МУБОРАКБОД ЭТАМАН

Матбуот - жамиятнинг кенг маънодаги ҳаёти кўзгусидир. Шу нуқтаи назардан Оқдарё тумани ҳаётининг тўқсон йиллик йўлларини ўзида мужассам этиб келаётган "Оқдарё овози" газетаси оқдарёликлар ижтимоий-иқтисодий фаолиятини, маънавиятини ўз саҳифаларида намоён этмоқда. Туман маънавияти шу газетада ўз аксини топиб келяпти, десак хато бўлмайди.
Бу нашр йиллар давомида биз каби ижодкорларнинг илк машқларини чоп этиб, катта ижод йўлига учирма қуш қилган камтарин нашрдир. Илк мақола ёки шеър ёхуд ҳикоя ёзган ўспирин ёки қизнинг газета саҳифаларида ўз исми-шарифини кўриш ҳаяжони уларнинг юрагида бир умр муҳрланиб қолади. Шу жиҳатдан мен "Оқдарё овози" газетасини бағрикенг, камтарин отага қиёслайман. Тўқсон йил мобайнида ўнлаб ижодкорларга раҳнамолик қилган таҳририятда миннатни кўрмайсиз. 90 йилнинг 30 йилида нашрга раҳбарлик қилиб келган Йўлчи Муҳаммадиев ҳақида шу тарихий кунларда тўхталиш жоиздир. Ўз касбининг фидойиси бўлган бу инсон бутун ҳаётини, эътиқодини шу газетага бахш этгани, унинг юқори минбарларга интилмагани таҳсинга сазовордир. Бугун Йўлчи Муҳаммадиевнинг шу фидойилиги, шу жонкуярлиги унга обрў-эътибор келтиргани намоён бўлиб турибди. Мен шу туман фарзанди сифатида баралла айта оламанки, Йўлчи Муҳаммадиев туман маънавияти, маърифати, матбуотига жонфидо инсон.
Ҳар бир туман, шаҳарда унинг каби камтарин, ҳокисор фидойилар бор. Лекин улар жуда кам сонлидир...
Фурсатдан фойдаланиб, тумандошларимизни газетанинг 90 йиллиги билан самимий қутлайман. Тилагим - газета ҳеч қачон ўз сўзини, ўз юзини йўқотмасин.
Тоҳир ДОЛИЕВ,
"Ўзбекистон қишлоқ ва сув 
хўжалиги", "Агро илм" журналлари 
бош муҳаррири.
Мавзуга оид: