Турмуш чорраҳаларида «ҲАҚИҚИЙ» ЭРКАК

Кун совиши билан яна томоғим оғриб қолди. Ўзимча дори-дармон қилдим. Ароқ билан "компресс" қилдим ҳам бўлмади. Аксинча бўғилиб, мутлақо гапира олмай, овозим битиб қолди. 
Ноилож шифокорга бордим.
- Ангинангиз бор, олиб ташламаса бўлмайди, - деди шифокор.
Уйга хафа бўлиб қайтдим. Мени кўрган эрим ҳол-аҳвол сўраш ўрнига:
- Ҳа, бунча мотам тутиб келдинг?,- деди.
Дардимни айтиб йиғлаб юбордим.
- Шунга шунчами, кўпам ваҳима қилаверма. Духтирлар айтаверади. Уларнинг дарди сенга ўхшаганлардан пул олиш, - деди бепарво оҳангда.
- Йўқ, ёлғон эмас, ҳақиқатдан ҳам мазам бўлмаяпти. Ангинам бор экан, томоғим бўғилиб қолган, - дедим.
- Шу касал товуқ ҳам жонга тегди-да, деди эрим тўсатдан.
Эримнинг бу гапи менга жуда оғир ботди. Ҳаётим давомида касалхонага тушмаганман. Ёлғон бўлмасин, фақат туғруқхонада ётганман. Аёл киши ўттизга кирса, ўтин бўлади, деганлари рост экан. Ёшим ўттизда. Ростдан ҳам ўтин бўлиб қолдим-ми? Йўқ-йўқ, томоғим оғрияпти, холос. Ангинам бор экан. Олдираман-да, бу дарддан қутуламан, дея ўзимга ўзим тасалли бердим.
Аммо эримнинг қовоғидан қор ёғарди. Ўтирса ҳам сўкинади, турса ҳам сўкинади:
- Неча кун ётасан?, - деди у.
- Билмадим...
- Камида ўн кун ётсанг, ўн минг пул кетади.
- Билмадим... Пул кетса ҳам яхши бўлиб кетсам бўлди эди,- дея зўрға гапириб йиғлаб юбордим.
Эрим яна сўкинди. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Лекин фойдаси бўлмасада, дардимни эримдан бошқа кимга айтаман. Бувим раҳматли айтарди: "Эркак зоти шунақа. Соғ пайтинг сенга тўн тикади. Касал бўлиб қолсанг кафан бичади".
Ҳақиқатан соғ пайти мендан яхши одам йўқ эди. Энди эса касал товуққа чиқдим. Ўпкам тўлиб кетди. Йиғлаб-йиғлаб олдим. Ўзимга-ўзим тасалли бердим: "Ҳали албатта соғайиб кетаман".
Эрим эса яна касалимни юзимга солди:
- Одамларнинг хотини соппа-соғ, гижинглаб юрибди. Сен эса...".
- Мен ҳам роса тўшакка михланиб қолганим йўқ-ку. Оғриса томоғим оғрипти. Худога шукур бошқа жойим оғригани йўқ, - дедим.
Эримнинг одатини яхши биламан. У менинг касалимдан сира ташвишлангани йўқ. Унинг дарди пулда.
- Ангинани неча пул билан оларкан?, - деди у.
- Билмадим.
- Бориб билиб кел.
- Сиз ҳам юринг.
- Мен бормайман.
- Нега?
- Товуқ мия, мен борсам, ўша духтиринг катта пул сўрайди.
- Эринг келмадими, деса нима дейман?
- Эрим йўқ, дегин...
- Эрим йўқ, десам... Сиз менинг ҳолимдан хабар олмайсизми?
- Э, мен ҳар куни бориб туравераман.
- Ҳар куни бориб турсангиз, дўхтир сизни кўради-ку...
- Кўрса кўраверсин. Мабода сўраб қолса, эрим мени ташлаб кетган эди, касаллигимни эшитиб, кўргани келибди, дегин. Тушундингми? Шунда дўхтир ҳам менга нисбатан ёмон муносабатда бўлмайди.
Эримнинг гапларини эшитиб қотиб қолдим:
- Ундан кўра касалхонага бормай қўя қолинг. Дўхтир сизни сўраса, айтганингиздек, эрим ташлаб кетган, дейман.
Эримнинг жаҳли чиқиб кетди:
- Ҳа, мен олдингга бормасам, сенга яхши-да, хоҳлаган ишинг-ни қиласан.
- Нималар деяпсиз? Мен дам олишга бораётганим йўқ. Касалхонага, даволанишга кетяпман...
Эртаси куни эрталаб касалхонага ўзим ёлғиз кетдим. Боришим билан мени яхши кутиб олишди. Касалхонадаги барча шарт-шароитлар билан таништиришди.
Орадан бир ҳафта ўтди. Шу орада ака-укам, опа-синглим, яқин қариндошларим ва ҳамкасбларим ҳар куни тўлиб-тошиб келишиб, ҳолимдан хабар олишди. Эрим эса... Келмади эмас, ҳар куни келиб турди. Лекин, қуруқ қошиқ оғиз йиртар, деганларидек, қуруқ келиб-кетди. Келмай қўя қолинг, десам унинг иложини топмайман. Хонада ётган аёлларнинг эри келганда уялганимдан аста чиқиб кетаман.
Ниҳоят операция куни ҳам етиб келди. Эрим келмади. Врач мендан эримни сўради.
- Эрим йўқ. Ташлаб кетган, дедиму юзим ял-ял ёнди, ёлғон сўздан.
- Хафа бўлманг опа, ҳеч нарса кўрмагандек соғайиб кетасиз албатта.
Томоғимдаги ангинани жарроҳлик йўли билан олиб ташлашди. Тезда соғая бошладим. Бир ҳафтадан сўнг уйга қайтдим.
Орадан ойлар ўтди. Эримнинг чиройи очилиб қолди. Кунлардан бир кун шаҳарга бордик. Бозорда айланиб юрганимизда тасодифан ўша врачни учратиб қолдик. Биз билан саломлашиб бўлгач, врач эримга қараб деди:
- Ташлаб кетган эр сизми?
- Ҳа мен. Уни ташлаб кетган эдим. Касаллигини эшитиб, қайтиб келдим. Ҳозир бирга яшаяпмиз.
- Раҳмат сизга. Ҳақиқий эркак экансиз, деб врач биз билан хайрлашди.
Донохол АСРОРОВА.
Мавзуга оид: