиб олинади. Кузда токларни ерга тўкилган барглар билан кўмишга йўл қўйилмайди.
Токзорлар  антракноз касаллиги билан касалланса олтингугурт билан дориланади ва кузда кўмишдан олдин 0,5 м оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан дориланади. Агар уларга қарши кураш чораларини олиб бормасак ҳосилдорликни 50-60 фоизини нобуд қилади.
Кураш чоралари. Ўргимчак ва ток каналарини йўқотиш учун токларга кузда 5 л, кўкламда ва ёзда 0,5 л. оҳак-олтингугурт қайнатмаси пуркалади. Ёки кўкламда олтингугурт талқони билан оҳак кукуни аралашмаси чангитилади. Қуртлар пайдо бўлишдан олдин  токларга кимёвий препаратлар Денис, Нугор, Нуриль-Д, Сумма - альфа, карате, БИ-58 кабилардан 0,2 кг. миқдорида фойдаланиш тавсия этилади. 
Боғ ва узумзорларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда бактерия, замбуруғ ва вирусларнинг айрим турларидан ҳам фойдаланилади. Энтобактерин-3 препарати мева, резавор ва сабзавот экинларининг кўплаб зараркунандаларига қарши курашда қўлланилади. Ушбу восита узум ва ток барг ўровчисига қарши курашда ҳам яхши натижалар бериши аниқланган. Ундан ташқари, зараркунандаларга қарши амалда дендробацилини препаратлари қўлланилади. Ток барг ўровчисининг қуртига қарши дендробацилинни фазалон билан аралаштириб ишлатганда, биопрепаратнинг самарадорлиги икки баравар ошади. Бунда фазалон унинг ўзини айрим сепгандагига қараганда 4 баравар кам сарфланган.
Кимёвий усул: Кимёвий кураш усулида зараркунандалар бевосита қириб ташланади, касалликларнинг ривожланиши тўхтатилади. Бунда зараркунанда ва касалликлар учун заҳарли бўлган химиявий дорилардан фойдаланилади. Заҳарли химикатлар универсал, тез таъсирчан, самарадор, қўлланилиши оддий бўлганлиги сабабли химиявий усул ток зараркунанда ва касалликларига карши курашда асосий ўринни эгаллайди. Шу нарса аниқланганки, зараркунандалар тез ва ёппасига кўпаядиган Ўзбекистон шароитида узумзорларни химиявий усул билан ҳимоя қилишга сарфланган ҳар бир сўм 30 баравар ортиғи билан қопланади. Химиявий усулнинг бундан кейинги тараққиёти пестицидлар турларининг узлуксиз кўпайтирилиб ва яхшиланиб туриши ҳамда уларни қўлланиш усулининг такомиллаштирилишига боғлиқ.
Кейинги йилларда инсон соғлиги учун хавфли бўлган заҳарли химикатлар самаралироқ ва хавфсиз янги дорилар билан алмаштирилмокда. Табиатда инсон ва ҳайвон организмида тўпланиб қоладиган хлороорганик препаратлар (ДДТ, гексохлоран) фозалон, бензофосфат, антиофосфамид (рогор, БИ-58) ва метафос сингари инсекцидлар билан алмаштирилган. Улар ниҳоятда универсал бўлиши билан бирга нисбатан тез парчаланади ва шу сабабли улар йиғим-терим вақтигача бутунлай кучини йўқотади.
Кимёвий ишлов беришнинг асосий қоидалари. Узумзорларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда ишлов бериш муддатлари, дори солиш дозалари ва ишлов сифатига қатьий амал қилган хўжаликлар яхши натижага эришадилар. Пуркаганда ёки сепганда заҳарли химикатлар ўсимликларга майда зарра ҳолида бир текис тушиши керак. Айниқса, баргларнинг зараркунанда ва касаллик кўпроқ бўладиган остки қисмига яхши сепилади. Заҳарли химикатлар ишчиларга сачрамаслиги учун пуркаш пайтида шамолнинг йўналишини ҳам ҳисобга олиш лозим. Заҳарли химикатлар токзорга тонг саҳарда сепилиши лозим. Бу ишни ёмғирдан олдин ва ёмғирдан сўнг дарров, шунингдек, шамол эсиб турган вақтда ўтказмаслик керак. Агар ишлов берилгандан сўнг қаттиқ ёмғир ёғиб ўтса, узумзор қайтадан дориланади. Тайёрланган заҳарли химикатлар ўша куниёқ ишлатилиши керак. Акс ҳолда у ўз кучини йўқотади. Дори тавсияларда кўрсатилган дозаларда тайёрланиши керак. Пуркагачга солишдан оддин эритмани яхшилаб аралаштириш ва элақдан ўтказиб қуйиш керак. Чўкма ҳосил қилувчи эритмани ранецли аппаратда пуркаш ва сепишда пуркагачни вақти-вақти билан силкитиб, чўкиндини қўзғатиб туриш лозим. Иш тугагач, аппаратлар яхшилаб ювилади ва тозаланади.

                                            Б.Жўраев,                                туман ўсимликлар карантини

ва ҳимояси бўлими бошлиғи 

О.Шакаров,

зараркунанда ҳашоратлар ва бегона ўтлар тарқалишини прогноз қилиш бўйича етакчи мутахассис. 

Ф.ҲамроҚулов,

бўлим инспектори.