Инсон ва қонун СЎНГГИ ПУШАЙМОН - ЎЗИНГГА ДУШМАН

Ҳаётда шундай одамлар бўладики, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолиб, бирор бир жиноятга қўл уради ва қилган иши учун минг пушаймон бўлишади. Яна шундай шахслар бўладики, қилган жиноий ишидан минг пушаймон бўлишсада, такроран қинғир ишга қўл уришади, қайта-қайта суднинг қора курсисида ўтириб, ўзларининг ҳаётини қоронғуликда ўтказишади.           

Судланувчи Жўраев Ислом (исми-шарифи ўзгартирилган) ҳам ана шундай шахслардан бири. У  1966 йилда Оқдарё туманида туғилган, оилалик,  4 нафар фарзанди бор, муқаддам қайта-қайта судланган бўлсада, такроран жиноятга қўл урди. 

Жўраев Ислом "Даҳбед" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли маҳаллада яшаб келиб, 2023 йил 16 январь куни соат 13:30 лар чамасида Оқдарё туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирга жалб қилинган "Бунёд" ва "Мафтуна" исмли шахсларга жинсий алоқа қилишлари учун уларнинг жами 50.000 сўм эвазига юқорида кўрсатилган манзилдаги уйининг алоҳида хонасини ажратиб бериб, уларни жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб бериб, фоҳишахона ташкил этган.

Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Жўраев Ислом ўзининг кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагича баёнот берди. У бир неча йиллардан буён қон босими юқори бўлганлиги туфайли тез-тез даволаниб турган. Шу куни унга ўзини "Бунёд" деб таништирган унга олдиндан нотаниш бўлган кишини яхши кўрган қизи билан бирга жинсий алоқа қилишлиги учун жой кераклигини айтади. Ўша вақтда унга дори-дармонлари учун пул керак бўлиб турганлиги сабабли 100.000 сўм пул эвазига уларга уйидан жой бериб, шароит яратиб беришини айтади. "Бунёд" исмли киши унга яхши кўрган қизи "Мафтуна" исмли қиз билан бирга уйига кириб жинсий алоқа қилишларидан олдин унга 50.000 сўм пулни бериб, улар хонага кириб кетишади. Шундан сўнг уларнинг ортидан бир нечта фуқаролик кийимида бўлган шахс-лар кириб келиб, хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб, ўзларини Оқдарё туман ИИБ ходимлари эканлигини айтишади. Туман ИИБ ходимлари бу ерда нима бўлаётганлигини сўраган вақтида "Бунёд" исм-ли киши уни 100.000 сўм эвазига жинсий алоқа қилишликлари учун уларга шароит яратиб берганлигини, бошидан 10 дона 5.000 сўмлик купюрадаги жами 50.000 сўм пулларни унга берганлигини айтади. Жўраев Ислом ҳозирги кунда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, суддан унга нисбатан қонуний енгиллик беришликни билдириб баёнот берди.

Судланувчи Жўраев Ислом, Ўзбекистон Республикаси ЖК 131-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

А.ВАҲАБОВ,

  туман прокурори, адлия 

маслаҳатчиси.