ТЕВАЧИК (ҳикоя)
Марди бобо ясама тишлари билан узиб олган бир тишлам нонни эзғилаб чайнайди, тезроқ майдаланса-ю, устидан бир пиёла чойни ютиб, шу дастурхондан туриб кетса... Йўқ улгуролмади.
- Бобой, неварангиз ўғилча экан...
- Эшитдим.
"Эҳ, шайтон кампир-ей, гапни айлантирмай қўяқол, - ўйлади чол, - барибир сотаман...
- Кимдан эшита қолдингиз дарров. Ҳали ҳеч кимга айтмовдим-ов?
- Ўғлингдан... Келининг эрига айтмай, сенга айтардими ичидагисини.
- Ҳа-а-й, омон бўлсин, дўхтирдан келиб олсин, то келгунча...
- Нима келгунча... яна ўша гапми, қачон келади у, унгача...
- Ҳа бир ҳафтагина шошмай туринг, "давлена"си чиқиб ётибди, ҳозир айтолмайман, бир оғиз эшиттирмасак бўмайди, ахир, отаси берган мол-да, бу.
- Миннат қилмасин, бир ҳафтадан кейин пишириб е молингни, менга ҳозир керак пул.
- Неварамизданам азизми шу пахтангиз? Келиин-и-м - бошқоро-о-н-ғи!- деди кампир, гўё, қиёлмайдиган сабаб топгандай гапини тақмоқлаб.
"Вой, муғамбир-ей, уни қара-я! "Марди бобонинг ғазаби баттар қайнади, оғзидагини ютиб юборди-ю, пиёладаги чойни ҳўплаб,бармоғи билан косада турган сутни кўрсатди.
- Сен, найранг қилма, кампир, келиним айнан шу сигирнинг сутига бошқоронғи бўлган дерсан-ов, ҳали ?
- Ҳа, худди шундай, худди мана шу сигирнинг сутига бошқоронғи бўлган. Сот-май-сиз!
- Ўв, мия, сен нега тушунмайсан?! Анов Қодир раис планни бажармасак, ерни олиб қўяди-и...
- Пахта кўп-ку, соғана, иккинчи теримда бажарарсиз. Ерини олса олар, жа, кунимиз ўтмай қоларми, менга қолса, олгани яхши, бу нима азоб, ҳар йили шу гап... етса, молингни сот, етмаса...
- Э-э, бор-е -е!
Марди бобо даст ўрнидан туриб, даҳлиздан ҳовлига чиқди. Кампири ортидан эргашди. Ота-онасининг овозини эшитган Рустамжон деразадан мўралади.
- Ота, ичкарида гаплашингизлар, болалар ўтяпти кўчадан.
- Ҳм, уялаяптими, муаллим? Сиз ҳам қутилдингиз, болалар баҳона... мактаб баҳона... Пахтани терадиган одам йўқ...
Иккала қўли билан Тевачик томонга ишора қилди ота
- Бугун бўламиз, ота, опамлар теряпти-ку, жиянлар бор. Лекин, энам чиқмайди, энамга индаманг.
- Э, чиққандаям гўр қилармиди, шу...энанг. - Ота қўлини силтади ва сўнгги қарорни айтди: - Эрта бозор сигирни сотамиз, планни бажарамиз, вассалом. Раисга сўз берганман.
Ёши олтмишдан ошган бўлса ҳам қадами тетик, ғайрати ичига сиғмаётган отасининг ҳовли этагидаги ариқчадан сакраб ўтганини кўрган Рустамнинг кулгиси қистади, лекин онасининг авзойига қараб ўзини тийди. Эшикдан чиқиб, унинг ёнига келди.
- Гўр қилармиш...Ҳа...зўр қилувдим, қаҳрамон қилувдим. Мардиқулни Мардибой қилувдим. Биргадирман деб гариллаб, ўшандаям кучи менга етарди, мен чиқмасам биргадда иш бўлмасди. Топганини тепага берарди. Аввал ҳам шу аҳвол эди, ҳозир ҳам. Ўшандаям битта молимиз иккита бўмаган, ҳозир ҳам...
Рустам онасининг кўнгли бузилаётганини билиб, секин чорпояга етаклади. Ўтиришди, волидасининг одатини билади, ҳозир бир йиғлаб бўшаниб олмаса, асаби ўйнайверади, белидаги грижаси қўзийди, қон босими ошади, сўнг тез ёрдам чақирилади.
- Эндигина, келин оли-и-б, жоним жон топиб, бемалол яшайман десам...- Она йиғлаб юборди-да, лекин бирдан ўзини тетикликка олиб, рўмолининг учи билан кўз ёшларини артди. Кейин: - Болам, мана шу ердан битта девор қил, -деди ўғлига қўли билан томорқа охирини, отаси кетган томонни кўрсатиб, -шу Тевачикни кўзим кўрмасин, келин бўлиб тушган кунимдан бери умрим шу даланинг йўлида ўтди. Ўшаққа қарасам, ичим куяди, кўрмайинам, куйма-йинам. Мени шу Тевачик еди, еб адо қилди.
Она қаттиқ тугилган муштини кўрпачага урди. Рустам унинг ёнига сурилди ва маҳкам қучоқлади. Бағрига босар экан, гўё, онаси кичрайиб, суяклари юмшаб қолганини пайқади. Илгариги узун, йўғон ўрим сочлари селдираб, нимчасига ёпишган, ҳатто сийпаганда кафтига билинмасди. Ўғлининг бағрида Сабоҳат онанинг кўнгли бироз таскин топди, ахир, у беш қиздан сўнг худодан тилаб олган ёлғиз ўғли. Мана шу ёлғизи яқинда иккита бўлади, она бу кунни тўрт йилдан бери кутади. Тевачикка атаб жонлиқ берди, қон чиқарди. Онанинг эсига яна шифохонада ётган, ҳомиладор, бошқоронғиси оғир ўтаётган келини тушди. Ўғлининг бағридан кўтариниб, рўмолини тўғрилади:
- Келиндан уяламан-да, болам. Қудалар нима дейди ахир, бу молни неварам туғилгандан кейин ҳам берса бўларди. Лекин бизди аҳволимизни, ё қизининг дардини билдими-ёв, дейман-да, чарлар куни шу молни етаклатиб юборди. Яхши мол, ҳар йили туғяпти, ҳар йил шу план ўлгирди деб боласини сотиб қўямиз, энди онасиниям сотаман деганига ўлайми, қуриб кетсин шу пахтаси. Бир ойда яна туғади, туққанча соғдиради-я жонивор, сотгани кўзим қиймайди. Баракамиз шу молдами дейман-да,болам, рангиям чиройли оппоқ.
- Боласини контракка деб сотиб қўйдик-да, эна, хафа бўлманг энди. Бекорга кетмади-ку, мана, олий маълумотли бўламан. Сигирни сотсак, ўрнига оламиз-да, энажон, пахтанинг иккинчи теримини "жин"*чиларга сотамиз, нақд пул бўлади, балким, кўпроқ... Рустам "Балким, пахтани қимматроқ сотсак, пулимиз кўпроқ бўлса, иккита мол олармиз", демоқчи эди, гапи бўғзида қолди.
- Бу гапга ишонма, насия гап, ўтган йили нима бўлди? Тап этиб қор ёғди-ю, пахтаям, кўрак ҳам оқатала, кўкатала бўлди қолди. Пишмаган ғўза ўтинликка ҳам ярамади. "Жин"чилар нархини ерга урди. Отанг пулидан қизғониб ҳашарчи чақирмади. Опанглар, невараларим пахтани тераман деб, еган азобини ўйласам, шу отангни бир уриб ўлдиргим келади. Илоҳим, Тевачик тортсин шуни.
- Астағфуруллоҳ, энажон, ундай деманг, отамнинг Тевачикдан бошқа нимаси бор, шу ер билан овунади, ҳар қалай рўзғоримиз ўтиб турибди-ку. Энди менинг маошим ҳам кўпаяди.
