Мансаб мавқеини суиистеъмол қилган шахс

Судланувчи Аҳроров Жавлонбек (исми-шарифи ўзгартирилган), "Суғончи томорқа хизмати" ва "Сам Оқдарё аҳоли ва деҳқон хўжаликлари томорқаси хизмати"
МЧЖларда масъул лавозимда ишлаб келган. У муқаддам ЖИБ Оқдарё туман суди томонидан 
16.05.2022 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми, "б", "г" бандлари 
ва 228-моддаси 2-қисми "а" банди билан айбдор деб топилиб, 29 млн. 700 минг сўм жарима жазоси тайинланган бўлишига қарамасдан, бундан ўзига тегишли хулоса 
чиқармади. Ж.Аҳроров Оқдарё туманида рўйхатдан ўтган "Суғончи томорқа хизмати" ва 
"Сам Оқдарё аҳоли ва деҳқон хўжаликлари томорқаси хизмати" МЧЖда масъул лавозимда 
ишлаб келиб, нодавлат тижорат ташкилотининг  мансабдор шахси бўла туриб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилди. АТБ "Микрокредитбанк" 
Лойиш филиали томонидан фуқаро Ҳ.Қ.га 24.06.2020 йилги 1353-сонли кредит шартномасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.10.2019 
йилги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган 
лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги 
ПҚ-4498-сонли Қарори дастури доирасида қўйчилик фаолиятини ривожлантириш учун 36 ой муддатга 6 ой 
имтиёзли даври билан йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти асосида 27.000.000 сўм миқдорида кредит
маблағлари ажратилади. Лекин ушбу кредит маблағлари банк томонидан таъминотчи тариқасида "Сам
Оқдарё аҳоли ва деҳқон хўжаликлари томорқаси хизмати" МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган бўлсада, 
Ж.Аҳроров қасддан мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда, фуқаро Х.Қ.га 18 дона қўйларни етказиб бермайди. 
Кредит шартномасида кўрсатилган хизматлар ҳақиқатда бажарилмаган бўлсада, расмий ҳужжат ҳисобланган ҳисоб-фактурага гўёки ушбу хизматларни бажарганлиги тўғрисидаги сохта маълумотларни қасддан киритиб, ушбу ҳисоб-фактурани сохта эканлигини билгани ҳолда, қалбаки ҳужжатдан фойдаланиб, ушбу ҳужжатни АТБ "Микрокредитбанк"
Лойиш филиалига тақдим этади. Ушбу кредит учун банкка 8.230.000 сўм тўлов қилиб, унга 18 бош қўйларни етказиб 
бериш учун ажратилган, бюджет ҳисобидан молиялаштирилган жами 27.000.000 сўм кредит маблағларининг 
22.500.000 сўмини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Шунингдек, судланувчи Ж.Аҳроров жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран, Қ.Б.га молиялаштирилган 
жами 21.900.000 сўм кредит маблағларининг 16.060.000 сўмини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Бундан ташқари, судланувчи Ж.Аҳроров жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран, А.А.га бюджет ҳисобидан 
молиялаштирилган жами 28.000.000 сўм кредит маблағларининг 26.133.334 сўмини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Шундай қилиб, "Суғончи томорқа хизмати" ва "Сам Оқдарё аҳоли ва деҳқон хўжаликлари томорқаси хизмати" МЧЖ масъули 
Аҳроров Жавлонбек расмий ҳужжат ҳисобланган кредит ҳужжатларига сохта маълумотлар киритган ҳолда уни банкка тақдим қилиб, 7 та ҳолатда фуқароларнинг жами 119.514.095 сўмлик кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Суд, судланувчи Аҳроров Жавлонбекнинг содир этган жиноятини қасддан содир этилган унча оғир бўлмаган жиноят деб
ҳисоблаб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилалик бўлиб, қарамоғида 4
нафар вояга етмаган фарзандлари ва ҳеч қаерда ишламайдиган турмуш ўртоғи борлигини, оилавий шароитини, етказилган
моддий зарарни тўлиқ бартараф қилганлигини жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, жиноятни ғараз ниятларда
содир қилганлигини унинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этади.
Судланувчи Аҳроров Жавлонбекга Ўзбекистон Республикаси ЖК 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташлик учун узил-кесил ҳар ойда ойлик иш ҳақидан 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга
ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Р.Вахобов,
туман прокурори ёрдамчиси,
2-даражали юрист.