Мутахассислар огоҳлантиради КУЙДИРГИ КАСАЛЛИГИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш мақсадида ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимига, ветеринария мутахассисларига масъулиятли вазифалар юклатилган. 

Ўзбекистон Республикаси "Ветеринария тўғрисида"ги қонунининг 1-боб,  3-моддасида: Ветеринария - ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиши, ҳайвонлар касалликлари пайдо бўлишининг, тарқалишининг олдини олишини ва уларни тугатишини, аҳолини ҳайвонлар ва одам учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилишни, Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг ветеринар осойишталигини, Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг ветеринария, ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлаш белгиланган. 

2023 йил бошидан туман ҳудудларига биркитилган ветеринария мутахассислари аҳоли ва чорва фермер хўжаликлари ҳисобидаги қишлоқ хўжалик ҳайвонларини қайтадан рўйхатдан ўтказганда:

Туманимизда жами аҳоли қарамоғидаги қорамоллар 81026 бош, шу жумладан 9449 чорва фермер хўжалигидаги қорамоллар ва бошқа тур ҳайвонлар 11000 бошни ташкил қилади. 

2023 йил бошидан туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан ҳайвонларни ва паррандаларни юқумли ҳамда паразитар касалликлари бўйича профилактик чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, йил давомида жойлардаги худудий ветеринария пункти мудирлари режалаштирилган эпизоотик чора-тадбирлар режаси бўйича диагностик, профилактик эмлаш, дегельминтизация ва қон паразитар касалликларни олдини олиш учун чўмилтириш ишларини олиб бормоқда.  

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимига қарашли жойлардаги 20 нафар ветеринария врачлари ва 4 та гуруҳ раҳбарлари иштирокида 7 хил ўта хавфли юқумли касалликларга эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Айни ҳозирги кунларда куйдирги касаллигига қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Куйдирги касаллиги ўткир кечувчи ўта хавфли юқумли касаллик бўлиб, у билан барча турдаги қишлоқ хўжалик, уй ва ёввойи ҳайвонлар касалланади ҳамда  у одамларга асосан ҳайвонлар орқали енгилгина юқади. Касалликнинг қўзғатувчиси  ташқи кислородли муҳитда спора ҳосил қилувчи микро-бацилла (таёқча) қўзғатади, ўлган, аммо ёрилмаган ҳайвон мурдасида кислород бўлмагани учун спора ҳосил қилмайди. 

Куйдирги касаллиги билан касалланган ҳайвон ўзининг нажаси, сийдиги, сўлаги билан ташқи муҳитни ифлослантиради, ўлган ҳайвон тажрибасиз ёки нотўғри диагноз билан ветеринария мутахассиси томонидан ёриб кўрилса, кислородли шароитда микробларнинг спорасиз шакл спорали шаклига айланади ва у билан тупроқ, хашак, дон маҳсулотлари, яйловлар, сув ҳавзалари ифлосланади. Бундай спора билан ифлосланган жойлар касаллик ўчоқлари ҳисобланади. Баъзан бошқа жойдан келтирилган куйдирги билан касалланган ҳайвон маҳсулотлари: гўшт ва гўшт маҳсулотлари, тери, жун, суяк ва гўшт уни ҳам касаллик тарқалиш манбаи бўлиши мумкин. 

Одамлар асосан қуйдирги билан касалланган ҳайвон маҳсулотларидан (гўшт) овқат тайёрлаш жараёнида, ўлган ҳайвонни ёриб кўриш ёки уни кўмиш жараёнида қон ва гўштдаги споралар билан зарарланади. 

Ўлган ҳайвонлардаги касаллик қўзғатувчиларини йиртқич ҳайвонлар, қушлар ва гўшт чивинлари атроф муҳитга (ўт, сув ва ҳ.к) тарқатади ва улар орқали куйдирги касаллиги бошқа ҳудудларга тарқалади. Ташқи муҳитда касаллик қўзғатувчиси 100 йилгача сақланади.

Куйдирги касаллигини олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси "Ветеринария" тўғрисидаги Қонунининг 4-боб 19- моддасида белгилаб қўйилганидек, ҳар йили 1 марта худудий ветеринария мутахассислари ёрдамида мажбурий тариқада эмлаш ишлари ўтказилади. 


Ф.Эргашев,

туман ветеринария ва чорвачиликни

 ривожлантириш бўлими бошлиғи.