- Ҳай-ҳай, сен маошингни пахтага аралаштирма, бу - ўпқон, бор-будингни ютиб кетади. Пахтадан ҳеч ким бой бўлмаган, агар бой бўлса, отанг бўларди...
***
Марди бобо томорқасига туташиб кетган Тевачик дала чеккасидаги болаликдан қадрдон ёлғизоёқдан жаҳлланиб кетиб бораркан жағи очилган кампирининг овози секин-аста паса-йиб, эшитилмай қолди.
Бобонинг юзига тонгги шабада урилди, аммо, ёз шабадасига ўхшамайди, этни хиёл жунжиктирарди. Ёлғизоёқ йўлакнинг чеккаси ажриқ билан қопланган. Ёнидаги қўшни фермернинг ерини Тевачикдан ажратиб турадиган чуқур зовур ҳам охирги йилларда зах сувга ёлчимай қолди, қамиш босиб, бақамайдонга айланди.Бобонинг асабдан, аламдан ачишаётган бурнига ора-орада бақажувакнинг ҳиди ҳам урила бошлади.
Ўн гектарлик Тевачик унга шу қадар қадрлики, аслида пахта, план, қолаверса, анов Қодир раиснинг "меҳрибон"лиги ҳам тепалик олдида бир тийинга арзимайди.
Отасининг айтишича, бу тепа қадимда жуда катта ва баланд бўлган, қадим ота-боболари шу тепаликда яшашган. Атрофида айлана қазилган катта зовур доим сувга тўлиб турган ва одамларни душманлардан, ваҳший ҳайвонлардан ҳимоя қилган. Боболари тепа атрофида деҳқончилик қилиб, ҳосилларини арава, карвонларга ортиб, узоқ юртларга олиб бориб сотишган. Анча йиллар олдин шаҳардан олимлар келиб, бу тепалик ўрнида ҳақиқатан ҳам илгари катта шаҳар бўлганини айтишган, ғишт девор, эски буюмлар топишган ва каттакон темир қозиқ қоқиб кетишган эди.
Советлар бу ерларни тортиб олмоқчи бўлганида, Қодир раиснинг бобоси ерини индамайгина топширган, лекин Марди чолнинг бобоси "еримни бермайман" деб туриб олган. Ҳўкизи билан омочини олиб кетишга келган иккита қизил аскарни роса дўппаслаб, қонига бўяб, Тевачикдан ҳайдаб юборган. Марди бобога энг алам қиладиган жойи шундаки, ўша кечаси қизиллар келиб бобосини ҳов анови тутга боғлаб, оғзига тупроқ тиқиб, отиб ташлаган, ҳеч ким юрак ютиб, уларга яқин келолмаган.
Бобо баландлиги икки том бўйи келадиган тепачанинг ёнида ярми кўриниб турган баланд тут дарахтига нигоҳ ташлади. Ёши икки юзларга тенг бу дарахтнинг тарихини ҳамма билади. Одамлар учун бу ер - шаҳид жой, тутумли жой бўлиб, ёқтирмаган одамларидан хун сўраб туради деган ваҳима сабаб, кўп йиллар бу тепага одамлар келмай қўйишган экан.
Қодир фермернинг бобоси билан Марди чолнинг бобоси қиёматли дўст бўлишган. Қизиллар колхоз тузиб бўлишганидан сўнг, Қодирнинг бобосини раис қилиб қўйишган, раис қадрдон жўрасининг руҳи шод бўлсин учун Тевачикни Марди бобонинг отасига бериб, уни бригада бошлиғи қилган. Лекин, раис бобо олимлар қоқиб кетган қозиқларни суғуриб ташлаб, тепалик атрофини суриб, текислаб, зовурни кўмган, ўрнига пахта эккан. Баланд тепалик тепача, яъни қишлоқликлар шеваси билан айтганда тевача бўлиб қолган. Марди бобонинг отасини ўша пайтларда қўшнилари "тевача" деб чақираркан, ўрис танобчилар тевача сўзига тили тушмай, тевачик дейишган экан. Ҳозир ҳам мана шу майдон контурига Тевачик деб ёзилган.
