Ўзингни шод тутқил, ғам емакка арзимас дунё

Улуғ ўзбек шоири, мутафаккир, тарихчи ва давлат арбоби, марказлашган давлат ва бобурийлар салтанати асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижон шаҳрида 1483-йил 14-февраль куни туғилди. Амир Темурнинг бешинчи авлоди, Фарғона ҳукмдори Умаршайхнинг фарзанди. Бобур 12 ёшда (1494) тахтга чиқди. 1503-1504 йилларда Афғонистонни эгаллади. 1519-1525 йилларда Ҳиндистонга 5 марта юриш қилади. Уч асрдан ортиқ давом этган (1526-1858 йиллар) Бобурийлар салтанатига асос солди.
Лирик мероси "Қобул девони" (1519)га, 1528-29 йилларда "Ҳинд девони"га жамланган. Тўлиқ ий, тасаввуфий, хасби хол каби турларга ажратиш мумкин. Бобур шеърияти интеллектуал қалб изҳори сифатида ардоқлидир. Унинг асарлари самимий, равон, услубан тугал ва мушаккалдир. Бобур рубоий жанрини турк адабиётида дунёга олиб чиққан шоирдир.
Бобур йирик давлат арбоби, саркарда бўлиш билан бирга Шарқ маданияти, адабиёти, тилшунослигида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, аллома сифатида шуҳрат қозонди. Унинг адабий, илмий меросидан ғазаллари, рубоийларини ўз ичига олган тўлиқ бўлмаган девони, ўғли Ҳумоюнга бағишланган, ислом дини асослари хусусида ёзилган "Мубаййин" асари, Хожа Аҳрорнинг "Волидия" асарининг назмий таржимаси, арабий янги алифбога бағишланган "Хатти Бобурий" рисоласи, "Ҳарб иши", "Бобурнома" асарлари бизнинг давримизгача етиб келган. Булардан ташқари, унинг аруз вазни қоидаларига бағишланган "Муфассал" деб номланган асар ёзганлиги, турли мавзуларда рисолалар яратганлиги ҳақида маълумотлар ҳам мавжуд. Бу асарлар Бобурнинг Шарқ маданияти, адабиёти, илм-фани тараққиётига катта ҳисса қўшганлигини кўрсатади. Шунинг учун муаррих Мирзо Ҳайдар "Тарихий Рашидий" асарида "Бобур жуда кўп фазилатларни файзиёб этган бўлиб, асарлари билан Шарқнинг улуғ мутафаккирига айланган эди", деб баҳо беради. Шоир рубоийларидан бирида Ватандан айро тушган тақдири ҳақида ёзғириб, яна юртга қайтиш орзусида бундай деб ёзган эди:
Беқайдману хароби сийм эрмасмен,
Ҳам мол йиғиштирур лаим эрмасмен,
Кобулда иқомат этти Бобур дерсиз,
Андоқ демангизларки, муқим эрмасмен.
Аммо бу орзусига етиша олмади, ҳаёт унга бошқа тақдирни раво кўрди. У 1530 йилда Ҳиндистонда вафот этди. Дастлаб Агра шаҳрида дафн қилинди. Кейин ҳоки Қобулга олиб келиб кўмилди. Бобур шу тариқа ўзи истиқомат этишни, муқим яшашни ният қилмаган Қобулда мангуликка бош қўйди.Бобур ҳаётда мураккаб, қийин, қарама-қаршиликларга тўла умр йўлларини босиб ўтди. Юртини жондан севган, дунёда яхшиликни, дўстликни улуғлаган инсон тақдир тақозосига кўра ўзга элларга қилич кўтариб боришга мажбур бўлди. Бировларга озор беришни истамаган, инсонийлик ва меҳр-муҳаббатни куйлаган шоир кўплаб халқлар устидан жаҳонгир ҳукмдорга айланди. Унинг шеъриятида ана шундай мураккабликлар, зиддиятлар ифодасини топган. У бир ғазалида:
ўзингни шод тутқил, ғам ема дунё учун
зинҳор,
Ки, бир дам ғам емакка арзимас
дунёйи фарсуда,
деб инсон шахсини бу фоний дунёнинг ғам-ташвишларидан юксак қўяди. Ватандан айро тушган қалбларда юрт соғинчи кучли бўлади. Шоир қалбида эса бу соғинч янада туғёнли кечади. Шунинг учун юртдан айро тушган Бобур шеъриятида Ватан ва юртга муҳаббат мавзуи етакчи ўрин тутади.Ёки шоир "Яхшилиғ" радифли ғазалида бош-қа бир мавзуга мурожаат қилади. У бу дунёда бировга яхшилик қиладиган кимса ҳам, дўст ҳам, ёр ҳам қолмади, ҳатто аҳли жаҳон ва замондан яхшилик кутмоқ бефойда, дейди. Аммо ана шундай ҳолатда ҳам шоир инсонни яхшилик қилишга ундайди:
Бори элға яхшилик қилғилки, мундин
яхши йўқ,
Ким, дегайлар даҳр аро қолди
фалондин яхшилиғ.
Бу улуғ шоирнинг ўз-ўзига ва башариятга нисбатан қалб тубидан чиққан нидоси эди. Умуман, Бобур назмий асарлари мавзусининг ранг-баранглиги, фалсафийлиги, самимияти, соддалиги билан нафақат Шарқ шеъриятида, балки дунё адабиётида ўзига хос ўрин тутади.Заҳириддин Муҳаммад Бобур жисман Ватандан узоқда бўлса ҳам қалбан унга қаттиқ боғланган эди.
Ғ А З А Л Л А Р
Чархнинг мен
кўрмаган
Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?!
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?!
Мени хор этти-ю қилди муддаини парвариш,
Дахри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?!
Мени ултурду жафои жавр бирла ул қуёш,
Эмди тургузмак учун меҳру вафоси қолдиму?!
Ошиқ улғоч кўрдим ўлимни ўзимга, эй рафиқ,
ўзга кўнглимнинг бу оламда хароси қолдиму?!
Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,
Тенгри учун де бу оламнинг сафоси қолдиму?
яхшилиғ
Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.
Бу замонни нафъи қилсам айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.
Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.
Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ёмонлиғ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не яъни ҳар ёмондин яхшилиғ.
Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ,
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

"ТОҲИР-ЗУҲРА" ВА ТУРИЗМ ОҚДАРЁНИ ДУНЁГА МАШҲУР ЭТАДИ
- 01 фев, 12:30

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22