Қонунчилик ХОДИМНИНГ ИШ ҲАҚИДАН УШЛАБ ҚОЛИШ МУМКИН ЭМАС. ИСТИСНОЛИ 6 ҲОЛАТ

Ойлик ходимнинг шахсий маблағи ва уни ходим ўзи хоҳишича тасарруф қилишга ҳақли. Ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш унинг ёзма розилиги билан ёки суд қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.
Бошқа ҳолларда (масалан, обуна, коммунал тўловлар ва ҳ.к) ходимнинг ёзма розилигисиз унинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ноқонунийдир.
Иш ҳақи фақатгина қонунда кўрсатилган ҳоллардагина ходимнинг розилигисиз ушлаб қолиниши мумкин.
1-ҳолат. Солиқлар ва йиғимларни ундириш учун
Ходим яъни қонуний меҳнат қилувчи шахс сифатида солиқлар ва йиғимларни тўлаши керак, шу сабаб иш берувчи ёки бухгалтер ходимнинг рухсатисиз ва ёзма розилигисиз ҳам иш ҳақидан ушлаб қолиши мумкин.
2-ҳолат. Давлат ижрочисининг талабномасига кўра
Ходим кимгадир қарз бўлса ёки давлатга тўлаши керак бўлган тў-лов (жарима)лар мавжуд бўлиб ва бу бўйича тегишли суд ҳужжати мавжуд бўлса, бундай ҳолларда давлат ижрочиси ходимнинг иш берувчисига талабнома юборади ва ушбу талабномага асосан иш берувчи ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиши мумкин.
3-ҳолат. Хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига берилган маблағларни қайтариш учун:
Ходимга олдиндан бўнак пули берилган бўлса, бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтганлиги муносабати билан хўжалик эҳтиёжларига ёки хизмат сафарларига маблағ берилган бўлса ва ушбу маблағ сарфланмаган бўлса ходим ушбу маблағларни қайтариши керак. Масалан, ходим хизмат сафари учун маблағ олди, аммо у иш жойини ўзгартирди ва хизмат сафарига бормади, шундай ҳолларда ходимга хизмат сафари учун олдиндан ажратилган маблағлар қайтарилиши зарур.
Бу бўйича иш берувчи 1 ой ичида ушлаб қолиш ҳақида буйруқ чиқариши лозим. Ушбу муддат ўтиб кетса ёки ходим норози бўлса, ушбу масала суд тартибида ҳал этилади.
4-ҳолат. Иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун:
Агар ходим иш берувчининг мол-мулкига зарар етказса, ушбу зарарни ходим қоплаб бериши шарт. Масалан, ходим ўзига берилган компьютерни ўзининг эътиборсизлиги оқибатида носоз ҳолатга келтирди. Ушбу компьютернинг пулини ходим тўлаб бериши керак. Аммо ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи ушбу компьютер нархидан юқори бўлиши керак. Юқори бўлмаса, ушбу иш ҳақидан зарарни қоплай олмайди.
Дейлик, ушбу компьютернинг нархи 10 млн. сўм. Ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи эса 5 млн сўм. Демак, ходим иш ҳақидан ушбу компьютерни тўлай олмайди.
5-ҳолат. Ходим меҳнат интизомини бузганлиги учун:
Ходим меҳнат интизомини бузганлиги учун жарима интизомий жазо чораси тайинланганда, жарима иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.
6-ҳолат. Ишлаб берилмаган таътил кунлари учун:
Масалан, ходим 2020 йили 1 декабрдан ишга кирди ва 2021 йил июль ойида меҳнат таътили олди ва шунга яраша унга тўлов амалга оширилди. Ходим таътилдан қайтиши билан ишдан бўшаши кераклигини ва у билан ҳисоб-китоб қилиниши кераклигини айтди. Ушбу ҳолатда 2021 йил июль ойидаги таътили учун 2021 йил 1 декабрга қадар ишлаб бериши керак эди, аммо у ишлаб бермади.
Демак, ишлаб бермаган қисми учун у ортиқча таътил учун тўлов олган ҳисобланади ва ушбу сумма қайта ҳисоб-китоб қилиниб ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинади.
Рустам ЎРОҚОВ,
 туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка 
кўмаклашиш бўлими Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.