ОИЛА ҚЎРҒОНИ МУСТАҲКАМ БЎЛМАГАЧ...

Судланувчи Даврон Шокиров (исми-шарифи ўзгартирилган) 2002 йилда туғилган, оилалик, 1 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган, Оқдарё тумани, "Кумушкент" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, "Найманча" қишлоғида яшайди. 
Эндигина мустақил ҳаётга қадам қўйиб, 20 ёшни қарши олаётган Даврон 2022 йилнинг январь ойида "Пичоқчи" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи вояга етмаган 2006 йилда туғилган Хуршида   исмли қизнинг уйига бориб, қизни ўзига тегишли бўлган автомашинасида қурилиши битказилмаган иморатга олиб боради. Хуршидага иккаласи унаштирилганлигини, уни яхши кўришини ва келажакда тўйи бўлаётганлигини айтиб, ўн олти ёшга тўлмаганлигини билган ҳолда қиз билан жинсий алоқа қилади. У ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йил 8 февраль куни онасининг туғилган куни бўлаётганлиги сабабли ёрдам беришлигини айтиб, қизни ўз уйига олиб келиб, ўзининг яшаш хонадонида Хуршида билан  жинсий алоқада бўлган. 
Шундан сўнг Даврон Хуршида билан тўйи бўлгунига қадар 5-6 маротаба учрашиб, жинсий алоқада бўлиб келган. 2022 йил 20 март куни тўйи бўлгандан сўнг қизнинг ҳомиладор эканлигини билганларидан сўнг оилавий келишмовчиликлар бўла бошлаган. Давроннинг онаси уларни тоғасининг уйига кўчириб юборади. Улар ўзлари алоҳида яшаб келган вақтлари ҳам жанжаллашиб туришган. Ҳозирги кунда Даврон жабрланувчидан кечирим сўраганлигини, қилмишидан амалда чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, суддан унга нисбатан қонуний енгиллик беришликни билдириб баёнот берди.
Судда жабрланувчи сифатида иштирок этган, вояга етмаган Хуршида кўрсатма бериб, ўзининг 16 ёшга тўлмаганлигини билган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиб, бугунги кунда туғилган фарзандини "мендан бўлмаган", деб туҳмат қилаётганлиги, болани парваришлашга ёрдам бермаётганлиги, ёш умрини бадном қилганлиги сабабли Давронга нисбатан қонуний чора кўришликни билдириб баёнот берди.
Судланувчи Даврон Шокиров, Ўзбекистон Республикаси ЖК 128-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Б.НАРБАЕВ,
          туман прокурори ўринбосари, адлия кичик маслаҳатчиси.