Марди бобонинг отаси ҳам "пахта иши"да судланиб, қамоқда вафот этди. Раис Тевачикка қарашни унинг ўғли Мардиқулга топширди. Бобо ўшанда ўттиз ёшларда эди. У колхознинг артизани ёнига насосча қуриб, тепага сув чиқарди ва тевачанинг қиялигида отасининг, бобосининг хотираси учун боғ яратди. Олма, узум, анжир ва полиз ҳосилларидан одамларга эҳсон қилишни ўзи учун ҳам қарз, ҳам фарз деб билди. Тепага бир томча қуриб, унга чиқадиган зиналар ясади. Икки ёнига эккан гул, райҳонлари ҳар йил Тевачикка ажиб манзара беради-ю, бобонинг кўнгли шундан таскин топади. Ҳар йил баҳорда қўй сўйиб, боболарига хатм бағишлайди, қишлоқдошларига дарвешона қилиб беради. У ҳар тунда боболарининг руҳи билан гаплашади ва улардан мадад олади, дуолар сўрайди.
Марди бобо гап келганда "Бобомни шу ерда отишган, отамни шу ердан қамоққа олиб кетишган, менинг ҳам ўлигим шу ердан чиқади", дейди қони қизиб. Бу гапни Сабо кампир тушунмайди. Унга ориятдан кўра сигири азиз. Бобонинг кўзига икки ёни ажриқ босган йўлакчанинг ўртасидаги ўтсиз жой оппоқ арқонга ўхшаб, тобора ингичкалашиб, йўли узайиб кетаётгандай туюлди, узун, қора тукли қошлари чимрилиб, боши ғувлади. Киймасдан эгнига солиб олган чопони тобора оғирлик қилаётгандай, уни четга отиб юборгиси келди. Бобонинг кампири, эна-бола сигири-ю, эшаги, болалари ва набиралари ҳар куни шу йўлакчадан юради. Бу йўлакни Қодир раис "Сабо йўли" деб ҳажм қилади. Даланинг охирида кўриниб турган, тевача устига қурилган айвонли, кичкинагина томчага бобо ҳар куни неча марта бориб, қайтади. Товонларнинг зарбидан ўт кўкармайдиган, теп-текис, тупроққа айланган йўлакча бобонинг кўзига ҳозир янада торроқ кўринди. Беш юз метрлик масофа беш минг чақиримга айлангандек, чайлага етиши қийин бўлди.
Ярим йўлда бехосдан бобонинг кўзи ўт-ўланлар орасидаги оппоқ нарсага тушди. Юраги бир хатарни сезгандай қадамини тезлатди. Увотга қоқилган узун темир қозиқни кўргач, танасига титроқ кирди, югуриб бориб, қозиққа ёпишди. Оқ сигирнинг бўйнига ипи ўралиб, зах-зовурнинг эниш жойига бор бўйича чўзилиб, осилиб қолибди. Ип жониворнинг бўйнини шу қадар бўғганки, кўзлари хонасидан чиққудек, оғзидан кўпиги парқираб чиқяпти."Эй худойим, раҳминг келсин, раҳминг келсин..."Бобо шошганидан нима қиларини билмай, ғўдранди... "сотмайман, сотмайман... тавба қилдим..." Бобо бирдан ҳушёр тортиб, ипга ёпишди. Ип шу қадар тарангки, тортай деса, арқон ва ажриқ орасига бармоқ кирмайди. Бобо уйи томонга қараб жон ҳолатда бақирди. - Рустам, Руста-а-а-м, пичоқни олиб кел! Пичоқни-и-и-и!
Мактабга чоғланаётган Рустамжон ичкарида туриб отасининг овозини элас эшитди. Шу чоқ чорпояда ҳалиям мотами тарқамай ўтирган Сабо момо югуриб келиб эшикни очди-да, ўғлига додлади:
- Рустам, чоп, отанг бир нарса деб бақиряпти, ҳеч бунақа бақирмасди, бир бало бўлди-ёв. Сигир омонмикан ишқилиб, ҳозиргина жилдириб келувдим-а.
Рустам оқ кўйлак, қора шимининг ифлос бўлишига ҳам қарамасдан, Тевачикка томон югурди. Сабо момо иккала тиззасини қучоқлаб, ҳовли ўртасида ўтириб қолди. Бир пасда Рустам қайтиб келиб, онасининг ҳай-ҳайлаганига ҳам қарамасдан ошхонадаги катта ўткир пичоқни олиб яна ўша томонга югурди.
- Ипни кесамиз, эна, ипни!.. Қўрқманг!
Сабо кампир бу гапга ишонмади. Ҳаллослаб, ўғлининг ортидан чопди. Рустам анча илгарилаб кетди. Шу орада нариги далада сув ёқалаб юрган иккала сувчи отасига ёрдамга келган экан. Кетмон билан ипни узиб, сигирни зовурдан тортиб олишибди. Мол жонсиз эди.Оқ булутдай бўлимли, бўғоз мол эмасми, қорни баттар шишиб кетган, кўзларининг пахтаси чиққудек, тўрт оёғи тўрт томонга чўзилиб қотиб қолган эди. Марди бобо ўғлидан пичоқни қўлига олди-ю, ичи эзилиб кетди. Кўзини юмиб, "йўқ-йўқ" дегандек бошини сарак-сарак қилди.
- Кутиш керак эмас, фойдаси йўқ, - деди Козим сувчи.
Шу чоғда унинг эски қассоблик касби қўл келаётган эди.
- Ҳали гўшти "свежий". Нобуд бўлгандан кўра, калбасачиларгами, балиқхонагами топшириб келарсиз, тўрт беш сўм пул бўлади-да, ҳар қалай, йўқдан кўра...
У бобонинг қўлидан пичоқни олди.
- Рози бўлинг, ҳалоллаб олайлик, - деди-ю, шошилиб, сигирнинг бўйнидаги ипни кеса бошлади. Шу пайт Сабоҳат момо етиб келди.
- Ҳой, тўхтанглар, боласи бор-а-а, боласи ўлиб қолади-я...
- Тезроқ сўйсак, боласи омон қолар? - деб қаттиқ ва терс гапирди кампирга қассоб. Момо қулоқ солмади, югуриб келиб сигирнинг шохидан ушлади.
- Ҳай, жонивор-а, сенга нима бўлди, боғламай мен ўлай, уволингга қолдимми-а? Йўқ демай мен ўлай, сотилиб кетсанг майлийди, бундан кўра. - Момо чолига қаради. - Айтди-и-м сизга, сотаман деманг, сотаман деган мол ўнгмайди дедим. Эй худо, занги оталарим қўлласин, тевачи боболарим қўлласин, шу мол ўлмаси-и-н?!
Момонинг кўзидан шашқатор ёш тўкилди. Козим қассоб пичоқни маҳқам ушлаб, молнинг калласини қайирди. Момонинг кўзи сигирнинг қорнида қимирлаётган боласига тушди-ю, баттар эсанкиради, хаёлида бузоқчага айланди, сўнг ичидаги бор кучини йиғиб, қўрқувдан қичқириб юборди:
- Энажо-о-н!
Қассобнинг қўлидан пичоқ тушиб кетди. Кампирнинг бақирганидан эмас, кафтига тегиб турган сигирнинг қулоғи қимирлаб кетганидан чўчиб тушди.
- Э, э, тирик экан-ку, жони бор ҳали. Кўтаринг, бошини кўтаринг!
(Давоми бор).
Ойгул МАМАТОВА.
*Тевачик - Пахта даласининг номи.
*"жин"чилар - пахтадан махсус станок ор-қали тола, чигит, ёғ, ем, совун маҳсулотлари тайёрлаб сотувчи ноқонуний тадбиркорлар.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00