МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИКДАН ҚАНДАЙ ФАРҚ ҚИЛАДИ? Бугунги суҳбатдошимиз ҳуқуқшунос Шавкат ҚУРБОНОВ

Бугунги суҳбатимиз газетхонлардан тушган саволлар асосида бўлиб ўтади. Ўйлаймизки, бу саволларга сиз ҳам бефарқ эмассиз.
Ҳурматли Шавкат Қурбонович, кундалик ҳаётимизда "Қилмишига яраша жазосини олди", "Жиноятга жазо муқаррар", "Жиноят жазосиз қолмайди" каби сўзларни жуда кўп эшитамиз. Хўш, жавобгарлик нима-ю, жазо нима? Жавобгарликни қандай турлари бор? Шахсни жавобгарликка тортиш кимнинг ваколатига киради? Ким шахсни жазолаш ҳуқуқига эга?
Ҳозирда жиноий жавобгарлик, маъмурий жавобгарлик, интизомий жавобгарлик, маънавий жавобгарлик ва бош-қа юридик жавобгарлик турлари мавжуд. Шулар ҳақида батафсил суҳбатлашсак.
- Жиноий жавобгарлик дегани нима?
- Амалдаги қонун ҳужжатларида жавобгарликнинг муқаррарлиги баён этилган, қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши муқаррар. Жавобгарликларнинг орасида энг оғири жиноий жавобгарликдир, чунки ушбу жавобгарлик бўйича суд томонидан шахсга жазо тайинлашида инсон тақдири ҳал қилинади.
- Жиноят ўзи нима ва қанақа турлари мавжуд?
- Қонун ҳужжатларида жазо қўлланиши кўрсатиб ўтилгн айбли ижтимоий хавфли қилмиши, ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги тушунилади. Жиноят уни содир этган шахс томонидан қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида содир этилади. Жиноятлар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфсизлик даражасига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган, оғир ва ўта оғир жиноятларга бўлинади.
Шахс муайян жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин. Бунда у жиноят ишига гумондор сифатида жалб қилинади.
Суриштирув ҳаракатлари якунланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилишида ушбу шахс айбланувчи деб эътироф этилади.
Тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича судга ўтказилгач, суд томонидан ушбу шахс судланувчи деб эътироф этилади.
Суд муҳокамалари давомида шахснинг содир этган жинояти исботланган тақдирда, фақат суднинг ҳукми билан шахс жиноят содир қилишда айбли деб топилиши мумкин, ушбу ҳукм кучга киргандан кейин жиноят содир этганликда айбдор деб ҳисобланади.
Суҳбатимиз давомида кимлар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, айбдор деб эътироф этилишини билиб олдик.
- Энди айтингчи, суд муҳокамалари давомида шахснинг айби исботланмаганда қандай қарор қабул қилинади?
- Агар суд муҳокамалари давомида шахс-нинг айби ўз исботини топмаса, оқлов ҳукми чиқарилади. Яъни шахс жиноят иши бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи ва ҳатто судланувчи деб эътироф этилган бўлса ҳам, у ҳали айбдор деб ҳисобланмайди. Бу ҳолат ҳуқуқшуносликда айбсизлик презумцияси деб аталади.
- Маъмурий жавобгарлик жиноий жавобгарликдан қандай фарқ қилади?
- Бир шахс томонидан бошқа бир шахсга ёки бир неча шахсларга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайри ҳуқуқий, айбли содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик маъмурий ҳуқуқбузарликдир. Маъмурий ҳуқуқбузарлик худди жиноят сингари уни содир этган шахс томонидан қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида содир этилади. Бу каби ҳуқуқбузарликни содир этган жисмоний шахс ёки мансабдор шахс, агар қонунда белгиланган тартибда айби исботланса ва у содир этган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ўз хусусиятига кўра жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлмаса, маъмурий жавобгарликка тортилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан жумладан, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юбориш кўринишидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилади.
- Интизомий жавобгарлик маъмурий жавобгарликдан нимаси билан фарқ қилади?
- Ушбу турдаги жавобгарлик иш берувчи ва ходим ўртасида, меҳнат шартномасида кўрсатилган ходимнинг ўз вазифаларини бажариши ёки бажармаслиги билан содир бўладиган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик бўйича иш берувчи томонидан ходимга нисбатан қўлланилади.
Ходим ўзига юклатилган вазифаларни бажариши давомида меҳнат интизомини бузган тақдирда иш берувчи томонидан унга нисбатан ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш кўринишидаги интизомий жазо қўлланилади.
- Моддий жавобгарлик ҳақида ҳам тўхталсангиз?
- Моддий жавобгарлик ҳақида гапирганда, бир шахс томонидан бошқа шахс-га ёки бир шахс бир неча шахсларга, иш берувчи томонидан ходимга, ходим томонидан иш берувчига етказилган зарар ўрнини қоплаш тушунилади.
Ходим ишга кираётганида иш берувчи билан ходим ўртасида тузиладиган меҳнат шартномасида тарафларнинг моддий жавобгарлиги кўрсатиб ўтилиши мумкин. Агар ходим ёки иш берувчи томонидан бир-бирига зарар етказилган тақдирда, кейинчалик меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши ҳам, меҳнат шартномаси тарафларини моддий жавобгарликдан озод қилишга сабаб бўлмайди. Тарафларнинг ҳам бири ўзига етказилган моддий зарарнинг миқдорини исботлаб бериш мажбурияти тарафлар зиммаларига юклатилади.
- Маъмурий зарар қандай қопланади?
- Жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий, руҳий азоблар оқибатида зарар етказувчидан жабрланувчига моддий зарардан, яъни ҳақиқатда етказилган зарардан ташқари маънавий зарар ҳам ундирилиши мумкин. Маънавий зарар пул билан қопланади, лекин қонунда маънавий зарар сифатида тўланадиган пул миқдори кўрсатилмаган. Маънавий зарарни қоплаш миқдори зарар етказувчи томонидан жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий, руҳий азобларнинг хусусиятига ҳамда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан, оқилона ва адолатли талаблар асосида аниқланади.
Саволларимизга берган мазмунли жавобларингиз учун раҳмат.
Суҳбатни журналист 
Йўлчи Муҳаммадиев олиб борди.  
Мавзуга оид: