Арча унсимон қурти - хавфли зараркунанда

"Арча унсимон" қурти зараркунанданинг личинка ва урғочилари арчанинг новдалари ва баргларини сўриб зарар етказади. Унинг личинка ва урғочилари барча ер устки қисмлари билан озиқланади. Айниқса, барглар кучли даражада зарарланади.
"Арча унсимон" қуртнинг катталиги 2-3 мм бўлиб, ранги сарғиш, қизғиш, кулранг тусда бўлади. Етук самец (эркак) зотлари март ойи охирида, самка (урғочи зот)лари апрель бошларида чиқиши кузатилган. Уларнинг тухум қўйиши май ойи давомида ва июнь бошларигача давом этиб ўртача 280 тагача тухум қўяди.
Бу зараркунандага қарши кураш ишларида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур.
"Арча унсимон" қуртини ички карантин аҳамиятга молик зараркунанда сифатида рўйхатга олиш, зараркунанда тарқалган жойлар ва ҳудудлар аниқланиши ҳамда бу жойлардан арча кўчатларини бошқа жойларга юборилишини қаътиян таъқиқланиши шарт.
Зараркунандага қарши курашда унинг тухумдан личинка очиб чиқиш даврида кимёвий препаратларни қўллаш юқори самара беришини инобатга олиб кимёвий ишловларни шу даврларда бошлаш керак.
Зараркунанда билан жиддий шикастланиб қуриш ҳолатига келиб қолган дарахтларни кесиб, унсимон қурт кенг тарқалмаслиги учун уларни ўша жойнинг ўзида ёқиб юбориш лозим.
Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш (фосфорли, азотли, микроэлементлар «Мастер», «Кропшельд», «Вегрут»лар билан озиқлантириш) керак бўлади. Кимёвий препаратлардан Би-58 (янги) 40 фоизли, «Багира» 20 фоизли ва «Атилла» 5 фоизли қилиб тайёрлаш ва фойдаланиш тавсия қилинади.
Ушбу препаратларни зараркунандаларнинг пайдо бўлиши билан биринчи ишлов ўтказилади ва зараркунанда буткул йўқолгунча ҳар ўн беш кунда кимёвий ишловлар олиб борилиши керак. 
Фитосанитария назорати кучайтирилиб, қишлоқ хўжалиги экинларини арчанинг новдалари ва баргларини сўриб зарар етказадиган "Арча унсимон" қуртидан самарали ҳимоя қилиш ва манзарали дарахтларни сақлаб қолиш чоралари кўрилмоқда. Иш жараёнида соҳанинг малакали мутахассислари томонидан "Арча унсимон" қурт-ларига қарши курашиш учун барча чоралар кўрилиб, тавсиялар бериб борилмоқда.

Юсуфхон ОМОНОВ,

Шуҳрат КАМОЛОВ,

 Ўсимликлар карантини ва 

        ҳимояси туман бўлими 

                                            агроном-энтомологлари.