"ҲАЁ ВА ИБОНИНГ ТАШҚИ КЎРИНИШИ - КИЙИМДУР"

Европа модаси деб урф бўлган йиртиқ шим, калта юбка ва тор кўйлакни кийиб ўзини бугуннинг замонавий ёшлари деб ҳисоблайдиган йигит-қизлар ҳақида нима дейиш мумкин? Улар аслида ўзларининг маънавияти, тафаккури ва дунёқараши қанчалик саёз эканлигини "замонавий" либослари орқали намоён этишмоқда. Негаки, инсоннинг маданиятга хос кийиниш услуби унинг маънавий олами қанчалик бой эканлигини намоён этувчи муҳим омил ҳисобланади.
Минг афсуски, кейинги пайтларда нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам "мода"нинг мухлисига айланишмоқда. Автобус, истироҳат боғи, бозор, кўча-куйда ва бошқа жамоат жойларида соқоли ўсган, калта шортик, ҳар хил ёзувли футболкалар кийган ёки сочини бўяб олган йигитларга кўзингиз тушади. Сигарет чекаётган одамнинг сурати туширилган, скелет расми солинган, ёки хорижий тилларда турли иборалар ёзилган футболкаларни кийишга иштиёқманд йигитларимизнинг бу ишлари ўзбекона маданиятимизга тўғри келмаслигини ўзлари ҳам билишади, албатта.
Бугунги шиддатли давр ёш авлодга замонавий таълим бериш билан бирга уларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, онги ва қалбини мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ишончли ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитетни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор бериш лозимлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, таълим даргоҳларида кийиниш маданиятига ҳам катта эътибор бериш талаб қилинмоқда.
Шу ўринда бир хақиқатни айтиш ўринлидир. Ёшларимизнинг кийиниш маданиятида ота-оналарнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Ўзбекона урф-одатларимизга зид бўлган турли хил кийимларни ўз фарзандларига олиб бераётган айрим ота-оналар бунинг салбий оқибатларга олиб келишини билишармикан? Афсуски ота-оналар орасида фарзандларининг кийинишига бефарқ қарайдиганлар талайгина. Ахир, ёшларимизнинг "оммавий маданият" қурбонлари бўлмаслиги учун ҳар биримиз нафақат бонг уришимиз, балки уларни миллий маданиятимизга ўргатишимиз керак. Бу борада Ўзбекистон Ёшлар Агентлиги, маҳалла фаоллари таълим муассасалари билан ҳамкорликда тарғибот ишларини кучайтиришлари зарур.
Зеро, ўзбек халқи ўзининг асрлар оша қадрланиб келаётган миллий либослари билан ҳам бутун дунёга довруғ таратган. Турли рангларда товланиб, кўзни қамаштирувчи атласу адраслар нозик хилқат вакилларининг кўркига кўрк қўшишда катта аҳамият касб этса, беқасам тўн, миллий дўппи ва белбоғ алп ўғлонларнинг мард, жасур ва довюрак бўлиб камол топишида муҳим ўрин тутади.
Малика АБДУРАҲМОНОВА,
СамДУнинг 4-курс талабаси.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00