ТИЛИНГГА ЭҲТИЁТ БЎЛ!

Толиби илм пири комилдан сўради:
- Устоз куни кеча ҳокимимиз бир ташкилот раҳбарини ёмон сўзлар билан ҳақоратлаб йиғилишдан чиқариб юборди. Бу қонунга хилоф эмасми?
Пири комил жавоб берди:
- Қонунга зид эканлиги шундоқ кўриниб турибди. Бироқ айрим оғзи шалоқ ҳокимларимиз ўзларини қонундан ҳам устун деб билишади. Бунинг сабаби, уларга ваколатнинг ҳаддан зиёд кўп берилганлигидир. Илгарилари прокурорлар ҳокимнинг устидан назорат қилишарди. Энди эса бунинг акси. Бирорта прокурор ҳоким билан келишмаса у ишлай олмайди. Чунки ҳоким юқорига айтиб прокурорни ишдан бўшатиб юборади. Шу боисдан ҳам прокурорни кўз ўнгида қонун бузилса ҳам у индай олмайди. Сабабини юқорида айтдим. Ҳоким ҳимоясида бўлган шахслар қанчалик танқид қилинмасин, ўз вазифасида ишлайверади.
Толиби илм яна сўради:
- Устоз бу гапларингизга мисоллар борми?
- Албатта бор-да, бўтам. Жиззах деган вилоятнинг халқ таълими бошқармасига бир опахон неча йилдан буён раҳбарлик қилади. Қобил Дўсов деган тошкентлик укамиз уни доимий равишда танқид қилиб келади. Аммо бунга опахонимиз парво ҳам қилмайди. Бунинг сабабини биласанми? 
- Йўқ устоз, билмадим.
- Билмасанг билиб қўй. Сабаби, ўша опахонимизни вилоятнинг шахсан биринчи раҳбарлари ниҳоятда ҳурмат қиладилар. Шу сабабдан қанчадан-қанча танқид қилинмасин, опамиз жойини ҳеч кимга беришни истамайди. Орқасида улкан "танка"си тургандан кейин кўнгли хотиржам бўлади-да.
- Сиз ҳокимдан бошқа ҳеч ким бирорта раҳбарни ишдан бўшата олмайди демоқчисизда, шундайми?
- Балли, топдинг. Шундай экан, шароитга қараб иш юритганлигинг маъқул. Ҳоким иш буюрса гарчи, уни эплай олмасанг ҳам қўл қовуштириб албатта бажарамиз, дейишинг керак. Фақат тилингга эҳтиёт бўл. Гарчи ҳоким вазифасига арзимаса ҳам, у ҳақда ёмон сўзлар тилингдан чиқиб кетмасин, уқдингми?
- Хўп бўлади устоз. Сизнинг айтганларингизнинг барчасини албатта бажараман. Энг муҳими, тилимга эҳтиёт бўламан...
Й.МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: