САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

- Газета ва журналларда гоҳ-гоҳ  "Омбудсман" деган сўзга дуч келаман. Омбудсман институти нима ва фаолиятининг моҳияти  нимадан иборат? Шу ҳақда кенгроқ тушунча берсаларингиз?

- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича ташкилотининг доимий аъзоси бўлган Ўзбекистон Республикаси 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумий декларациясини ҳамда етакчи халқаро институтларнинг мазкур муаммо бўйича бошқа асосий ҳужжатларини тўла қабул қилган ва қўллаб-қувватламоқда. Ўзбе-кистон Республикаси БМТ доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро актларга қўшилган ва уларга ўз ҳудудида риоя қилиш мажбуриятини олган, инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликлари соҳасида ташкилий-ҳуқуқий механизмни ишлаб чиққан.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институти (Омбудсман) ушбу механизмнинг энг муҳим бўлагидир. Омбудсман тарихда биринчи марта 1809 йилда Швецияда дастлабки конституциялар пайдо бўлиш жараёнида ва уларга бошқарув ҳокимияти органлари, шунингдек, судлар томонидан риоя қилинишини  парламент назоратига олиш зарурати туғилганда мустаҳкамланган. "Омбудсман" тушунчаси ўрта аср швед тилида куч ёки нуфузли, бошқа шахслар воситачиси ёки вакили бўлган шахсни англатар эди. Омбудсман - давлат органлари хатти-ҳаракатларининг қонунийлигини ва фуқаролар ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига риоя этилишини назорат қилиши учун парламент томонидан тайинланган мансабдор шахсдир.

Ҳозирги вақтда дунёнинг турли мамлакатларида 100 га яқин омбудсманлар бор. Ўзбекистонда парламент ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти (Омбудсман) Олий Мажлиснинг 1993 йил февралида бўлиб ўтган биринчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш кафолатларини кучайтириш мақсадида тузилган.

Омбудсманнинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган "Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари (Омбудсман) бўйича   Вакили тўғрисида" деган Қонуни билан тартибга солинади.

Омбудсман Ўзбекистонда кенг ҳуқуқий мақомга эга бўлиб, унинг фаолияти ижтимоий муносабатларнинг давлат ва фуқаро жамияти ҳамда шахсга доир энг муҳим соҳани қамраб олади. Вакил зиммасига тарбиячилик ва маърифатчилик вазифалари юклатилган. У инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа миллий тузилмалар билан бирга инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва уларни муҳофазалаш зарурлигини ҳар ёқлама англашга кўмаклашади, жамиятга инсон ҳуқуқлари, Ўзбекистон қонунлари ҳамда бу соҳадаги халқаро ҳуқуқ нормалари белгилаб берган кафолатлар ва мажбуриятлар тўғрисида кенг ахборот бериб туради.

Вакил фуқаролар ҳуқуқларининг беғараз ва инсоний ҳимоячисидир. У инсон ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятларни кўриб чиқади ва текширади, айрим ташкилотлар ва мансабдор шахслар йўл қўйган бузилишларга барҳам бериш чораларини таклиф қилади, инсон ҳуқуқлари муттасил бузилиб туришига йўл қўядиган шахсларни жавобгарликнинг қонунда белгиланган турларига тортишда воситачилик қилишга ҳақлидир.


Шавкат ҚУРБОНОВ, 

ҳуқуқшунос.

Мавзуга оид:
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:18
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:10